“Бола асраб олиш учун 10 йил навбат кутдик”. Мурод Назаров билан суҳбат
Интервью
−
17 Январь 2022
33777Аввалроқ, ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Мурод Назаров Меҳрибонлик уйидан 9 нафар фарзанд асраб олгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ кўпчиликка сабоқ бўлувчи ушбу хайрли иш учун миннатдорлик билдириш мақсадида Назаров билан мулоқот қилди.
Маълум бўлишича, Мурод Назаров ва унинг турмуш ўртоғи – хоним Умида Назарова 7 нафар қиз, 2 ўғилни асраб олишган. Аввалига оммавий ахборот воситаларига бу ҳақда гапиришни истамаган Назаров, болалар ортиқча эътибор ва муҳокамалар сабаб стрессга тушиб қолишидан қўрқишини айтди.
Қайд этишича, у бола асраб олишни анча аввал режа қилган ва бунинг учун 10 йил навбат кутган.
“Бу масалага кўп тўхталишни истамайман, болалар стрессга тушиши мумкин. Сурат тармоқларда тарқалганидан кейин турли гап сўзлар бошланди. Бола олиш истагида бўлганлар жуда кўп ва бу анча вақт олади. Биз ҳам 10 йилдан буён ҳаракат қилаётган эдик.
Бола асраб олиш учун келганларнинг кўпи чақалоқ олишни истайди ва бу болаларда ҳам шундай бўлиб уларни кўпчилик олмаган”.
Мурод Назаровга кўра, 9 фарзанднинг ҳаммаси ака-ука, опа-сингиллар. Улар бир-биридан ажралишни истамаган.
“Бу болалар ака-ука опа-сингил бўлишган. Биттасини олиш учун келишса ҳам ажралишни исташмаган. Меҳрибонлик уйларида бола кам бўлгани сабабли 23-сонли меҳрибонлик уйини бўшатиб, болаларни турли жойга тарқатишмоқчи бўлишганда, улар менга ёрдам беринг деб илтимос қилишди. Биз оиламиз билан маслаҳатлашиб, уларни ўз оиламизга олишга қарор қилдик. Болалар билан бирга икки тарбиячи ҳам келган. Уларни хола деб чақиришяпти. Холалари адаптация жараёнида ёнларида бўлишади”, дейди бугун хайрли ишда кўпчиликка ўрнак бўлаётган Мурод Назаров.
LiveБарчаси