“Ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан”. Бухоро ҳокимининг гапи норозиликка сабаб бўлмоқда (видео)
Жамият
−
13 Июнь 24297 4 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг бир гуруҳ амалдорларга қандайдир бинони бузиб ташлаш бўйича топшириқ бергани ва уларнинг ичидаги одами билан кўмиб ташлаш кераклигини айтгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги раддия берди.
“Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан. Мўмин. Суд-пуд демасдан бўзиб ташлайсан. Бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, дейди ҳоким Ботир Зарипов ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган видеода.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 май куни ҳоким Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган.
Билдирилишича, 140 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса 1961 йилда қурилган ва ҳозирда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ўтказилган хатловга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиб, боғчада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳокимлик ахборот хизматига кўра, ўрганиш чоғида вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қисқа муддатда якунлаш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва соҳа масъулларига топшириқлар берган.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида Зарипов давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмагани, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилгани, бундан ташқари боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганлиги юзасидан эътирозларини билдирган.
“Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари зиммасига муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, кузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш, шунингдек, муассаса ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш вазифалари юклатилган”, дейилади хабарда.
Ҳокимликнинг иддао қилишича, видеолавҳада тилга олинган “бузиб ташла” жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфиёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилган.
“Бунда, вилоят ҳокими томонидан 140 нафар боғча тарбияланувчиларини хавфсизлиги ҳамда юз бериши мумкин бўлган турли нохуш, ноқонуний ҳолатларни олдини олиш – асосий мақсад бўлган”, дейилади раддияда.
Бухоро ҳокимлигининг қўшимча қилишича, тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилари айнан шу жумлани “ҳоким хусусий боғчаларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ беряпти” тарзида муҳокама қилмоқда. Бу эса мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Шунингдек, ҳокимлик вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарига “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилгани, ноқонуний йўлак бартараф этилгани ҳамда ўрганиш олиб борилган 2-сон давлат мактабгача таълим таълим муассасасидаги жараён тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилгани ва шу тариқа кенг тарқалганини ёзган.
“Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчимиз, вилоятда қонун устуворлиги таъминланади, биронта ноқонуний бузилиш қилинмайди. Ушбу ҳолатда вилоят ҳокими томонидан топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келган”, дейилади ҳокимлик раддиясида.
Аммо ижтимоий тармоқлар ҳокимлик таъкидлаганидек, хусусий боғчаларнинг бузилишига эътибор қаратмаган. Улар ҳокимнинг “ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан”, деган қўпол жумласини назарда тутяпти, лекин ҳокимлик ўз раддиясида бу ибора нима сабабдан тилга олингани ҳақида ҳеч нарса билдирмаган.
“Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан. Суд-пуд демасдан бузиб ташлайсан. Бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, деган Зарипов.
Шу ўринда яна ҳокимнинг “суд-пуд демасдан бузиб ташлайсан”, деган жумласига эътибор бериш керак. Бунда Зарипов суд қарорини инобатга олиш керак эмаслигини айтган. Ваҳоланки, Ўзбекистонда воқеага ёки низога расмий қарор чиқаришда суд ҳокимиятининг устунлиги мавжуд, яъни суд қарори – якуний ва мажбурий ҳуқуқий кучга эга. Ҳокимда эса бундай ваколат йўқ. У ижро ҳокимияти вакили, яъни қарор ижросини таъминлайди. Вилоят, туман ва шаҳар миқёсида қарорлар қабул қилади (масалан, ер ажратиш, тадбир ўтказиш, инфратузилма). Лекин бу қарорлар суд қарорларига зид бўлиши мумкин эмас. Агар бирор фуқаро ёки ташкилот ҳоким қароридан норози бўлса, судга мурожаат қилиб, уни бекор қилдира олади.
Қолаверса, Конституциянинг 138- моддасига кўра, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир. Бу эса суд қарорларига ҳокимлар ҳам бўйсуниши кераклигини англатади.