БМТ: Жамол Қошиқчи қотиллигида Саудия Арабистони айбдор
Олам
−
19 Июнь 2019
4462Саудия Арабистони саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида айбдор, деб баёнот берди БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва судсиз жазолаш бўйича махсус маърузачиси Аньес Каламар.
“Унинг ўғирлашга уринилиши ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳуқуқнинг бузилиши. Саудия Арабистони ва Туркия томонидан ўтказилган икки тергов ҳам қонунсиз жазолаш бўйича халқаро стандартларга мос эмас”, дейилади ҳужжатда.
Каламарнинг маълум қилишича, Қошиқчининг ўлдирилишига Саудия валиаҳд шаҳзодасининг алоқадорлиги бўйича далиллар бор. Аммо якуний хулосани чиқариш учун яна суриштирув ишлари олиб боришга тўғри келади.
Махсус маърузачи расмий Ар-Риёдни Туркия, АҚШ ва Жамол Қошиқчининг оиласидан кечирим сўраш, унинг ўлимида айбни тан олиш ва 11 киши устидан суд жараёнини тўхтатишга чақирган.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу мамлакати саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан БМТ тавсияларини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Шунингдек, жиноятга алоқадор барча жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлаган.
Расмий Ар-Риёд бир неча марта ўзи тергов ўтказаётгани ва халқаро суриштирув натижаларини тан олмаслигини таъкидлаганди.
Жамол Қошиқчи 2018 йилнинг 2 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Саудия Арабистони Бош консулхонасига фуқаролик масаласини ҳал қилиш учун борган. У ерда уни Саудиядан келган гуруҳ вакиллари ушлаб ўлдирган. Жасад бўлакларга бўлиниб, консулхонадаги қудуққа яширилган.
Саудия Арабистони Қошиқчи ўлдирилганини қотилилкдан 18 кун ўтиб, 20 октябрь куни тан олган. Саудияда жиноят иши очилиб, 5 нафар юқори мартабали амалдор ишдан олинган, 21 нафар гумонланувчи қўлга олиниб, уларнинг 11 нафарига айблов эълон қилинган. Прокурор айбланувчиларга умрбод қамоқ жазоси сўраган.
LiveБарчаси