Боғчалар, буюм бозорлари ва автобус қатновига рухсат берилади
Жамият
−
04 Июнь 2020
34314Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг галдаги қарори билан, 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилади.
Бунда:
• мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш;
• мактабгача таълим ташкилотлари биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш;
• ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
• тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.
Шунингдек, 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилади.
Бунда буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37°С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.
Қолаверса, 15 июндан ҳудудлар ўртасидаги автобус қатновларига рухсат берилади
Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳудудлар ўртасидаги автобус қатновларига рухсат берилади.
Бунда ташувчилар фаолияти қуйидаги талаблардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади:
• транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш;
• автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш;
• ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш.