“Британча” коронавирусни аниқлаш жараёни қандай кечди? Вазирлик маълумот берди
Жамият
−
31 Январь 2021
10828Аввалроқ, дунёда тезлик билан тарқалаётган коронавируснинг “британча штамми” Ўзбекистонда ҳам аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори ўринбосари, профессор Алишер Абдуллаев коронавируснинг “британча штамм”ни аниқлаш жараёни ҳақида маълумот берди.
“Британча штамм”ни генетик аниқлаш жараёнига тахминан 5 кун вақт сарфланди. Бу жараён анчайин мураккаб бўлиб, ҳар бир босқичини алоҳида назорат қилиш талаб этилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу усул, яъни махсус праймерлар марказимиз олимлари томонидан мустақил равишда яратилган.
Шу кунгача марказимиз томонидан “Британия штамми” мавжудлиги эҳтимоли бўлган COVID-19 вируси аниқланган 33 нафар беморнинг бурун бўшлиғидан олинган суртмалар текширилди”, деган Алишер Абдуллаев
Биринчи босқичда барча тақдим этилган намуналарнинг коронавирус РНКси ДНК шаклга ўтказилган. Сабаби, вирус РНК шаклда бўлиб, у билан ишлаш учун уни аввал ДНК шаклга ўтказиш талаб этилади.
Иккинчи босқич – Real Time PCR реакцияси ёрдамида “британча штамм”нинг маркер мутацияси скрининги ўтказилган.
“Бу усул ҳам бизнинг олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, илк бор реал беморлар таҳлилида қўлланилди. Бир пайтнинг ўзида бу усулни оптималлаштиришимизга тўғри келди ва бир қатор такрор тажрибалар ўтказиб, хатога йўл қўймаганимизни текширдик. Айнан мана шу босқичда биз шубҳали намунани аниқладик, аммо мазкур намунунада “британча штамм”га хос бўлган қатор бошқа мутациялар ҳам мавжуд эканига ишонч ҳосил қилишимиз керак эди”, деган мутахассис сўзида давом этиб.
Сўнгра намуна секвенлашга (генларнинг ДНК кетма-кетлигини аниқлашга) тайёрланган. Бунинг учун коронавирус геноми участкалари сунъий шароитда кўпайтирилиб, тозаланган.
Алишер Абдуллаевга кўра, бу энг қийин жараён ҳисобланади, негаки бир қатор реакциялар қўлда амалга оширилади. Кейин эса ДНКнинг қайта ишланган ва тайёрланган бўлаклари аппаратга – секвенаторга жойланган ва бевосита генетик таҳлили қилинган.
Секвенлаш ишлари SeqStudio (Applied Biosystems, USA) ген анализаторида амалга оширилган. Мазкур ускуна марказ томондан бир неча ой аввал айнан коронавируснинг генетик кетма-кетлигини аниқлаш мақсадида харид қилинганди. “Британча штамм”ни аниқлаш учун вирус штаммининг ORF1ab кодланган ҳудуди мутациялари ва S гени мутациялари мақсадли участка сифатида танлаб олинган.
“Шу ўринда биз битта эмас, балки ҳар бир мутация учун алоҳида таҳлиллар ўтказганимизни таъкидлаш жоиз. Бу синовлар илк бора амалга оширилаётгани учун хатога йўл қўймаслик ўта муҳимлигини эътиборга олиш лозим.
Ва сўнгги босқич, бу – натижаларни компьютерда қайта ишлаб, халқаро маълумотлар базасидаги кетма-кетликлар билан солиштириш бўлди. "Британча штамм"га хос қатор мутациялар мавжудлиги тасдиқланганидан кейингина, маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди”, дейди Алишер Абдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда вирус оиласи билан Дубайга бориб келган 10 ёшли қизда аниқланди. У жорий йилнинг 23 январида Тошкентга қайтган.
LiveБарчаси