Бухоро ҳокими коронавирусга чалинди. Вилоятнинг икки собиқ ҳокими вирусдан вафот этганди
Жамият
−
03 Июль 2021
10444Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов коронавирусга чалинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳоким Зарипов Тошкентда даволанмоқда. Касаллик унда енгил ўтяпти. Вилоят раҳбари фуқаролар билан учрашувда вирус юқтирган бўлиши мумкин.
Ботир Зарипов қачон ва қандай қилиб вирус юқтиргани бўйича батафсил маълумот олиш учун вилоят ҳокимлиги Матбуот котиби Олим Жўраев билан боғланишнинг имкони бўлмади. Ҳокимликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ҳам Зариповнинг аҳволи ҳақида расмий маълумот берилмади.
Маълумот учун, Бухоро вилоятининг аввалги ҳокими Карим Камолов ўтган йилнинг 22 август куни коронавирус инфекциясидан вафот этганди.
Шунингдек, Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев ҳам ўтган йилнинг 20 сентябрь куни коронавирус инфекцияси асоратларидан вафот этганди. Барноев 2016 йил декабридан 2020 йил 28 февралигача Бухоро вилоятига ҳокими бўлган.