Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими бўлди
Жамият
−
22 Январь 2021
12638Бугун, 22 январь куни Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил ноябрь ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Ботир Комилович Зарипов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.
"Вилоятни бошқариш, одамларни сафарбар қилиш осон иш эмас. Буни Зариповнинг ўзиям тушуняпти. Мен уни турли лавозимларда синаганман, охирги уч ойда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизлар ҳам синадингиз. Бухоронинг сувини ичиб, чангини ютиб улғайган йигит вилоят шароитини яхши билади. Энг муҳими, бухороликларни яхши кўради", деди Шавкат Мирзиёев.
Ботир Зарипов 1969 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган. 2016-2020 йилларда республика қурилиш материаллари саноатини бошқарган.
Халқ депутатлари, оқсоқоллар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Ботир Зарипов Бухоро вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
"Бухорои шарифдек жойга, унинг буюк халқига раҳбар бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ана шу ишонч доим қулоғингиз остида турсин. Кунлар, йиллар шиддат билан ўтади. Агар бухороликлар «вилоятимизга тўғри кадр келган экан», деб рози бўлса, мен ҳам ўзимни бахтиёр сезаман", деди Президент.
Йиғилиш давом этмоқда.
Маълумот учун, Ботир Зарипов 2020 йил 7 ноябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Унгача у “Ўзқурилишматериаллари” уюшмаси раиси лавозимида фаолият олиб борган.