Бразилияда самолёт ҳалокатга учради. Экипаж ва йўловчилар вафот этди (видео)
Олам
−
10 Август
9482Кеча, 9 август куни Бразилиядан учган самолёт йўловчилари билан ҳалокатга учради. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Voepass-Paulo минтақавий авиакомпанияси маълумотларига кўра, Каскавелдан Сан-Паулу халқаро аэропортига учаётган АТR-72 йўловчи самолёти маҳаллий вақт билан соат 13:30 да Сан-Паулудан 80 км шимоли-ғарбда жойлашган Виньеду шаҳрига қулаган. Фожиа оқибатида бортдаги барча 61 киши, жумладан 57 йўловчи ва 4 экипаж аъзоси ҳалок бўлди.
Ижтимоий тармоқларга сиздирилган видеода АТR-72 самолёти бошқарувни йўқотиб, тураржой бинолари яқинидаги дарахтлар ортига қулаганини кўриш мумкин.
Яқин атрофдаги уйда яшовчи, воқеа гувоҳи Даниэль де Лиманинг айтишича, у қаттиқ шовқинни эшитган, кейин деразадан ташқарига қараган ва самолёт спираль шаклида айланаётгани, лекин олдинга силжимаётганини кўрган.
“У айланарди, лекин олдинга силжимасди. Кўп ўтмай, у осмондан тушиб, портлади”, дейди у.
Маҳаллий ҳокимият вакилларининг айтишича, самолёт тураржой мажмуасидаги уйлардан бирига зарар етказган, бироқ ҳеч ким жабрланмаган.
“Ишончим комилки, учувчи яқин атрофдаги аҳоли зич жойлашган ҳудуддан қочишга ҳаракат қилган”, дея қўшимча қилди гувоҳ.
Парвозлар хавфсизлиги бўйича америкалик эксперт Энтони Брикхауснинг таъкидлашича, бошқарув йўқолишига об-ҳаво шароити ёки двигателлар ва бошқарув тизимларидаги носозликлар сабаб бўлиши мумкин. Бироқ фалокатга аниқ нима сабаб бўлгани маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москвада Superjet 100 самолёти ҳалокатга учраганди.
LiveБарчаси