“Босар-тусарини билмаган депутат” машмашаси: ким ҳақ-у ким ноҳақ?
Таҳлил
−
19 Апрель 2020
40416Шу кунларда ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси жиддий муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. ва Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида турадиган ички ишлар ходимлари жанжали акс этганди.
Ходимлар депутат машинасининг мажбурий суғурта қилинган санаси эскирганини айтиб, автоуловни жарима майдонига олиб бормоқчи бўлган. У эса депутатлик дахлсизлиги ҳуқуқи мавжудлигини айтиб, бунга уларнинг ҳаққи йўқлини тушунтирган. Кимдир ИИВ ходимларининг мазкур ишини оқлаб, депутатни танқид қилса, кимдир видеода воқеалар тўлиқ акс этмаганини айтиб, эътирозларини билдирмоқда.
“Депутат машмашаси” нимадан бошланди?
Лавҳа депутатлар томонидан (ҳаммаси, айрим дейилмаган) дахлсизлик ҳуқуқи важ қилиниб, ИИВ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, ўз хизмат вазифаларини суистеъмол қилиш ҳолатлари кузатилаётганидан бошланган. Мисол тариқасида айтилган Қўқон шаҳридаги воқеа тушунарли, унда ростан ҳам депутат айб қилганди.
Аммо ушбу ҳолатга, яъни ИИВ ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатига мос тушмаган ва шифокорлар автомобилдан фойдаланишга ҳақли эканини айтиб, ИИВ ходимларини танқид қилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтованинг мисол тариқасида видеода келтирилгани жуда ғалати чиққан. Бу ҳолат рус тилидаги “не в тему” иборасига тушмайдими?
Видеода аввалига депутат Т.М. спорт кийимида бўлган вақти кўрсатилади. Унда депутат гувоҳномаси борлиги ва бу унга машинани мажбурий суғуртасиз бошқариш ҳуқуқи беришини рўкач қилгани кадр ортидаги муаллиф номидан айтилган. Қонунга қарайдиган бўлсак, депутатларда суғуртасиз депутатлик гувоҳномаси асосида машина бошқариш ҳуқуқи мавжуд эмас. Аммо лавҳада айнан депутат шу гапларни айтган қисми қўйилмагани саволларни анчайин кўпайтиради. Балки, депутат шу гапларни айтгандир. Бироқ нега шу қисм видеога қўйилмади?
Лавҳа давомида худди шундай воқеа айнан мана шу депутат билан иккинчи марта юз бергани айтилади. 2020 йил 15 апрель куни соат 21:45 ларда Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. ўзига тегишли бўлган “Matiz” русумли автомашинасида шериги билан бирга, Янгиқўрғондан келаётиб, “Қизилкўприк” постидан Наманган шаҳрига кирмоқчи бўлганида ИИБ ходими томонидан тўхтатилган. Шунда депутат ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи катта инспектори, майор Илҳомжон Абдураҳмоновнинг қонуний талабларини бажармаган. Депутат майорнинг қўлига урганда, унинг қўл телефони ерга тушиб шикастланганлиги айтилади.
Ушбу жараён ҳақиқатда содир бўлган бўлса, бунга албатта ҳуқуқий таъсир чораси кўрилиши шарт. Ҳеч кимнинг ИИВ ходимининг қўлига уриб, қонуний талабларини бажармасликка ҳаққи йўқ. Аммо депутат нима сабабдан инспекторнинг қўлига урган? Ўзидан-ўзи урмаган бўлса керак? Қарс икки қўлдан чиқади, ахир. Қўлига урганлиги ҳақидаги лавҳа қаерда? Гувоҳлар нима дейди? Бу тасвирлар ҳам йўқ.
Бунинг устига, депутатнинг гувоҳи жараённи тасвирга олаётганда ҳарбий кийимдаги шахс унга яқинлашган ва давомий лавҳа кесилган. Ушбу кесилган лавҳа кейинчалик чиқиб келди. Бировнинг шахсий мулки бўлган қўл телефони нима сабабдан ҳарбий хизматчи томонидан тортиб олинмоқчи бўлди? Нега ушбу қисм ҳам ИИВ Ахборот хизмати томонидан тўлиқ шаклда қўйилмади?
Шунингдек, видеода депутат ИИВ ходимига қарата “айнан сиз урдингиз, шаҳар депутатиман, ҳеч қайсингнинг ваколатинг йўқ” деб иддао қилган. Афсус кадр ортидаги муаллиф бу воқеага изоҳ бермаган. Бунда холислик ричаги узилгандек туюлмаяптими, сизга? ИИВ ходими депутатни урганми? Ёки депутат “шантаж” қилмоқдами? Агар ИИВ шу қисмни ҳам тўлиқ қўйганида, воқеа холис ёритилган бўларди, менимча. Аммо депутатнинг “формани еч, камбағал бола эмасман, пулим ўзимга етарли” деган гаплари унинг касб талабларига ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Бироқ шу ерда ҳам лекини борда! У нима сабабдан бу гапларни гапирди? Барибир тўлиқ лавҳа барчасига аниқлик киритган бўларди.
“Шундан сўнг, постда хизмат фаолиятини олиб бораётган Наманган вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори Ҳусанбой Зиёвуддинов депутатнинг ёнига келиб, уни тинчлантирмоқчи бўлган. Депутат эса унинг хизмат кийимидан тортиб, погони ва кўкрак нишонини юлиб, бошқа томонга улоқтириб юборган. Балки бу ҳам депутатнинг ёзилмаган ваколатларидан биридир”, дейди видеолавҳа остидаги муаллиф. Кейин айнан ўша инспектор ўзи чиқиб бу воқеани тасвирлайди.
Ҳа, бу ҳолат жуда ачинарли. Депутатнинг ишини оқлаб бўлмайди, ҳар қанақасига ҳам. Бу қилмиши учун у албатта жазосини олиши керак. Керак бўлса, кенгашда унинг депутатлик фаолиятини давом эттириш масаласи ҳам кўриб чиқилиши тарафдориман. Бироқ бу гувоҳлар кўрсатмаси ёки далиллар асосида ўз исботини топиши керак. "Шантаж"ни ҳамма қилиши мумкин. Аммо шу ўринда ИИВ Ахборот хизматига кичик бир эътирозимни билдирсам. Воқеани тасвирлашда ҳиссиётлардан узоқлашсангиз. Нима бўлганда ҳам расмий ташкилот номидан маълумот улашмоқдасиз. “Балки бу ҳам депутатнинг ёзилмаган ваколатларидан биридир”, дейиш сизларга ярашмайди. Бу билан асл мақсад билдирилиб қўйилгандек гўё, яна билмадим.
Кейин жанжал катталашгач, депутат ИИВга бириктирилган автобусга мажбурлаб олиб чиқилган. Воқеа тафсилотлари шу ерда тугаган. Маълум бўлишича, Наманган шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 16 апрель куни жиноят кодекси 219-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши очилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суд ишга холис баҳо беради деган умиддамиз.
Депутатлар нима дейди?
Шундан сўнг, ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бирма-бир ўз муносабатларини билдира бошлади.
“Лекин менга бу ҳолат гўё шунчаки тасодиф эмас, балки негадур ЙПХ ходимлари томонидан жамоатчилик, халқ орасида депутатларни обрўсизлантириш, уларни ёмон кўрсатиш учун атайин тайёрланган холат каби туюлмоқда. Эҳтимол адашаётгангандирман, лекин видео тасвирни монтаж қилингани, видеода кўрсатилган гаплар контексдан узиб-олиниб кўрсатилганлиги яққол кўриниб турибди. Қолаверса, нега қайта-қайта бу одамни депутатлигига урғу берилмоқда? Aгар қоидани, қонунни бузган бўлса, қонун олдида жавоб берсин, тамом. ТВга олиб чиқиб, ҳамма депутатларни умумий тарзда ёмон отлиқ қилиш керак эмас”, дейди Дониёр Ғаниев.
Депутат бу ва бу каби бошқа депутатларга боғлаб чиқарилган салбий ҳолатлар худди депутатларга “сигнал” бериш учун, огоҳлантириш мақсадида тайёрлангандек туюлганини айтди.
“Қолаверса, бундай қўпол қоида бузарликлар Ички ишлар ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари, ижро ҳокимият вакиллари томонидан содир этилмайдими? Нега улар томонидан бузилган қоидабузарликлар намуна қилиниб, жамоатчиликка ёритилмайди? Ё мен кўрмай қолдимми?, дея ўзининг ҳақли эътирозларини санаган.
Ички ишлар тарғибот йўналишида ҳуқуқбузарларни фуқаро сифатида эмас, жамиятда эгаллаган мансаб ва даражасига қараб ёритиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган кўринади. Ўйлашимча, яқин вақтларда “босар тусарини билмайдиган “тадбиркор”, “прокурор”, “ҳоким”, “солиқчи”, “милиция” каби видеолар ҳам чиқса керак, агар тенглик ва ажратиш бўлмаса, албатта. Чунки ҳамма ҳам одам, хато қилиши мумкин. Кўрамиз”, дейди Расул Кушербоев.
Кушербоев водийдаги маҳаллий Кенгаш депутатларининг қилган ҳуқуқбузарликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини айтиб, ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига нисбатан бундай муносабатни тоқат қилиб бўлмас ҳолат, деб атаган. Депутатми, бошқами ҳамма қонунга бўйсуниши шартлигини айтади. Синовли кунларда жамиятда тартибни сақлаш, карантин тадбирларини ташкил этишда ички ишлар ходимларининг катта хизмат қилаётганлигини алоҳида эътироф этган.
“Энг қизиғи, видеода шифокорларнинг ёнини олган Олий Мажлис депутатининг “Халқ сўзи” газетаси интернет сайтида эълон қилган муносабатини умуман керакмас жойда мажбуран тиқиштириб, тилга олинаётгани кимга ва нимага керак бўлиб қолди? Булар бошқа-бошқа ҳолат-ку. Билмадим-у, бундан яна бир ниманинг ҳиди келаяпти. Лекин “заказ” демадим ҳали”, дея Кушербоев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтованинг мисол келтирилганлигига танқид қилган.
Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Баҳромжон Раҳмоналиев ушбу видеотасвирда депутат айтган сўзлар кўрсатилиб, нега ИИВ масъулларининг гаплари аск этмагани, нима сабабдан видео лавҳа тўлиқлигича тақдим этилмаганини савол остига олган.
“Лавҳани кўрган ҳар қандай одам асосий қаҳрамонга қоидабузар (қонунбузар эмас!) сифатида ачиниш ва хулоса чиқариш ўрнига, депутатга нисбатан нафрат билан қарамайдими? Ҳолатни шунчалик тезкор ва сенсацион эълон қилишдан кўзланган мақсад аслида “депутат” деган шарафли номга, халқ ишончига қора торишми?”, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Жабборов.
Яна айрим депутатлар бу ҳолатда қизиққонлик бўлгани, тарафлар бир-бирини тўғри тушунганда шунча саволлар юзага чиқмаган бўлиши мумкинлигини айтди.
Энди нима бўлади?
Ушбу воеқалардан сўнг, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. воқеага ўз фикрларини қисқача билдириб ўтди. Унга кўра, тортишувда ҳужжатлари аслида жойида бўлган, адашиб, эски суғурта қоғозини кўрсатиб юборган. Депутат ўша ондаёқ янги суғурта қоғозини кўрсатган бўлишига қарамай, лавҳа муаллифи негадир бу қисмларни кўрсатмаганидан таажжубланган. Биз тез орада депутат билан боғланиб, иккинчи тараф сифатида унга минбар бериб, батафсил маълумот олишни мақсад қилганмиз.
Битта видеолавҳа ортидан шунча машмаша келиб чиқмоқда. Бу ўринда иккала тарафда ҳам асосли фикрлар мавжуд. Бир тараф тўлиқ оппоқ ёки иккинчи тараф қоп-қора ҳам эмас. Боя айтганимдек, қарс икки қўлдан чиқади. Айб иккала тарафдан ҳам ўтган бўлиши мумкин.
Аммо шу ўринда бир фикрни айтишни жоиз деб билдим. ИИВ томонидан айнан “депутат” деб тинмай ҳархаша қилиниши қанчалик тўғри? Бу биринчиси эмас. Яқинда “автомат кўтарган бола” воқеасида ҳам “депутатнинг ўғли” деган жумлаларга алоҳида урғу берилди. Бола отасининг, ота боласининг айби учун жавоб бермаслиги деган ҳолатлар ИИВга бегонами?
Холис фикр билдирмоқчи бўлган инсон юқоридаги видеолавҳани кўргач, иккиланиб қолади. Шу сабабли, ИИВ Ахборот хизматидан тўлиқ лавҳаларни ошкор қилишини талаб қиламиз. Воқеа бодикамераларда бошидан-охиригача тасвирлангани аниқ. Бўлмаса, масалага тўлиқ ойдинлик киритилмайди. Жамоатчилик ўша кунги воқеаларни батафсил билишга ҳаққи бор. Баҳони кейин ўзи қўйиб олаверади. ИИВ Ахборот хизматидан изоҳ (тўлиқ) кутамиз. Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич!
LiveБарчаси