Болгария суди Радевнинг истеъфосини тасдиқлади
Олам
−
23 Январь 1291 2 дақиқа
Болгария Конституциявий суди президент Румен Радевнинг истеъфо аризасини расман тасдиқлади. Суд қарорига кўра, унинг президентлик ваколатлари 2026 йил 23 январдан муддатидан олдин тўхтатилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Мамлакат Конституциясига мувофиқ, вице-президент Илияна Йотова автоматик равишда давлат раҳбари лавозимини эгаллади. Шу тариқа у Болгария тарихида Президент бўлган илк аёлга айланди.
Радевнинг яқин орада истеъфога чиқиши 19 январь куни маълум бўлган эди. Болгария Конституциясига кўра, президент истеъфога чиққан тақдирда, унинг ваколатлари вице-президентга ўтади ва у муддат охиригача давлат раҳбари вазифасини бажаради.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг декабрь ойида Болгария ҳукумати баҳсли бюджет лойиҳаси сабабли юзага келган оммавий норозиликлар фонида истеъфога чиққан эди. Президент ҳам ҳукуматни истеъфога чиқишга чақириб, мамлакат қонун устуворлигини ва давлатчиликни қайта тиклайдиган ҳақиқий ўзгаришларга муҳтож эканини билдирган.
Ўша пайтда коррупция ва кўплаб соҳалардаги муваффақиятсизликлар сабабли ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтган.
Маълумот учун, Радев Болгария Президенти лавозимини тўққиз йил – 2017 йил январидан буён эгаллаб келаётган эди. Радев ўз фаолияти давомида Болгария Европа интеграциясини якунлагани, Шенген ҳудуди ва евроҳудудга аъзо бўлганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 10 июнь куни Болгария Президенти Румен Радев Ўзбекистонга келганди. У Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказган.
Live
Барчаси