Фарғонада ИИБ биносидан 15 яшар боланинг жасади чиққани айтиляпти. Прокуратура “тилга кирди”
Олам
−
07 Ноябрь 2022
23258Ижтимоий тармоқларда Фарғонада ИИБ биносидан 15 ёшли ўсмирнинг мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Фарғона вилояти прокуратураси ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, Учкўприк тумани, “Султон” МФЙ, Султон қишлоғида яшаган, 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Р.А. жорий йилнинг 16 октябрь куни Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлик хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига жойлаштирилган.
17 октябрь куни вояга етмаган Р.А. нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18.10.2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси