Бошқирдистонда оммавий тартибсизликлар бўлди

Олам

image

Россия Федерацияси таркибидаги Бошқирдистон республикасида оммавий тартибсизликлар юз берди.  Баймак шаҳрида содир бўлган намойишдан кейин Россия Федерацияси Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қилиш моддалари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Одамлар нега йиғилганди?

Тергов қўмитасининг хабар беришича, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Бошқирдистон аҳолисини Баймакский туман суди яқинида норозилик акцияси ташкил этишга чақириқлар тарқалган. Тўполонларга террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган блогер Фаил Алчинов устидан ўтказилган суд жараёни сабаб қилиб келтирилмоқда. Мувофиқлаштирилмаган намойиш иштирокчилари Алчиновни озод қилишни талаб қилган. Намойишчилар полиция билан тўқнаш келган.

“Зўравонлик, жумладан, қурол сифатида фойдаланилган буюмларни қўллаш билан кечган оммавий тартибсизликлар чоғида бир неча киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам тан жароҳати олди”, дейилади Россия Федерацияси Тергов қўмитаси хабарида.

Бошқирдистон полицияси тартибсизликларни бостириш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланган. Республика прокуратураси Баймакдаги тўқнашувлар натижасида жабрланганлар учун ишонч телефони ташкил қилган.

Алчинов нега судланди?

Кеча, 17 январь куни Баймак суди Фаил Алчинов иши бўйича ҳукм чиқарди. Унга нафрат ва адоват қўзғатиш моддаси бўйича айблов қўйилган.

Маълум қилинишича, 2023 йил 28 апрель куни Алчинов қишлоқ маданият маркази ёнидаги фуқаролар йиғинида “арман, кавказлик ва марказий осиёлик шахсларга нисбатан салбий мазмундаги” нутқ сўзлаган. Ўтган йили у минтақада олтин қазиб олишга қарши митингларда ҳам қатнашган.

Терговчиларнинг таъкидлашича, Алчинов конларда ишлаётган муҳожирларга қарши гапирган. Унинг баёнотлари нафрат қўзғатиш белгиси сифатида баҳоланиб, Алчинов экстремизмда айбланган. Тилшунослик текшируви шуни кўрсатганки, у Бошқирдистон аҳолисига нисбатан "қора халқ" иборасини қўллаган. Алчинов эса у бу билан "оддий одамлар" ни назарда тутганини таъкидлаган.

Аввалига суд Алчиновга нисбатан ҳукмни 15 январь куни эълон қилиши керак эди, бироқ суд мажлиси кейинга қолдирилди. У ёпиқ форматда ўтказилди.  

Суд биноси олдида бир неча минг киши норозилик намойиши ўтказди. РИА Новости хабарига кўра, Баймакдаги тартибсизликлардан сўнг 6 нафар шахс ҳибсга олинган. Уфанинг Кировский туман суди уларнинг беш нафарига 10 кун, яна бирига 13 кун қамоқ жазоси тайинлади.

Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги тўполонлардан жабрланганларга ёрдам кўрсатилаётганини, уларнинг ҳеч бири шифохонага ётқизишни талаб қилинмаслигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия оммавий тартибсизлик Бошқирдистон Фаил Алчинов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг