БМТ керакми? У қачонгача яшаши мумкин?
Таҳлил
−
13 Июнь
15908Йирик колониал давлатларга қарши қаратилган “бўлинган дунёни қайта бўлиш” концепцияси Биринчи жаҳон урушининг асосий сабаби сифатида айтиб келинади. Лекин бу биргина асосий сабаб эмас. Чунки ўша даврда халқаро доирада мамлакатлар ўртасида ўзаро мулоқот етишмаслиги факторини ҳам жуда муҳим омиллар қаторида эслаб ўтишимиз лозим. Биринчи жаҳон уруши бошланишидан олдин, ҳақиқатдан ҳам жаҳон миқёсида тан олинган ва бутун дунё давлатларини тўлиқ қамраб олган ҳолда улар учун ягона халқаро тартиб ишлаб чиқувчи ташкилот мавжуд бўлмаган. Давлатлараро муҳим сиёсий воқеликларни ҳал қилиш учун нари борса конференциялар ташкил қилинган, холос. Албатта, ўзаро мулоқот танқислиги шароитида якдиллик ҳам дефицитга айланади, бу эса халқаро даражадаги можароларнинг етилиши учун “биринчи ғишт” вазифасини ўтайди.
Шундай қилиб, инсониятга жуда улкан талафотлар етказган ва илгари кузатилмаган уруш рўй берди. Одамзод ўз тарихи давомида бундай даҳшатли 5 йилликка биринчи бор дуч келиши эди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг, йирик давлатлар кенг доирадаги музокараларга эҳтиёж янада ортгани, энди бусиз халқаро вазиятни назорат қилиб бўлмаслигини тушуниб етди. 1919-1920 йиллар давомида роппа-роса бир йилдан ортиқ вақт ичида 27 та давлат Франциянинг Версал саройида Париж тинчлик конференциясини ўтказишди. Мазкур тинчлик конференциясида Германия ва унинг иттифоқчиларининг пўстаги қоқилди. Уларнинг барчасига репарация, яъни товон пули тўлаш мажбурияти юкланди. Аммо конференциянинг асосий ютуғи, тўғрироғи даставвал ютуқ дея таърифланган воқелиги – Миллатлар Лигаси тузилди. Бу тарихдаги биринчи кенг миқёсдаги халқаро ташкилот эди. Миллатлар Лигасининг асосий вазифалари дунёда тинчлик учун кураш, халқлар ўртасида ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш этиб белгиланди. Мазмун жиҳатдан бугунги БМТнинг айни вазифалари Миллатлар Лигасининг приоритет мақсадларида ҳам акс эттирилганди. Лекин халқаро ташкилотлар тарихи жуда ёмон муқаддима билан бошланган ва бунга сабабчи айнан Миллат Лигасининг ижодкорларидир. Айнан уларнинг хатолари ҳосиласи бўлган Миллатлар Лигасининг нотўғри ва ўта адолатсиз сиёсати туфайли Биринчи жаҳон урушининг чуқур яралари битиб улгурмасдан сайёрамиз Иккинчи жаҳон уруши юзини кўрди. Бу сафарги уруш олдингисига қараганда инсониятга икки баробар кўпроқ даҳшатларни тақдим қилди. Қатнашувчи давлатлар, ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бўйича Биринчи жаҳон урушини жуда катта фарқ билан ортда қолдирган бу уруш энди ростманасига дунё тарихида энг даҳшатли ва қирғинбарот можаро сифатида ном қолдирди.
Иккинчи жаҳон уруши ўзининг қизғин палласига келганда “Бирлашган Миллатлар” деган тушунча биринчи маротаба АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт таклифига кўра, 1942 йил 1 январда Бирлашган Миллатлар Декларациясида қўлланилди. Бу эса вақт ўтиши билан уруш якунига етгандан сўнг пайдо бўлган халқаро ташкилот номига асос бўлди. 1945 йилнинг апрелидан июнигача АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида 50 та давлат вакиллари иштирокида Бирлашган Миллатларнинг конференцияси бўлиб ўтади ва бу конференцияда халқаро ташкилот тузиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳолда БМТнинг Низоми тасдиқланади. Кейинчалик, Польша давлатининг бу Низомни тасдиқлаши муносабати билан ташкилотга аъзо давлатлар сони 51 тага етади. БМТ 1945 йилнинг 24 октябрида кўпчилик давлатлар томонидан ратификация қилинган кундан бошлаб юридик кучга эга бўлди. Шундай қилиб, халқаро майдон саҳнасида омад юз ўгирган Миллатлар Лигасининг ўрнида янги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёга келди.
Бугун бу ташкилотнинг самарадорлиги ва инсониятга таъсири ҳақидаги қарашлар бир-биридан фарқли икки қутбга бўлинган. Кимлар учундир БМТ ер юзидаги энг катта ташкилот сифатида ишлаб туриши лозим бўлса, бу фикрга қарама-қаршилар бугунги кундаги БМТ ўта самарасиз бўлиб, ўз “аждоди” ҳисобланмиш Миллатлар Лигасининг аянчли тақдирини қадамма-қадам такрорлаётгани ва бу ташкилотнинг келажаги йўқ эканлигини таъкидлаб келишади. Умуман олганда, икки фикрда ҳам ўзига яраша жон бор ва буни икки қисмга бўлган ҳолда таҳлил қилишимиз мумкин.
БМТ ҳақидаги стереотиплар ва унинг сабаблари
Humanitarian Careers ташкилоти БМТ ҳақидаги барча салбий қарашлар одамлар онгида нотўғри шаклланган фикрлар туфайли пайдо бўлган, дея таъкидлайди. Уларнинг маълум қилишича, бу бир қанча асоссиз маълумотлар ёки тушунчалар ортидан пайдо бўлган. Бунга энг асосий сабаб дунё аҳолисининг катта қисми БМТни самарасиз ва тинчлик ҳамда хавфсизлик билан боғлиқ мақсадларига эриша олмаган, дея ҳисоблайди. Масалан, 2003 йилги АҚШнинг қинғирликлари, 1994 йилда Руандадаги геноцид, Исроил-Фаластин можароси ва 2017 йилда Мьянмада роҳинжалар геноцидининг олдини ололмаганлиги БМТ танқидчилари учун энг муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Аммо бу ўринда улар ташкилот томонидан амалга ошириладиган гуманитар фаолиятни ва уларнинг самарасини англашмайди ёки англашни хоҳламайди. Кўп ҳолларда мазкур ташкилот томонидан амалга оширилаётган халқаро миқёсдаги ёрдамлар одамлар эътиборидан четда қолади. Хусусан, миллионлаб қочқинларга ёрдам бериш, иқлим ўзгаришига глобал жавобни мувофиқлаштириш, муҳим инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш, қашшоқ мамлакатларга асосий ривожланиш ёрдами бўйича етакчилик қилиш, глобал алоқа ва авиацияни мувофиқлаштириш ва жаҳон мероси объектларини ҳимоя қилиш каби саъй-ҳаракатлар доим парда ортида қолиб кетади. Ушбу турдаги иш ҳаётий аҳамиятга эга ва ҳар йили бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларга ёрдам беради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти глобал ва бетараф ташкилот сифатида ушбу турдаги муаммоларни ҳал қилиш учун ўзига хос тарзда тизим ишлаб чиққан.
Бундан ташқари, ташкилотда қарор топган мураккаб бюрократик тизим унинг фаолиятини қийинлаштиргани ва бу муаммо аллақачон ташкилот бошини берк кўчага киритиб қўйгани танқидчилар томонидан жуда кўп таъкидланади. Бироқ бу фикрга келиш учун бир қанча асослар мавжуд. Масалан, бугунги кунда ташкилот таркибида 15 та ихтисослашган агентлик билан бир қаторда Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш ва бошқа кўплаб органлардан фаолият олиб боради. Бу эса ўз-ўзидан мураккаб бюрократик тизимни шакллантиради. Энг ачинарлиси эса айни дамда ташкилотдаги икки асосий орган – Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгашининг ваколатлари ўртасидаги номутаносиблик ва Кенгаш ичидаги давлатларнинг ўзи ҳам турли қутбларга ва манфаатлар доирасига бўлиниб кетганлиги дунё бўйича энг йирик бўлган ушбу ташкилотнинг бошини ростдан ҳам берк кўчага киритиб қўйган. Бу эса Хавфсизлик Кенгашининг доимий 5 та аъзосида мавжуд бўлган “чекланмаган” ваколат қолган 188 та давлатнинг манфаатлари ва овозларидан устунлигини таъминлайдиган адолатсиз структура оқибатида шаклланган. Бу ўринда ташкилотнинг жуда йириклиги ва кўп тармоқларга бўлинганини ҳисобга олиб ундаги чигал бюрократик тизимни оқлашимиз мумкин, аммо АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция каби Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган давлатларда мавжуд бўлган ва ташкилотни борган сари заифлаштириб бораётган “вето” ҳуқуқини ҳеч бир асос билан оқлай олмаймиз.
Humanitarian Careers ўз қарашини далиллар билан тўлдирган ҳолда, БМТни ёмонотлиқ қилаётганлар асосан сиёсий арбоблар эканлиги ва бу уларга ўз мамлакатларидаги сиёсий кураш майдонида ўзига яраша обрў ва устунлик олиб келиши учун қилинишини таъкидлайди. Ростдан ҳам бугунги кунда кўплаб сиёсий доираларда БМТга ишончсизлик ва уни кескин танқид қилиш тенденцияси анча юқори даражада. Албатта, йирик ташкилотга тош отиш маълум маънода сиёсий шахсларнинг халқ орасидаги машҳурлиги ва обрў-эътиборини оширади ва бугун баъзи сиёсатчилар мазкур имкониятдан фойдаланиб қолишга уринмоқда. Аммо улар томонидан айтилаётган камчиликлар шунчаки пиар учунгина эмас, ва бу танқидлар ўзига яраша асосларга эга. Хусусан, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан ёзилган “Дунё янада адолатли бўлиши мумкин” асаридаги кескин танқидлар ва ташкилотда қарор топган тизимни ўзгартириш ҳақидаги таклифлар жуда ўринли. Эрдўған ўз китобида “дунё бешдан катта” ғоясини илгари суради ва бу ўз-ўзидан ташкилотни тубдан ислоҳ қилишни англатади. У шу орқалигина дунёни яна адолатли қилиш мумкинлигини уқтиради.
“БМТга аъзо 193 мамлакат тақдирини беш мамлакат белгилайдиган тизим адолатдан эмас. Тизим қайта ислоҳ қилиниши керак. Дунёдаги мамлакатлар бештадан кўплигини гапирганимизда бутун инсониятнинг ҳуқуқ ва умумий манфаатларини ҳимоя қилишга уринамиз, буни ўз мамлакатимиз манфаати учун гапирмаймиз”, дейди у.
Туркия етакчиси анча вақтдан буён ўз баёнотларида сайёра тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган “бир сиқим мамлакатлар” ихтиёрига ташлаб қўйилмаслиги кераклигини такрорлаб келади ва у ташкилотда жиддий реформа ўтказиш тарафдорлари ичида асосий яловбардор шахс ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, глобаллашган дунёда ҳамкорлик ва ишончли коммуникация ўрнатиш учун кенг миқёсдаги халқаро ташкилотга эҳтиёж бор ва буни инкор қилиб бўлмайди. БМТ қанчалик танқид қилинмасин, унинг мавжудлиги инсоният ва ер юзидаги тинчлик учун жуда зарур. Чунки тарихан халқаро ташкилотларнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг де-факто тугатилиши Жаҳон урушлари учун “яшил чироқ ёққан”. Шундай экан, бугун БМТни “савалаётганлар” ҳам унинг тугатилиши эмас, балки унда ташкил топган адолатсиз структурани ўзгартириш ва барча давлатларга тенг ҳуқуқлар тақдим қилишни назарда тутяпти. Негаки, бугун БМТни асраб қолиш ва унинг фаолияти самарадорлигини оширишга қанчалик ҳаракат қилинмасин, у шундай версиядаги эски ташкилот – Миллатлар Лигасининг баъзи хатоларидан хулоса чиқармаган ва унинг аянчли тақдирини такрорлаётгандек таассурот уйғотмоқда.
Миллатлар Лигасининг тақдирини такрорлаётган БМТ
Миллатлар Лигаси фаолиятини бошлашидан олдин ўз таназзули учун ўзи тамал тошини қўйган ташкилотдир. Бунинг учун бир қанча асослар мавжуд. Бу асосларни хатолар жумласи билан алмаштирсак муболаға қилмаган бўламиз. Бугунги БМТ ҳам ўз аждодига ҳурмат бажо келтиргани ўлароқ, қўпол хатоликларга йўл қўйиш масаласида Миллатлар Лигаси юрган боши берк кўчада ҳаракатланмоқда. Хўш, Лига ўз фаолияти давомида қандай хатоларга йўл қўйган? БМТ қайси масалаларда тарихдан сабоқ чиқаришни унутди? Нима сабабдан дунё давлатлари ташкилот мавжуд бўлган даврда халқаро сиёсий тартибни “оёғини осмондан” қилиб юборишган? Келинг, шу ва бошқа саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
1-хато. Ташкил топиш шароити ва ундаги дастлабки мақсад
Халқаро ташкилотлар мавжуд бўлмаган ва давлатлар орасидаги можаролар конференциялар ташкил қилиш орқали ҳал қилинадиган даврларда, учрашувга йиғилишдан асосий мақсад мағлуб давлатни жазолаш, эгалланган ерларни қайтариш ва тормор этилган давлат зиммасига контрибуция ёки репарация каби тўловларни юклаш бўлган. Миллатлар Лигасининг тамал тоши қўйилган Париж тинчлик конференциясининг ҳам асосий мақсадлари шулар эди. Бу эса кейинчалик Миллатлар Лигасининг ДНКсида намоён бўлди.
БМТ билан Миллатлар Лигасининг ташкил топиш шарт-шароитлари ва бунга сабаб бўлувчи омиллар ўртасидаги фарқ деярли йўқ эканлиги кишини ҳайратга солади. Миллатлар Лигасига асос солинган конференция ўз бағрига 27 та мамлакатни жамлаганди. БМТ ҳам бу сон билан ўхшаш воқелик мавжуд. Иккинчи Жаҳон уруши давом этаётган маҳал дунё бўйича 26 та мамлакатнинг ҳукуматлари урушнинг бошланишига сабабчи бўлган давлатларга қарши бирлашишига қарор қилган эди. Кейинчалик “Бирлашган Миллатлар” деган тушунча биринчи маротаба АҚШ Президенти Франклин Рузвельт таклифига кўра, 1942 йил 1 январда Бирлашган Миллатлар Декларациясида қўлланилди. Бу эса вақт ўтиши билан уруш якунига етгандан сўнг пайдо бўлган халқаро ташкилот номига асос бўлди.
27 ва 26 та давлатнинг ташаббуси, тинчликни қарор топтириш учун эмас, балки урушга сабабчи бўлганларга қарши бирлашиш ва ўша даврдаги барча мавжуд давлатларнинг қарашларини тенг тарзда акс эттириш масаласидаги камчиликлар ушбу икки халқаро ташкилотнинг муваффақиятсизликларида бош омил вазифасини ўтаган десак кўп эҳтимол муболаға қилмаган бўламиз.
2-хато. Бир ҳовуч қўллар орасидаги сайёра тақдири
Инсоният тарихидаги илк халқаро ташкилот таназзулининг асосий сабаби бу – Париж тинчлик конференциясида ва ундан кейин Миллатлар Лигасининг фаолиятида асосий қарорлар тор доирада қабул қилинганидир. Конференцияда ҳал қилувчи ролни катта учлик ўйнаган. Ўша пайтда катта учлик таркибига АҚШ, Буюк Британия ва Франция давлатлари кирган. Мағлуб давлатлар Германия, Австрия-Венгрия ва Туркия кабилар сиёсий таназзулга учради. Шоҳсупада фақат катта учлик қолганди. Улар эса ўз-ўзидан кейинги давр учун амал қиладиган дунё тартибини тузишди. Энг қизиғи, мағлуб давлатлар ва Россия Лига таркибига киритилмади. Бу эса ушбу халқаро ташкилот фақат тор доираларнинг манфаатлари йўлидаги улов вазифасини ўташини англатарди. Хатолар занжири айнан шундан бошланди. Бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Миллатлар Лигаси Германия ва Туркиянинг Яқин Шарқдаги мустамлакаларини Антанта иттифоқи вакиллари томонидан ўзаро бўлиб олиш ниятини ўзида акс эттирувчи Низом жорий қилди. Бу эса Франция ва Буюк Британия Осиё ва Африканинг катта қисми устидан бошқарув мандатига эга бўлишига олиб келди. Шундай қилиб, ер юзида тинчлик воситаси деб таърифланган Миллатлар Лигаси урушда ғалаба қозонган давлатлар томонидан мағлубларнинг ерлари ва мулкларини тортиб олиш “операция”си эканлиги маълум бўлди. Бу аччиқ ҳақиқат урушдан кейин ўрнатилган тартибдан норози бўлганларнинг сонини ошириб юборди ва натижада Ғарбнинг бир қатор мамлакатларида янги радикал ва экстремистик унсурларга эга жараён пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу янги ҳаракат – фашизм эди.
БМТнинг Низомига эса Хитой, собиқ СССР, Англия ва АҚШ давлатлари вакиллари томонидан 1944 йилнинг август ойида қабул қилинган лойиҳа асос қилиб олинади. Бу эса БМТ хатолар китобидаги биричи саҳифа бўлди. 1945 йил 26 июнда БМТнинг Низоми 50 та мамлакат вакиллари томонидан тасдиқланади. Бу анжуман эса уруш пайтида ташкиллаштирилган Ялта конференциясида СССР, АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари Франклин Делано Рузвельт, Уинстон Черчилл ва Иосиф Сталин ўртасида келишиб олинган эди. Шунинг учун баъзи манбаларда бугун БМТ АҚШ, Британия ва собиқ СССР томонидан барпо этилган, дея тан олинади. БМТ 1945 йилнинг 24 октябрида таъсис этган кўпчилик давлатлар томонидан ратификация қилинган кундан бошлаб юридик кучга эга бўлди. Шундай қилиб, БМТ ҳам Миллатлар Лигаси каби бир ҳовуч қўллар орасида қарор топди ва ўша қўллар мазкур ташкилотни бошқаришда чексиз ваколатларни ўзида жам қилган “вето” ҳуқуқини ўзиники қилиб олди. Бу эса кейинчалик ташкилот фаолиятида ҳам ўзига хос тарзда акс этди. Хусусан, ташкилотда барча аъзоларни жамлаган Бош Ассамблея билан бир қаторда Хавфсизлик Кенгаши ҳам ташкил қилинди. Кенгашга эса БМТни қурган асосий давлатлар ҳамда Франция ва Хитой ҳам киритилди. Ушбу давлатлар Иккинчи жаҳон урушида ғолиб бўлган блок ҳисобланади. Энг қизиғи, мазкур нуқтада БМТ ҳам ўзининг аввалги ёши улуғ версияси каби ғолиб давлатларга кенг ваколатлар, мағлубларга эса қуруқ аъзолик тақдим қилганини англашимиз қийин эмас. Энг ачинарлиси эса шу кундан бошлаб то ҳозиргача ташкилотга аъзо 193 та мамлакат ва ер юзидаги 8 миллиарддан ортиқ аҳолининг тақдири атиги беш давлатнинг қўлида қолиб кетмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши – унинг асосий доимий ишловчи сиёсий органи ҳисобланади. БМТ Низомининг 24-моддасига биноан халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш учун асосий жавобгарлик айнан Хавфсизлик Кенгаши зиммасига юклатилган. Бироқ шундай бўлса-да, ўтган давр мобайнида АҚШ ва Буюк Британия Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, Россия эса Кавказорти ва Шарқий Европада сиёсий беқарорлик ва бир қанча можароларга сабаб бўлди. Бундан ташқари Қўшма Штатлар Осиё-Тинч океани минтақасида бир қанча асоссиз урушларни келтириб чиқарди. Бу можароларда эса Хитой ва собиқ СССРнинг ўрнини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
3-хато. Бўш назорат
Миллатлар Лигасидаги адолатсиз халқаро тартиб Европанинг кўп қисмида миллатчилик кайфиятини урчитиб юборди. Эндиликда мағлуб миллатлар ҳукуматининг тепасида турган лидерлар инсонларнинг миллатчилик кайфиятига ёғ сепишга киришди. Улар ўз миллати учун ижтимоий адолатни ўрнатишни ваъда қилиб, ортидан жуда катта оломонни эргаштиришни бошлади. Бу эса халқаро майдонда янги бошбошдоқлик уруғларини эккан ҳолда Миллатлар Лигасининг чириш жараёнини бошлаб берди. Давлатлар орасида ҳарбий кучга таяниш масалаларнинг асосий ечими сифатида кўрилди. Қуролланишга қарши ва можароларни ҳал қилиш устидаги келишувлар беҳуда кетди. Оқибатда вақт ўтиб Миллатлар Лигаси атрофида қарор топган Версал-Вашингтон тизимига амал қилиш давлатларнинг кун тартибидан тушиб қолди. Худди ҳозиргидек. Ҳар ким ёпинчиқни ўз томонига тортишни бошлади. Бир томонда Британия ва Франция бўлса, қирғоқнинг иккинчи томонида эски қадрдонлар Германия, Италия ва Япония турар эди. Ушбу қарама-қаршилик юқорида дарахт учида турган ҳолда икки йирик ўйинчи СССР ва АҚШ томонидан диққат билан кузатилар эди. Миллатлар Лигаси аллақачон омонатгина ташкилот бўлиб улгурганди. Ташкилотнинг қимирлаб қолган мўрт биносидан дастлабки тошни кўчириш Япониянинг чекига тушди.
Ўша пайтда Узоқ Шарқда ўзини якка ҳукмдор деб биладиган Япония 1932 йилда Манчжурияни босиб олди. Бир йил ўтиб эса Миллатлар Лигасини тарк этди. Шундан сўнг японлар Марказий Хитойни ҳам босиб олди. Босқинчилик ҳаракатлари Италия томонидан давом эттирилди. 1935-36 йилларда Италия Эфиопияга ҳужум қилди ва Эритрея ҳамда Сомалини бир қисмини ўзиники қилиб олди. Италия ҳам ушбу воқеадан бир йил ўтиб Миллатлар Лигасини тарк этди. Бундан ташқари, инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғинга ҳозирланаётган немис фашизмини жиловлаш эътибордан четда қолдирилди. Германия инқирознинг тубига ғарқ бўлган ҳолатда ҳам унга нацистик масалада қарши туриш Лиганинг қўлидан келмади. Шундай қилиб, Миллатлар Лигаси ҳақидаги ҳужжатлар бир парча қоғоз бўлиб қолди. Дунё эса халқаро тартиблар бузилган воқеликлар фонида Иккинчи Жаҳон урушига қараб одимлаб борарди.
БМТ ҳам ташкил топгандан буён назорат юзасидан оқсоқланишда Миллатлар Лигасидан қолишмаяпти. Маълумотларга кўра, БМТ ташкил топгандан буён ер юзида 480 дан ортиқ уруш ва можаролар бўлиб ўтган. Бу эса сўнгги 79 йил ичида ҳар 2 ойда бир конфликт юз берганини англатади. Тўғри, можароларнинг катта қисми локал урушлар бўлган. Ушбу урушларнинг барчасини ҳам БМТ гарданига юкланиши мантиқан тўғри эмас, бироқ ўз фаолияти давомида тўхтатиш ёки олдини олиши лозим бўлган жараёнларда ҳам БМТ заифлик қилган ҳолатлар етарлича. Ўзи бошлаган урушга қарши қабул қилинган резолюцияга ваколати доирасида мавжуд бўлган “вето” ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда қирғинларини давом эттирувчи Хавфсизлик Кенгашининг айрим аъзолари бор экан, дунёда тинчлик қарор топишидан умид қилиш кулгили. Нафақат Кенгаш аъзолари, балки уларда мавжуд “вето” ҳуқуқи ва БМТнинг ташкилий структураси бугун ҳеч бир талабга жавоб бермайди.
Шу ўринда ушбу ташкилотда қарор топган адолатсиз структура ҳақида сўз юритсак. БМТ иккита асосдан ташкил топган – Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши. Ассамблея ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларни қамраб олади. Адолат аллақачон тарк этган Хавфсизлик Кенгашининг таркиби эса ҳаммага маълум. Ассамблея бирор масала юзасидан бир қарорга келиши ҳеч нимани англатмайди. Чунки резолюция қабул қилиниши учун 193 та давлатнинг ичида етарли овоз тўпланган тақдирда, биргина Хавфсизлик Кенгаши аъзоси томонидан қўйилган вето барча саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради. Ушбу вето ҳуқуқи таркиби ўзгармас 5 та давлат томонидан монополия қилинганини ҳисобга олсак, адолат ва мантиқ бу ташкилот штаб-квартирасига ташриф буюрмаганига анча бўлганини англаш қийин эмас. Дунёдаги кўплаб уруш ва можаролар, қонли қирғинларнинг энг тагида айнан шу вето ҳуқуқи ётади. Назоратнинг йўқ бўлишида ҳам асосий сабабчилардан бири Хавфсизлик Кенгашининг нотўғри ташкил этилган фаолият йўлидир.
4-хато. Тажовузкорга “хўп” дейиш
Миллатлар Лигаси қулашга тайёр бўлиб қолган пайтда, Биринчи Жаҳон урушидан аламзада бўлган Германия ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан динамик ўсишга эришди. Немис фашизмидан қўрқиш Миллатлар Лигаси ва ундаги асосий фигураларнинг кейинги ҳаракатларини белгилаб берди. Бироқ бунда фақат қўрқиш факторигина муҳим аҳамият касб этмаган. Ушбу ҳолатда Ғарб элиталари Лига аъзоси бўлган СССР ва Чехословакияга нисбатан сурбетлик қилиш орқали ўзларини ҳимоя қилишни кўзлаганди. Улар фюрер ҳукуматига Чехословакия ерларининг бир қисмини бериш ва немис тажовуз машинасининг йўлига чиқишдан кўра, унинг маршрутини шарққа СССР ҳудудига қараб бурилишини лозим топди. Бироқ бу шунчаки асоссиз умид эди ва кейинчалик Ғарб давлатларининг “тажовузкорга ён бериш” сиёсати деб ном олган мазкур иродасизлиги Иккинчи Жаҳон Урушига йўл очиб берди. Хуллас, Лига ўз думини ютишни бошлаган илон каби қилган ҳаракатлари туфайли ўзининг бошини еди.
БМТда эса зўравонлик билан боғлиқ ҳолат бироз бошқача тус олган. Бу ерда сиёсий беқарорлик ташкилот ичидаги асосий асосчилар томонидан амалга оширилиши инсонни бироз ўйга толдиради. Бу ўз-ўзидан муаммо жуда мураккаб ва унинг илдизи анча чуқур эканини англатади. Зўравонликларнинг асосий озуқаси эса бу – “вето” ҳуқуқи. Ушбу ваколат қандай ишлаши юқорида тушунтирилди, бироқ кўплаб салбий жиҳатларга эга ушбу ҳуқуқ унга эга бўлган “хавфсизлик ва тинчлик учун жавобгар бўлган 5 та давлат” томонидан қандай, қанча ва қай тарзда фойдаланилгани алоҳида мавзу. Маълумотларга қараганда вето шу пайтгача 293 марта қўлланилган. Уларнинг энг катта қисми СССР ва унинг вориси Россия томонидан фойдаланилган. Улар умумий ҳисобда 120 дан ортиқ ҳолатда бу ваколатларини ишга солган. Бу ветоларнинг жуда кўп қисми ташкилотга янги аъзоларни қабул қилишга қарши ишлатилган. Қўшма Штатлар ҳам бу борада жуда илғор. Энг ачинарлиси эса АҚШ ўзининг ветоларининг деярли тенг ярмини ХХ ва XXI асрнинг энг сурбет оккупанти Исроилга қарши қабул қилинган резолюцияларни блоклаш учун қўллаган. Хавфсизлик Кенгашининг аъзоси сифатида БМТ концепцияларига мутлақо зид тарзда ҳаракатланиш бутун ташкилотнинг репутациясини парчалади. Бу кетишда Яқин Шарқ ва Шарқий Европа БМТнинг потенциал қабрлари бўлиши мумкин.
Бугунги БМТ
Бугун БМТнинг қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган. Қароргоҳнинг биноси ва майдони халқаро зона ҳисобланади. Бу эса ушбу ҳудуд биргина АҚШнинг эмас, балки БМТга аъзо бўлган барча давлатларнинг ҳудуди деганидир. Қароргоҳнинг қаршисида аъзо мамлакатлар байроқлари қадалган. Биринчи байроқ Афғонистонники, охиргиси эса Зимбабвеники, чунки мамлакатлар номи алифбо тартибида жойлаштирилган. БМТнинг ўз байроғи ҳам бор бўлиб, у ҳаво рангда ва ўртасида оқ ранг мавжуд. Бундан ташқари, байроқда зайтун дарахтининг шохлари ўраб турган дунё харитасининг тасвири ҳам мавжуд. Зайтун дарахти тинчлик рамзи ҳисоблангани учун БМТ байроғидан жой олган. Аммо, ҳозирча тинчлик рамзи осмонда ҳилпираб турган байроқдан ерга тушганича йўқ.
Ташкилот Низомида БМТнинг тамойилларига амал қилмаган давлатларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиш ёки уни умуман аъзоликдан маҳрум этиш белгиланган. Аммо бугунга қадар ҳали бирор бир мамлакат БМТдан чиқарилмаган. Ҳозирча БМТни Миллатлар Лигасидан фарқлаб турган кам сонли жиҳатлардан бири айнан шу.
Ташкилот бугунги кунда бир қатор халқаро байрамларни нишонлаб келади.
Булар:
- Халқаро хотин-қизлар куни (8 март);
- Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни (5 июнь);
- Халқаро саводхонликни ёйиш куни (8 сентябрь);
- Халқаро қашшоқликка қарши кураш куни (17 октябрь);
- Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни (1 декабрь);
- Инсон ҳуқуқлари куни (10 декабрь).
Бироқ “тинчлик байрамини” нишонлаш ҳали ташкилотга насиб қилмади. БМТ фаолияти ҳақида жуда узоқ сўзласа, том том китоблар ёзса бўлади. Лекин бу китобнинг асосий боблари Исроилнинг Фаластиндаги қирғини, Россия томонидан Украинанинг кули кўкка совурилиши, АҚШ томонидан Яқин Шарқнинг катта қисми харобазорга айлантирилгани ва Ливия йўқ қилингани ҳақидаги воқеалардан таркиб топади.