Бош вазирнинг рекорд даражадаги янги маоши қанчалиги очиқланди

Олам

image

Сингапур Бош вазири Лоуренс Вонгнинг йиллик ҳисобланган маоши 2,2 миллион Сингапур долларидан 3,6 миллион долларга оширилади. Бу ҳақда Сингапур ҳукумати хабар берди.

Қайд этилишича, Сингапурда вазирлар маоши масаласида янгиланишлар ва қиймат ошиши бўлмоқда. Янги ўзгаришлар мамлакатда вазирлар учун дунёдаги энг юқори ҳисобланган маошларни яна 60 фоиздан ортиққа оширади. Сингапур ҳукумати юқори маошлар малакали мутахассисларни сиёсатга жалб қилиш ва самарали бошқарувни таъминлаш учун зарурлигини таъкидлаб келади.

Маълум қилинишича, Бош вазирнинг янги ҳисобланган йиллик маоши 3,6 миллион Сингапур доллари, яъни тахминан 2,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бош вазир ўринбосарининг маоши 1,8 миллиондан 3 миллион Сингапур долларига оширилади.

Вазирлар эса лавозими ва масъулиятига қараб йилига 1,8 миллиондан 2,8 миллион Сингапур долларигача маош олади.

Вонг ўз маошига қўшиладиган қўшимча маблағларнинг барчасини бош вазирлик муддати давомида “муносиб хайрия мақсадлари”га беришини билдирган.

Маош оширилишидан олдин ҳам Сингапур Бош вазирининг даромади кўплаб йирик давлатлар раҳбарлариникидан анча юқори эди. Масалан, АҚШ Президенти йилига 400 минг доллар, Буюк Британия Бош вазири эса тахминан 230 минг доллар маош олади.

“Сиёсий маошлар мураккаб ва ҳиссий масала. Бу маблағлар аксарият фуқароларнинг даромадидан анча юқори, шунинг учун сингапурликлар уларни диққат билан кузатиши ва масалага жиддий муносабат билдириши тушунарли”, деган Вонг.

Унинг таъкидлашича, масала аслида Сингапур келгуси ўн йилликларда мамлакатни ривожлантириш учун зарур бўлган сифатли сиёсий раҳбарликни сақлаб қола оладими, деган саволга бориб тақалади.

“Биз учун бошланғич нуқта шу: яхши бошқарув яхши раҳбарликка боғлиқ”, деган Бош вазир.

Маълумот учун, Жануби-Шарқий Осиё мамлакати вазирлар маошини сўнгги марта 15 йил аввал қайта кўриб чиққан. Сингапур мунтазам равишда дунёда коррупция даражаси энг паст бўлган мамлакатлар қаторига киради.

Вонгнинг айтишича, маошларни ошириш мустақил комиссия тавсияси асосида амалга оширилган. Бироқ амалдаги раҳбарлар янги маош миқдорига дарҳол ўтказилмайди. Уларга 15 октябрдан бошлаб индивидуал ҳолат, жумладан, фаолият натижаларини ҳисобга олган ҳолда, 9 фоизгача бир марталик қўшимча тўлов берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сингапур ҳукумати мамлакатда туғилиш кўрсаткичи пасайиб бораётгани сабабли оилаларни фарзандли бўлишга рағбатлантиришга қаратилган янги чораларни эълон қилганди. Унга кўра, ҳар бир фарзанд учун 17 ёшга тўлгунига қадар қарийб 70 минг Сингапур доллари, яъни тахминан 55 минг АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг