Бош прокурор, Мудофаа ва Ички ишлар вазирларига янги унвонлар берилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонлари билан Ўзбекистон Бош прокурори, Мудофаа ва Ички ишлар вазирларига янги унвонлар берилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Тўлқинович Йўлдашевга 2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси махсус унвони берилди. У 2019 йилдан буён Ўзбекистон Бош прокурори вазифасида ишлаб келмоқда. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Бош прокурорнинг ваколат муддати 5 йилни ташкил қилади. Ниғматилла Йўлдошев ваколат муддати 2024 йилда тугагани сабабли Бош прокурор лавозимини кўриб чиқиш масаласи Сенатда муҳокама қилиниб, у лавозимга қайта тайинланди.

Ниғматилла Йўлдошев 1962 йил 5 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг юриспруденция факультетини тамомлаган. У фаолияти давомида прокуратура терговчиси, Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи, Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг прокуратура идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, Бош прокурор ўринбосари, Адлия вазири, Сенат Раиси лавозимларда ишлаган. 2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Конституцияга кўра, Олий Мажлис палаталарининг қарори билан Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. 2016 йил 8 сентябрь куни эса Президент ваколатларини бажариш масъулиятини вақтинчалик Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширишини эълон қилган. 2019 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Бош прокурор этиб тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Шуҳрат Ғайратжанович Халмуҳаммедовга генерал-лейтенант ҳарбий унвони берилди. У ўтган йил ноябрдан бери ушбу лавозимда ишлаб келмоқда. 2021 йил 23 мартда Президент фармони билан Шуҳрат Холмуҳаммедовга генерал-майор ҳарбий унвони берилган. У Мудофаа вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари каби лавозимларда ҳам фаолият юритган. 2016 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Азиз Анварович Тошпўлатовга ҳам генерал-лейтенант махсус унвони берилди. У жорий йил март ойидан бери вазир лавозимида ишлаб келмоқда. Бунгача у Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Азиз Тошпўлатов Шуҳрат Халмуҳаммедов Ниғматилла Йўлдашев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг