Бойсунда яна водород сульфиди отилди (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кофрун” МФЙда жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуасига қарашли 202-сонли қувурда содир бўлган техник носозлик сабаб водород сульфиди отилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят Экология, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Санитария-эпидемиология хизмати ҳамда бошқа мутасадди идоралар ўрганиш ишлари олиб борилган. 

Ўрганиш жараёнида жорий йилнинг 8 июнь куни “Кофрун” МФЙдаги жами 5 та нуқтада соат 08:00 дан 11:00 гача турли ўлчов ускуналари орқали атмосфера ҳавосидаги водород сульфид (H₂S) гази миқдори назорат қилинган.

Жумладан, авария содир бўлган қудуқ атрофида (500 м), шарқий, ғарбий ва шимолий йўналишларда 1000 м дан 3000 м гача бўлган масофаларда ҳамда “Кофрун” МФЙда (1500 м) олиб борилган ўлчов натижаларига кўра, барча нуқталарда водород сульфид даражаси меъёрдан ошмагани аниқланган. 

Ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ томонидан атмосфера ҳавосини ўрганиш ва мониторинг қилиш ишлари ҳудудда доимий равишда олиб борилиши белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 сентябрь куни айнан ушбу маҳалладаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борган. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлаганди. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтган. Кейинроқ эса ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этгани маълум бўлди. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. 17 сентябрь куни ҳам соат 16:00 ларда конга қарашли 604-сон қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

Бойсун Мустақилликнинг 25 йиллиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг