Бош вазирлар жанги: Орбан тарафдорларини Мадьярнинг “зулми”га қарши туришга чақирди

World

image

Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбан апрель ойидаги сайловда 16 йиллик ҳокимиятига якун ясалганидан сўнг илк бор кескин сиёсий баёнот билан чиқиб, тарафдорларини мамлакатда демократияни тиклашга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 21 июль куни кечқурун Facebook саҳифасида “Қаршилик баёноти”да сўз очди.

Бу Орбаннинг “Fidesz” партияси прокуратура партия интернет серверлари жойлашган биноларда тинтув ўтказганини маълум қилганидан кўп ўтмай содир бўлди. Прокуратура тинтув Орбан ҳукумати давридаги Миллий маданият жамғармасида “ўзлаштириш ва бошқа жиноятлар” бўйича тергов билан боғлиқ эканини билдирган.

Собиқ бош вазир журналистларга прокурорлар партия аъзоларининг маълумотлар базаси ва электрон хатлари сақланган серверларни олиб кетганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу “Fidesz” партияси фаолиятини қонуний жиҳатдан имконсиз қилишга қаратилган сиёсий ҳаракатдир.

“Миллий маданият жамғармаси билан боғлиқ масала фақат баҳона эди”, деган Орбан ва ҳеч қандай қонунбузарлик бўлмаганини таъкидлаган.

Орбан Facebook'даги баёнотида Бош вазир Петер Мадьяр бошчилигидаги янги марказ-ўнг ҳукумат Президент ва Конституциявий суд раиси ваколатларини муддатидан аввал тугатувчи конституциявий ўзгартишларни қабул қилгач, Венгрия “демократик давлат бўлишдан тўхтаганини” айтган.

“Tisza” партияси эса сиёсий рақибларга нисбатан авторитар сиёсат юритаётганини рад этмоқда. Партия коррупцияга қарши курашиш ва Венгрияни яна Европа Иттифоқининг асосий сиёсий йўлига қайтаришни мақсад қилганини билдирган. Унинг таъкидлашича, коррупция Орбан ҳукумати даврида кенг тарқалган.

Орбан эса коррупция ҳақидаги айбловларни инкор этиб келади.

“Шу тариқа яратилган янги сиёсий тизим ноқонунийдир... “Fidesz” парламент ичида ҳам, ташқарисида ҳам ҳокимият суиистеъмол қилинишига қарши барча тинч воситалардан фойдаланади”, деган Орбан.

Петер Мадьярнинг “Tisza” партияси парламентда конституцияни ўзгартириш имконини берувчи кўпчилик тарафдорларига эга. Мадьярнинг айтишича, бу Орбан даврида қабул қилинган ва демократияга зарар етказган қонунларни бекор қилиш имконини беради.

Шу ой бошида Median социологик маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, “Tisza” партиясини аҳолининг 60 фоизи қўллаб-қувватламоқда. “Fidesz” партияси рейтинги эса 18 фоизни ташкил этган. Сайловдан кейин “Fidesz” партиясида ички инқироз кучайиб, ўтган ҳафта унинг парламентдаги фракцияси раҳбари истеъфога чиққан.

Эслатиб ўтамиз, конституциявий ўзгартишлар 2024 йилда “Fidesz” партияси депутатлари томонидан сайланган Президент Тамаш Шуйокнинг ваколатини муддатидан аввал тугатди. Ҳужжатда бунга жамиятнинг унга бўлган “жиддий ишончсизлиги” сабаб қилиб кўрсатилган.

Шундан сўнг, Венгрия Бош вазири Петер Мадьяр мамлакатнинг кейинги президенти лавозимига барча даврларнинг энг кучли аёл шахматчиси сифатида тан олинган Юдит Полгар номзодини таклиф қилган эди.

Бироқ Юдит Полгар бу таклифни рад этди. Яқин кунларда парламент янги президентни сайлаши кутилмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends