Бош муфтийга суиқасд қилишга уринганларнинг шахси очиқланди
Олам
−
13 Февраль 9415 3 дақиқа
Аввалроқ, Тожикистонда мамлакат бош муфтийси Абдулқодирзода Саидмукаррамга пичоқ билан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган эдик. Оқибатда муфтий яраланган, бироқ уни шифохонага ётқизиш талаб қилинмаганди. Ҳужум қилган шахс эса қўлга олиниб, унга нисбатан жиноий иш очилганди. Йигит эса 26 йилга қамалганди. Мамлакат Олий суди бугун, 13 февраль куни муфтийга ҳужум қилганликда айбланганлар исмини эълон қилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Унга кўра, бу ишда айбдор деб топилган ва жами 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган йигитнинг исми Муҳаммадрофе Иззатулозода деб кўрсатилган.
У Тожикистон Жиноят кодексининг 179-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан миллий, ирқий, минтақавий, диний адоват асосида олдиндан тил бириктириб содир этилган терроризм), 32-моддаси 3-қисми (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга суиқасд қилиш) ва 104-моддаси (қотиллик) 2-қисми билан айбдор деб топилган.
Иккинчи айбдорнинг исми эса Маҳмадхон Шодихонов бўлиб, у Жиноят кодексининг икки моддаси – 179-модданинг (терроризм) 2-қисми ва 36-модданинг 5-қисми билан 13 йилга, Учинчи йигит – Қиёмиддин Файзуллоев эса 347-модданинг 1-қисми (жиноят ҳақида хабар бермаслик) билан икки йилга озодликдан маҳрум этилди.
Олий суди раҳбари Рустам Мирзозоданинг тушунтиришича, иш аввалига безорилик тоифаси бўйича бўлган, бироқ дастлабки тергов давомида янги ҳолатлар аниқланган ва экспертиза жиноятда экстремизм белгилари борлигини тасдиқлаган.
Маълумот учун, воқеа 2024 йилнинг 11 сентябрь куни Душанбе марказий масжиди ёнида рўй берган. Номаълум шахс Абдулқодирзода Саидмукаррамга пичоқ билан ҳужум қилганди, оқибатда муфтий пешонасидан яраланганди. Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги бир киши безорилик ниятида муфтийга пичоқ билан ҳужум қилиб, жамоат тартибини бузганини маълум қилди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бироқ ИИВ унинг исми-шарифи ва қайси моддада айбланаётганини ошкор қилмади. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб – ўтган йилнинг 17 октябрь куни Абдулқодирзода “бу йигит экстремист бўлган” дея иш юзасидан изоҳ берганди. Абдулқодирзода Саидмукаррам жорий йилнинг 7 февралдаги жума хутбасида ҳужумчининг 26 йиллик қамоқ муддатини тилга олган, бироқ кейинроқ “Asia-Plus”га берган интервьюсида тафсилотларни айтишдан бош тортган. У ўз ваъзида бу йигитнинг “адашгани, алдангани ва нима қилганини тушунмаганини” айтди. 61 ёшли муфтий Тожикистон Уламолар кенгашини 2010 йилнинг октябридан буён бошқариб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги масжидга ташриф буюрганлардан бири имом ва ибодатчилардан бирига пичоқ билан ҳужум қилганди. Ҳодиса намоз вақтида жамоат аъзоларидан бири масжид ичида ўзини провокацион тута бошлаганида содир бўлган.
Live
Барчаси