Болалар Омбудсмани Фарғонада ИИБдан бола жасади чиққани ҳақидаги хабарларга “тепки” берди

3-саҳифа

image
Яна бир маҳкум вафот этди. Кузатув камераларидаги ёзув қани?  north_east

Яна бир маҳкум вафот этди. Кузатув камераларидаги ёзув қани? 

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Фарғонада ИИБ биносидан 15 ёшли ўсмирнинг мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унда шу йилнинг 17 октябрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган “ИИБнинг вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”дан Учкўприк тумани “Султон” МФЙда яшовчи 9-синф ўқувчиси А.Р.нинг вафот этгани айтилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) мазкур хабарларга расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат Бола ҳуқуқлари бўйича вакил  назоратига олиниб, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилинган.

Ҳозирда муассасадаги мавжуд ҳолат Болалар Омбудсмани иштирокида ўрганилаётгани ва бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берилиши таъкидланган.

Аввалроқ ҳолат бўйича Фарғона вилояти прокуратураси ҳам муносабат билдирганди. 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Р.А. жорий йилнинг 16 октябрь куни Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига жойлаштирилгани айтилган.

17 октябрь куни эса вояга етмаган Р.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона

Баҳолаганлар

740

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг