Вазир Тошпўлатов Бухоро ИИБда ҳам “тозалаш” ўтказди

Жамият

image

Бухоро вилоятида Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг буйруғи билан тизимдаги қатор мансабдор шахслар, хусусан, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари ва вилоят ИИБ Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисоб маълумотлар маркази бошлиғи ишдан олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бухоро вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари бўйича Ички ишлар вазири генерал-майор Азиз Тошпўлатов томонидан вилоят ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органларининг масъул раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирокида ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятдаги ўрганиш якунларига кўра, ҳар бир шаҳар ва туман кесимида жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, уларга хизмат кўрсатиш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ходимларнинг ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этиш масалалари танқидий муҳокама қилинган.

Комплекс инспекторлик текшируви натижаларига кўра, хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланган.

Жумладан, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи, вилоят ИИБ Ҳуқуқий статистика ва тезкор ҳисоб маълумотлар маркази бошлиғи, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув хизмати бошлиғи ҳамда яна бир ўринбосари – Тергов бўлими бошлиғи, шунингдек, Когон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув хизмати бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, Тергов бошқармаси бошлиғининг икки нафар ўринбосари, вилоят ИИБ Котибият бошлиғи, Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, Когон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқларига интизомий жазолар қўлланган.

“Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари ҳамда таклифлари тингланди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, вилоят ИИБ ҳамда туман-шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш ҳамда ечимини кутаётган бошқа масалалар юзасидан истиқболли вазифалар режалаштирилди”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, март ойида Қашқадарё вилоятида Азиз Тошпўлатовнинг буйруғи билан тизимдаги қатор мансабдор шахслар, хусусан, Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқлари ишдан олинганди. Бунга уларнинг хизмат фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни 2017 йилдан бери Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов Ички ишлар вазири этиб тайинланди. Тошкент шаҳар ИИББга эса Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган полковник Равшан Султонхўжаев тайинланди.

Равшан Султонхўжаевнинг ўрнига эса Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган полковник Абдумажид Шермуҳаммедов Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи тайинланди. Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаб келган полковник Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро ИИБ Азиз Тошпўлатов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг