Самарқанддаги боғчада болаларга сифатсиз пишириқ едирилди (видео)

3-саҳифа

image

QALAMPIR.UZ’га Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларга сифатсиз ва айниган озиқ-овқат маҳсулотлари берилаётгани бўйича мурожаат келиб тушди. Шунингдек, мурожаатчи томонидан овқатларнинг умуман гигиена ва сақлаш талабларига амал қилмай тайёрланиши ҳамда ушбу муассасада 50 дан зиёд бола бир турдаги касаллик билан оғригани маълум қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача  ва мактаб таълими бошқармаси муносбат билдирди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва вилоят Санитария ва эпидемиология жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганилган. Ўрганишлар жараёнида 1-сон ДМТТда фаолият юритаётган ошпазларнинг овқат пишириш технологияларига амал қилмагани ҳамда эътиборсизлиги сабаб кечки нонуштага  тайёрланган ширин кулчалар (“булочкалар”) куйдириб пиширилгани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан буюртмачи томонидан аутсорсинг “Proof food” МЧЖ корхонаси раҳбарияти огоҳлантирилган.

Шунингдек, аутсорсинг томонидан сифатсиз гўшт маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги хабар ўз исботини топмаган. Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Санэпидқўмита туман бирлашмаси эпидемиологи маълумотига кўра, жорий йилнинг 30 сентябрь санасидан бугунги кунга қадар боғча ёшдаги болаларнинг овқатдан заҳарлангани бўйича мурожаат тушмаган. Бундан ташқари, 50 дан зиёд болалар бир турдаги касаллик билан оғригани ҳам рад этилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарланганди. Бунинг ортидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналарнинг масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилди. Мактабгача таълим ташкилотларига олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Нуробод сифатсиз пишириқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг