Қуриётган Дунай: сувсизланиш сабаб икки мамлакат АЭСлари “комада” қолмоқда

World

image

Венгрияда рекорд даражада пасайган Дунай дарёси сув сатҳи туфайли қуввати кескин қисқарган “Пакш” атом электр станцияси тўлиқ тўхтаб қолиш арафасида бўлган, аммо сув сатҳининг бироз кўтарилиши станция фаолиятини сақлаб қолишга имкон берди. Бу ҳақда кеча, 4 июль куни мамлакат Бош вазири Петер Мадяр маълум қилди.

Унинг айтишича, 4 августга ўтар кечаси соат 01:30 атрофида АЭСни тўлиқ тўхтатишга “бир неча миллиметр” қолган, аммо сув сатҳи пасайишдан тўхтаб, эрталабга келиб 1,5 сантиметрга кўтарилган. Ҳозирда станциянинг сўнгги ишлаб турган турбинаси хавфсиз режимда фаолият юритмоқда.

Дунай суви рекорд даражагача пасайгани сабабли станция совитиш учун етарли сув ололмаяпти ва ҳозирда қувватининг атиги 10 фоиздан сал кўпроғи билан ишламоқда.

Энергетика вазири Иштван Капитанининг маълум қилишича, мамлакатда жорий этилган энергия тежаш чоралари электр тармоғи барқарорлигини сақлашга ёрдам берган. Айрим компаниялар иш жараёнларини ўзгартирган. Жумладан, Lidl дўконлари нон ёпиш вақтларини кўчирган, ичимлик совутгичларини вақтинча ўчирган, автотураргоҳлардаги электромобил қувватлаш шохобчалари эса соат 17:00 гача ишлай бошлаган.

Қўшни Руминияда ҳам Дунайдаги сув сатҳини ошириш мақсадида назоратли портлатиш ишлари амалга оширилган. Ҳукумат маълумотига кўра, бу орқали сув сатҳи 2 сантиметрга кўтарилган ва бу мамлакатнинг “Чернаводэ” атом электр станциясини яқин кунларда совитишга ёрдам беради. Шу билан бирга, сув оқимини янада кўпайтириш учун эски баржаларни чўктириш режалаштирилган.

Синоптиклар маълумотига кўра, Руминиянинг катта қисмида ҳаво ҳарорати яна 40 даражадан юқори бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Петер Мадьяр Дунайдаги сув сатҳининг 44 йил ичида илк бор рекорд даражада пасайиб кетиши сабабли мамлакатдаги ягона “Пакш” АЭС фаолияти тўхтатилишини эълон қилган эди.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends