Бойсунда газ сизиб чиқишидан ҳалок бўлганлар сони ортди

Жамият

image

Кеча, 17 сентябрь куни соат 16:00 ларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Кофрун” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) конига қарашли 604-сон қудуғининг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиққан. Бу ҳақда бугун,18 сентябрь куни Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Билдирилишича, ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этган. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. Кечанинг ўзида уларнинг 10 нафарига уйига жавоб берилган. 

Айни пайтда бу ерга тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан барча зарурий ишлар олиб борилмоқда. 

Брифинг иштирокчиларнинг “Нега бу ҳодиса яна такрорланди?” дея берган саволига Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу мазкур коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан бевосита боғлиқлигини айтди. 

Хусусан, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони маъмурий жиҳатдан Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган. Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади. 

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борди. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди.  Бугун, 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлади. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Бойсун Мустақилликнинг 25 йиллиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made