Боғчада болаларга яна куйган ширинлик едирилди

3-саҳифа

image

QALAMPIR.UZ’га Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатсиз экани, истеъмолга яроқсиз бўлган пишириқлар берилаётгани ва масаллиқлар таомларга кўрсатилган тартибда солинмаётгани юзасидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчининг айтишича, ушбу ҳолат мунтазам равишда такрорланиб келади ва фақат текширув келишдан олдин овқат меъёри ошиб, сифати яхшиланади.

Мазкур мурожаат юзасидан Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди. Қайд этилишича, мурожаатни ўрганиш мақсадида бугун, 8 октябрь куни туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари ҳамда туман Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, ҳолат жорий йилнинг 16 сентябрь куни тушлик вақтида содир бўлган. Яъни, тарбияланувчиларга тарбиячи Ж.Э. ошпаз А.Э. томонидан тайёрланиб берилган, пишириш давомида истеъмолга яроқсиз ҳолга келтирилган ширинликларни тушлик учун берган. Бу ҳолатга бевосита гувоҳ бўлган ва ташкилотда фаолият юритаётган ходим С.П. “булочка”ларни йиғиб олиб, болалар истеъмолига бермаган ва доимий равишда содир бўлаётган бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида таъминотчиларни огоҳлантирган.

Бундан ташқари, шу кунги истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни текишириш жараёнида ташкилот ҳамшираси Д.Ҳ. уларни “сифатли, истеъмолга яроқли” деб ҳужжатларга қайд қилган.

Ўрганишлар якунида аутсорсинг томонидан ишга қабул қилинган ошпаз А.Э.нинг иш жараёнида йўл қўйган камчиликлари ва масъулиятсизлиги сабабли аутсорсинг раҳбари томонидан ишдан бўшатилган.

6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари С.М.нинг назоратсизлиги сабабли юзага келган ҳолат сабабли унга огоҳлантириш берилган. Ташкилот ҳамшираси Д.Ҳ.га нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.

Айни пайтда 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг овқатланиш тизими ҳамда маҳсулотлар сифати назорати туман Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари тамонидан тўлиқ назоратда. Камчиликлар бартараф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ’га Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларга сифатсиз ва айниган озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани бўйича мурожаат келиб тушганди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача  ва мактаб таълими бошқармаси муносбат билдириб, аутсорсинг – “Proof food” МЧЖ корхонаси раҳбарияти огоҳлантирилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Боғча Юқори Чирчиқ куйган ширинлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг