79 ёшга тўлган БМТнинг “жанозаси” яқин?
Таҳлил
−
25 Октябрь
1013724 октябрь. Бундан роппа-роса 79 йил бурун, худди шу кунда ер юзида тинчлик элчиси бўлиши кутилган, ўз олдига қатор эзгу мақсадлар қўйган ва сайёра хавфсизлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёга келди. Аммо 1945 йилнинг 24 октябрида ташкил этилган дунё тарихидаги иккинчи мазкур халқаро ташкилот кутилганидек на тинчлик элчиси бўлишни ва на ер юзидаги хавфсизликни таъминлашни эплай олди. Энг ачинарлиси эса, БМТ бугун ўзидан олдинги шунга ўхшаш форматдаги илк халқаро ташкилот ҳисобланган Миллатлар Лигасининг ҳар бир хатосини изма-из қайтариш орқали унинг таназзул сценарийсини такрорлашга жуда яқиндек таассурот қолдиряпти. Қуйида шундай хатолар ва улар тарихда қандай оқибатларга олиб келгани, Миллатлар Лигаси ва БМТнинг ташкил топиш шарт-шароитлари, улардан бирининг тарихдан ўчиб кетгани, иккинчисининг эса чуқур инқироздалиги ҳақида сўз юритилади.
Халқаро ташкилотлар тарихи ва Миллатлар Лигаси тақдирининг БМТдаги такрори
Йирик колониал давлатларга қарши қаратилган “бўлинган дунёни қайта бўлиш” концепцияси Биринчи жаҳон урушининг асосий сабаби сифатида айтиб келинади. Лекин бу биргина асосий сабаб эмас, ҳар ҳолда. Чунки ўша даврда халқаро доирада мамлакатлар ўртасида ўзаро мулоқот етишмаслиги факторини ҳам жуда муҳим омиллар қаторида эслаб ўтиш лозим. Биринчи жаҳон уруши бошланишидан олдин, ҳақиқатдан ҳам жаҳон миқёсида тан олинган ва бутун дунё давлатларини тўлиқ қамраб олган ҳолда улар учун ягона халқаро тартиб ишлаб чиқувчи ташкилот мавжуд бўлмаган. Давлатлараро муҳим сиёсий воқеликларни ҳал қилиш учун нари борса конференциялар ташкил қилинган, холос. Албатта, ўзаро мулоқот танқислиги шароитида якдиллик ҳам дефицитга айланади, бу эса халқаро даражадаги можароларнинг етилиши учун йўл очади. Шундай қилиб, 1914 йилда инсониятга жуда улкан талафотлар етказган ва илгари кузатилмаган уруш рўй берди. Ўшанда одамзод ўз тарихи давомида бундай даҳшатли 5 йилликка биринчи бор дуч келиши эди. 1918 йилда урушни бошлаган Германиянинг таслим бўлиши Биринчи жаҳон урушини якунлаб берди. Шундан сўнг, йирик давлатлар кенг доирадаги музокараларга эҳтиёж янада ортгани, энди бусиз халқаро вазиятни назорат қилиб бўлмаслигини тушуниб етди. 1919-1920 йиллар давомида роппа-роса бир йилдан ортиқ вақт ичида 27 та давлат Франциянинг Версал саройида Париж тинчлик конференциясини ўтказишди. Мазкур тинчлик конференциясида Германия ва унинг иттифоқчиларининг пўстаги қоқилди. Уларнинг барчасига репарация, яъни товон пули тўлаш мажбурияти юкланди. Аммо конференциянинг асосий ютуғи, тўғрироғи даставвал ютуқ дея таърифланган воқелиги – Миллатлар Лигаси тузилди. Бу инсоният тарихидаги илк кенг миқёсдаги халқаро ташкилот эди. Миллатлар Лигасининг асосий вазифалари дунёда тинчлик учун кураш, халқлар ўртасида ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш этиб белгиланди. Мазмун жиҳатдан бугунги БМТнинг айни вазифалари Миллатлар Лигаси учун ҳам приоритет эди. Лекин халқаро ташкилотлар тарихи жуда ёмон муқаддима билан бошланди ва бунга сабабчи эса айнан Миллат Лигасининг ижодкорларидир. Айнан уларнинг хатолари ҳосиласи бўлган Миллатлар Лигасининг нотўғри ва ўта адолатсиз сиёсати туфайли Биринчи жаҳон урушининг чуқур яралари битиб улгурмасдан сайёрамиз Иккинчи жаҳон уруши юзини кўрди. Бу сафарги уруш олдингисига қараганда инсониятга икки баробар кўпроқ даҳшатларни тақдим қилди. Қатнашувчи давлатлар, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бўйича Биринчи жаҳон урушини жуда катта фарқ билан ортда қолдирган бу уруш ростманасига дунё тарихида энг даҳшатли ва қирғинбарот можаро сифатида ном қолдирди. Иккинчи жаҳон уруши ўзининг қизғин палласига келганда “Бирлашган Миллатлар” деган тушунча биринчи маротаба АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт таклифига кўра, 1942 йил 1 январда Бирлашган Миллатлар Декларациясида қўлланилди. Бу эса вақт ўтиши билан уруш якунига етгандан сўнг пайдо бўлган халқаро ташкилот номига асос бўлди. Уруш охирлаб қолганида 1945 йилнинг апрелидан июнигача АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида 50 та давлат вакиллари иштирокида Бирлашган Миллатларнинг конференцияси бўлиб ўтди ва бу конференцияда халқаро ташкилот тузиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳолда БМТнинг Низоми тасдиқланди. Кейинчалик, Полша давлатининг бу Низомни тасдиқлаши муносабати билан ташкилотга аъзо давлатлар сони 51 тага етди. БМТ 1945 йилнинг 24 октябрида давлатлар томонидан ратификация қилинган кундан бошлаб юридик кучга эга бўлди. Шундай қилиб, халқаро майдон саҳнасида омад юз ўгирган Миллатлар Лигасининг ўрнида янги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёга келди. Ташкилот 24 октябрь куни 79 ёшга тўлди. Мазкур ортда қолган йиллар ичида инсоният ва сайёрага теккан фойдаси ва кўрсатган кароматини сарҳисоб қилиш учун ўтмиш ва бугунга юзланиш кифоя. Тарих бугунги БМТ ўзининг эски версияси бўлган Миллатлар Лигасидан бир қарашда унчалик фарқ қилмаслигидан далолат берса, бугун ушбу ташкилот ўз аждоди каби парчаланиш ва аянчли хотима билан юзлашиш таҳдидига жуда яқин қолганидан дарак бераётгандек гўё. Миллатлар Лигаси ўз фаолиятини бошлашидан олдин таназзул учун ўзи тамал тошини қўйган ташкилот сифатида тарихда қолди. Бу бир қанча омиллар туфайли юзага келди. Бугунги БМТ ҳам ўз аждодига ҳурмат бажо келтириб, қўпол хатоликларга йўл қўйиш масаласида Миллатлар Лигаси юрган боши берк кўчада ҳаракатланмоқда. Хўш, Лига ўз фаолияти давомида қандай хатоларга йўл қўйган? БМТ эса қайси масалаларда тарихдан сабоқ чиқаришни унутди?
1-хато. Бир ҳовуч қўллар орасидаги сайёра тақдири
Инсоният тарихидаги илк халқаро ташкилот таназзулининг асосий сабаби бу – Париж тинчлик конференциясида ва ундан кейин Миллатлар Лигасининг фаолиятида асосий қарорлар тор доирада қабул қилинганидир. Биринчи жаҳон урушидан сўнг бир қатор давлатлар аслида тинчлик учун тўпланиши лозим бўлган конференцияда ҳал қилувчи ролни ўйнаган катта учликнинг мақсадлари буткул бошқача эди. Ўша пайтда катта учлик таркибига АҚШ, Буюк Британия ва Франция давлатлари кирган. Мағлуб давлатлар сафидаги Германия, Австрия-Венгрия ва Туркия кабилар эса бу пайтга келиб сиёсий таназзулга учраганди. Шоҳсупада фақат катта учлик қолди. Улар эса ўз-ўзидан кейинги давр учун амал қиладиган дунё тартибини тузишди. Энг қизиғи, дастлаб мағлуб давлатлар Лига таркибига киритилмади. Бу эса ушбу халқаро ташкилот фақат тор доираларнинг манфаатлари йўлидаги улов вазифасини ўташини ўшандаёқ англатганди. Хатолар занжири айнан шундан бошланди. Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Миллатлар Лигаси Германия ва Туркиянинг Яқин Шарқдаги мустамлакаларини урушда ғолиб бўлган давлатлар, яъни Антанта иттифоқи вакиллари томонидан ўзаро бўлиб олиш ниятини ўзида акс эттирувчи Низом жорий қилди. Бу эса Франция ва Буюк Британия Осиё ва Африканинг катта қисми устидан бошқарув мандатига эга бўлишига олиб келди. Шундай қилиб, ер юзида тинчлик воситаси деб таърифланган Миллатлар Лигаси урушда ғалаба қозонган давлатлар томонидан мағлубларнинг ерлари ва мулкларини тортиб олиш “операция”си эканлиги маълум бўлди. Бу аччиқ ҳақиқат урушдан кейин ўрнатилган тартибдан норози бўлганларнинг сонини ошириб юборди ва оқибатда бу Ғарбнинг бир қатор мамлакатларида янги радикал ва экстремистик унсурларга эга жараён пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу янги ҳаракат – фашизм эди ва айнан шу аламзада мафкура кенг тарқалган давлатларда Иккинчи жаҳон урушининг уруғлари экилди.
БМТнинг Низомига эса Хитой, собиқ СССР, Англия ва АҚШ давлатлари вакиллари томонидан 1944 йилнинг август ойида қабул қилинган лойиҳа асос қилиб олинади. Бу эса БМТ хатолар китобидаги биричи саҳифа бўлди. 1945 йил 26 июнда БМТнинг Низоми 50 та мамлакат вакиллари томонидан тасдиқланади. Бу анжуман эса уруш пайтида ташкиллаштирилган Ялта конференциясида СССР, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари Франклин Делано Рузвельт, Уинстон Черчилль ва Иосиф Сталин ўртасида келишиб олинган эди. Шунинг учун баъзи манбаларда бугун БМТ АҚШ, Британия ва собиқ СССР томонидан барпо этилган, дея тан олинади. Ташкилот 1945 йилнинг 24 октябрида уни таъсис этган кўпчилик давлатлар томонидан ратификация қилинган кундан бошлаб юридик кучга эга бўлди. Шундай қилиб, БМТ ҳам Миллатлар Лигаси каби бир ҳовуч қўллар орасида қарор топди ва ўша қўллар мазкур ташкилотни бошқаришда чексиз ваколатларни ўзида жам қилган “вето” ҳуқуқини ўзиники қилиб олди. Бу эса кейинчалик ташкилот фаолиятида ҳам ўзига хос тарзда акс этди. Хусусан, ташкилотда барча аъзоларни жамлаган Бош Ассамблея билан бир қаторда Хавфсизлик Кенгаши ҳам ташкил қилинди. Кенгашга эса БМТни қурган асосий давлатлар – АҚШ, Буюк Британия, СССР ҳамда Франция ва Хитой ҳам киритилди. Ушбу давлатлар Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган блок ҳисобланади. Кенгашнинг доимий 5 та аъзосида мавжуд бўлган “чекланмаган” ваколат, бугунги кунда ташкилотга аъзо қолган 188 та давлатнинг манфаатлари ва овозларидан устун бўлган адолатсиз структурани шакллантирди. АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция каби Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган давлатларда мавжуд бўлган ва ташкилотни борган сари заифлаштириб бораётган “вето” ҳуқуқини ҳеч бир асос билан оқлай бўлмайди. Бу эса БМТ ҳам ўзининг аввалги ёши улуғ версияси каби урушдан кейинги ғолиб давлатларга кенг ваколатлар, мағлубларга эса қуруқ аъзолик тақдим қилганини очиқ-ойдин исботлайди. Энг ачинарлиси эса шу кундан бошлаб то ҳозиргача ташкилотга аъзо 193 та мамлакат ва ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ аҳолининг тақдири мана шу беш давлатнинг қўлида қолиб кетмоқда.
2-хато. Бўш назорат
Биринчи жаҳон урушидан сўнг таркиб топган Миллатлар Лигасидаги адолатсиз халқаро тартиб Европанинг кўп қисмида миллатчилик кайфиятини урчитиб юборади. Бу эса мағлуб миллатлар ҳукуматининг тепасида турган лидерлар учун жуда яхши имконият туҳфа қилади. Улар ўз фуқароларининг миллатчилик кайфиятига ёғ сепишга киришади. Нацизм тарғиботчилари ўз миллати учун ижтимоий адолатни ўрнатишни ваъда қилиб, ортидан жуда катта оломонни эргаштиришни бошлайди. Мазкур ҳолат халқаро майдонда янги бошбошдоқлик уруғларини эккан ҳолда Миллатлар Лигасининг чириш жараёнини бошлаб берди. Давлатлар орасида ҳарбий кучга таяниш масалаларнинг асосий ечими сифатида кўрилди. Қуролланишга қарши ва можароларни ҳал қилиш устидаги келишувлар беҳуда кетди. Оқибатда вақт ўтиб Миллатлар Лигаси атрофида қарор топган тизимга амал қилиш давлатларнинг кун тартибидан тушиб қолди. Худди ҳозиргидек. Ҳар ким ёпинчиқни ўз томонига тортишни бошлади. Бир томонда Британия ва Франция бўлса, қирғоқнинг иккинчи томонида эски қадрдонлар Германия, Италия ва Япония турар эди. Икки йирик ўйинчи – СССР ва АҚШ эса ушбу қарама-қаршиликни юқорида, дарахт учида турган ҳолда диққат билан кузатарди. Миллатлар Лигаси аллақачон омонатгина ташкилот бўлиб улгурганди. Ташкилотнинг қимирлаб қолган мўрт биносидан дастлабки тошни кўчириш Япониянинг чекига тушди. Ўша пайтда Узоқ Шарқда ўзини якка ҳукмдор деб биладиган Япония 1932 йилда Хитойга бостириб кириб, Маньчжурияни босиб олди. Бир йил ўтиб эса Миллатлар Лигасини тарк этди. Шундан сўнг японлар Марказий Хитойни ҳам босиб олди. Босқинчилик ҳаракатлари Италия томонидан давом эттирилди. 1935-36 йилларда Италия Эфиопияга ҳужум қилди ва Эритрея ҳамда Сомалининг бир қисмини ўзиники қилиб олди. Италия ҳам ушбу воқеадан бир йил ўтиб Миллатлар Лигасини тарк этди. Бундан ташқари, ўша пайтда инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинга ҳозирланаётган немис фашизмини жиловлаш эътибордан четда қолдирилди. Германия инқирознинг тубига ғарқ бўлган ҳолатда ҳам унга нацистик масалада қарши туриш Лиганинг қўлидан келмади. Ҳарбий тизимини тобора ислоҳ қилиб, қасос олишга шайланаётган Германия йирик ва қудратли давлатлар томонидан унутиб қўйилди. Шундай қилиб, Миллатлар Лигаси ҳақидаги ҳужжатлар бир парча қоғоз бўлиб қолди. Дунё эса бу пайтда халқаро тартиблар бузилган воқеликлар фонида Иккинчи жаҳон урушига қараб оёғини қўлига олиб, катта тезликда одимлаб борарди.
БМТ ҳам ташкил топгандан буён назорат масаласида оқсоқланишда Миллатлар Лигасидан қолишмаяпти. Маълумотларга кўра, БМТ тузилгандан буён ер юзида 480 дан ортиқ уруш ва можаролар бўлиб ўтган. Бу эса сўнгги 79 йил ичида ҳар 2 ойда бир конфликт юз берганини англатади. Тўғри, можароларнинг катта қисми маҳаллий урушлар бўлган. Ушбу урушларнинг барчасини ҳам БМТ гарданига юклаш мантиқан тўғри эмас, бироқ ўз фаолияти давомида тўхтатиш ёки олдини олиши лозим бўлган жараёнларда ҳам БМТ заифлик қилган ҳолатлар етарлича. Ўзи бошлаган урушга қарши қабул қилинган резолюцияга ваколати доирасида мавжуд бўлган “вето” ҳуқуқидан фойдаланиб, қирғинларини давом эттирувчи Хавфсизлик Кенгашининг айрим аъзолари бор экан, дунёда тинчлик қарор топишидан умид қилиш кулгили. Нафақат Кенгаш аъзолари, балки уларда мавжуд “вето” ҳуқуқи ва БМТнинг ташкилий структураси ҳам бугун ҳеч бир талабга жавоб бермаяпти.
Ушбу ташкилотда қарор топган адолатсиз ва мантиқсиз структура эса қуйидагича. БМТ иккита асосдан ташкил топган – Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши. Ассамблея ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларни қамраб олади. Адолат аллақачон тарк этган Хавфсизлик Кенгашининг таркиби эса ҳаммага маълум. Юқорида таъкидлаганимиздек, Кенгашнинг доимий аъзолари АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой каби давлатлардир. Хавфсизлик Кенгаши бор жойда Бош Ассамблея бирор масала юзасидан бир қарорга келиши ҳеч нимани англатмайди. Чунки резолюция қабул қилиниши учун 193 та давлатнинг ичида етарли овоз тўпланган тақдирда, биргина Хавфсизлик Кенгаши аъзоси томонидан қўйилган вето барча саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради. Ушбу вето ҳуқуқи таркиби ўзгармас 5 та давлат томонидан монополия қилинганини ҳисобга олсак, адолат ва мантиқ бу ташкилот штаб-квартирасига ташриф буюрмаганига анча бўлганини англаш қийин эмас. Дунёдаги кўплаб уруш ва можаролар, қонли қирғинларнинг энг тагида айнан шу вето ҳуқуқи ётади. Назоратнинг йўқ бўлишида ҳам асосий сабабчилардан бири Хавфсизлик Кенгашининг нотўғри ва адолатсиз тарзда ташкил этилганлигидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши – унинг асосий доимий ишловчи сиёсий органи ҳисобланади. БМТ Низомининг 24-моддасига биноан халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш учун асосий жавобгарлик айнан Хавфсизлик Кенгаши зиммасига юклатилган. Бироқ шундай бўлса-да, ўтган давр мобайнида АҚШ ва Буюк Британия Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, Россия эса Кавказорти ва Шарқий Европада сиёсий беқарорлик ва бир қанча можароларга сабаб бўлди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Осиё-Тинч океани минтақасида бир қанча асоссиз урушларни келтириб чиқарди. Бу можароларда эса Хитой ва собиқ СССРнинг ўрнини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
3-хато. Тажовузкорга “хўп” дейиш
Миллатлар Лигаси қулашга тайёр бўлиб қолган пайтда, Биринчи Жаҳон урушидан аламзада бўлган Германия ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан динамик ўсишга эришди. Немис фашизмидан қўрқиш Миллатлар Лигаси ва ундаги асосий фигураларнинг кейинги ҳаракатларини белгилаб берди. Бироқ бунда фақат қўрқиш факторигина муҳим аҳамият касб этмаган. Ушбу ҳолатда Ғарб элиталари Лига аъзоси бўлган СССР ва Чехословакияга нисбатан сурбетлик қилиш орқали ўзларини ҳимоя қилишни кўзлаганди. Улар фюрер ҳукуматига Чехословакия ерларининг бир қисмини бериш ва немис тажовуз машинасининг йўлига чиқишдан кўра, унинг маршрутини шарққа СССР ҳудудига қараб бурилишини лозим топди. Бироқ бу шунчаки асоссиз умид эди ва кейинчалик Ғарб давлатларининг “тажовузкорга ён бериш” сиёсати деб ном олган мазкур иродасизлиги Иккинчи жаҳон урушига йўл очиб берди. Хуллас, Лига ўз думини ютишни бошлаган илон каби қилган ҳаракатлари туфайли ўзининг бошини еди.
БМТда эса зўравонлик билан боғлиқ ҳолат бироз бошқача тус олган. Бу ерда сиёсий беқарорлик ташкилот ичидаги асосий асосчилар томонидан амалга оширилиши инсонни бироз ўйга толдиради. Бу ўз-ўзидан муаммо жуда мураккаб ва унинг илдизи анча чуқур эканини англатади. Зўравонликларнинг асосий озуқаси эса бу – “вето” ҳуқуқи. Ушбу ваколат қандай ишлаши юқорида тушунтирилди, бироқ кўплаб салбий жиҳатларга эга ушбу ҳуқуқ унга эга бўлган “хавфсизлик ва тинчлик учун жавобгар бўлган 5 та давлат” томонидан қандай, қанча ва қай тарзда фойдаланилгани алоҳида мавзу. Маълумотларга кўра, вето шу пайтгача салкам 300 марта қўлланилган. Уларнинг энг катта қисми СССР ва унинг вориси Россия томонидан фойдаланилган. Улар умумий ҳисобда 120 дан ортиқ ҳолатда бу ваколатларини ишга солган. Бу ветоларнинг жуда кўп қисми ташкилотга янги аъзоларни қабул қилишга қарши ишлатилган. Қўшма Штатлар ҳам бу борада жуда илғор. Энг ачинарлиси эса АҚШ ўзининг ветоларининг деярли тенг ярмини ХХ ва XXI асрнинг энг сурбет оккупанти Исроилга қарши қабул қилинган резолюцияларни блоклаш учун қўллаган. Бугун бўлса, тинчлик ва хавфсизлик учун жавоб бериши лозим бўлган Хавфсизлик Кенгашининг икки аъзоси айни дамда ер юзида рўй бераётган икки даҳшатли босқиннинг асосий ўт олдирувчиси бўлиб турибди. Бири сиртдан, бошқаси эса очиқдан-очиқ. Шу тарзда Хавфсизлик Кенгашининг аъзоси бўла туриб, БМТ концепцияларига мутлақо зид тарзда ҳаракатланиш бутун ташкилотнинг репутациясини парчалади. Бу кетишда эса Яқин Шарқ ва Шарқий Европада БМТнинг эҳтимолий қабрлари пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.
БМТ ҳақида китоб ёзилса…
Бугун БМТнинг қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган. Қароргоҳнинг биноси ва майдони халқаро зона ҳисобланади. Бу эса ушбу ҳудуд биргина АҚШнинг эмас, балки БМТга аъзо бўлган барча давлатларнинг ҳудуди деганидир. Қароргоҳнинг қаршисида аъзо мамлакатлар байроқлари қадалган. БМТнинг ўз байроғи ҳам бор бўлиб, у ҳаворангда ва ўртасида оқ ранг мавжуд. Бундан ташқари, байроқда зайтун дарахтининг шохлари ўраб турган дунё харитасининг тасвири ҳам бор. Зайтун дарахти тинчлик рамзи ҳисоблангани учун БМТ байроғидан жой олган. Аммо ҳозирча тинчлик рамзи осмонда ҳилпираб турган байроқдан ерга тушганича йўқ. Ташкилот Низомида БМТнинг тамойилларига амал қилмаган давлатларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиш ёки уни умуман аъзоликдан маҳрум этиш белгиланган. Аммо бугунга қадар ҳали бирор бир мамлакат БМТдан чиқарилмаган. Ҳозирча БМТни Миллатлар Лигасидан фарқлаб турган кам сонли жиҳатлардан бири айнан шу. Уни ҳали ҳеч бир давлат тарк этмади. Ташкилот бугунги кунда бир қатор халқаро байрамларни нишонлаб келади.
Булар:
- Халқаро хотин-қизлар куни (8 март);
- Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни (5 июнь);
- Халқаро саводхонликни ёйиш куни (8 сентябрь);
- Халқаро қашшоқликка қарши кураш куни (17 октябрь);
- Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни (1 декабрь);
- Инсон ҳуқуқлари куни (10 декабрь).
Бироқ “тинчлик” деган байрамни нишонлаш ҳали ташкилотга насиб қилмади. Устига устак 2022 йилда Россиянинг Украинага босқини оқибатида жиддий яраланган БМТ бугун Ғазода юрак хуружига учраб, ўлим талвасасида тўлғанаётган одамдек таассурот қолдирмоқда. Жон таслим қилиши учун эса нима содир бўлиши лозимлиги ҳеч кимга сир эмас. Хуллас, БМТ фаолияти ҳақида жуда узоқ сўзланса, бир неча жилд китоблар ёзса бўлади. Лекин бу китобларнинг асосий боблари Исроилнинг Фаластиндаги қирғинлари, Россия томонидан Украина кулининг кўкка совурилиши ва Яқин Шарқдек тарихий цивилизация ўчоқларида АҚШ ўз ортидан қолдириб кетган харобазорлар ҳақидаги воқеалардан таркиб топади.