Петер Мадьяр шахмат афсонасини Венгрия президентлигига таклиф қилди
Олам
−
20 июл 4919 2 дақиқа
Венгрия Бош вазири Петер Мадьяр мамлакатнинг кейинги президенти лавозимига барча даврларнинг энг кучли аёл шахматчиси сифатида тан олинган Юдит Полгар номзодини таклиф қилди. Бу ҳақда Мадьяр кеча, ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Бош вазирнинг ёзишича, 49 ёшли Полгар миллат бирлигининг рамзи бўла олади. Унинг айтишича, бугун, 20 июль куни Полгар билан учрашиб, президентликка номзод бўлиш таклифини қабул қилиш-қилмаслигини сўрайди.
“Эртага у билан учрашаман ва янги Конституция қабул қилингунига қадар мамлакатимизга янги мақомда хизмат қилишга тайёрми-йўқми, шуни сўрайман”, деб ёзган Мадьяр Facebook саҳифасида.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Юдит Полгарнинг номи ўнлаб йиллар давомида истеъдод ва матонат рамзи бўлиб келмоқда.
Бу баёнот Президент Тамаш Шуйок Мадьяр раҳбарлигидаги ҳукмрон “Тиса” партияси қабул қилган конституциявий тузатишни имзолаганидан бир кун ўтиб янгради. Мазкур тузатиш Шуйокнинг давлат раҳбари сифатидаги ваколатларини тугатади.
Қонун Мадьярнинг апрель ойидаги сайловларда йирик ғалабадан сўнг собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг ҳокимиятдаги таъсирини бартараф этишга қаратилган ислоҳотлари доирасида қабул қилинган. Мадьяр бу ислоҳотлар учун сайловчилардан кучли мандат олганини таъкидлаб келмоқда.
Ҳозирда парламентда учдан икки қисмига эга бўлган “Тиса” партияси исталган қонунни ўзгартириш имкониятига эга. Янги президент янги Конституция кучга киргунига қадар ёки кўпи билан беш йил муддатга сайланади.
Маълумот учун, Юдит Полгар опалари Жужа (Сьюзан) ва Жофия (София), шунингдек Илдико Мадл билан бирга 1988 йилги Шахмат олимпиадасида Венгрия аёллар жамоасини ғалабага олиб чиққан ва Совет Иттифоқининг узоқ йиллик устунлигига барҳам берган.
Полгар эркаклар иштирок этган турнирларда мунтазам қатнашиб, шахмат тарихидаги энг кучли ўйинчилардан бирига айланган. У 2700 рейтинг чегарасидан ошган ягона аёл шахматчи бўлиб, бу кўрсаткич кўпчилик томонидан “Супер гроссмейстер” даражаси сифатида баҳоланади. Шунингдек, жорий йил февраль ойида Netflix платформасида Полгар ҳақидаги “Queen of Chess” (“Шахмат қироличаси”) номли ҳужжатли фильм намойиш этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгриянинг янги сайланган Бош вазири Петер Мадьяр парламентда мамлакат Президентига нисбатан импичмент (лавозимидан четлатиш) жараёнини бошлаш ниятида эканини маълум қилганди.
Live
Барчаси