БМТ 81 кишининг қатл этилишини қоралади

Олам

image

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Саудия Арабистонидаги оммавий қатлларни кескин қоралади. 

“Мен тушунаман, қатл этилганлар орасида қирқдан ортиқ одам шиа озчиликка мансуб ва 2011-2012 йилларда ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олинган. Яна етти нафари яманлик, бири эса Сурия фуқароси”, дейилади БМТ бош ҳуқуқ ҳимоячиси баёнотида. 

Мишель Бачелетнинг сўзларига кўра, далиллар шуни кўрсатадики, қатл этилганларнинг баъзилари адолатли суд стандартларига тўғри келмайдиган суд жараёнларида ўлимга ҳукм қилинган. 

Қолаверса, бу шахслар содир этгани айтилаётган жиноятлар энг оғир жиноятлар қаторига кирмайди. 

Ўлимга ҳукм қилинганлар сони Саудия Арабистонида 2021 йил давомида амалга оширилган қатллар сонидан ошиб кетди. 

“Ўлим жазоси асосий инсонпарварлик тамойиллари – инсон ҳуқуқлари, яшаш ҳуқуқи ва қийноқларни тақиқлаш билан мос келмайди. Қариндошларига қатл қилиш ҳолатлари тўғрисида маълумот беришдан бош тортиш қийноқ ва шафқатсиз муносабатда бўлиши мумкин. Расмийлар қатл этилганларнинг жасадларини оилаларига қайтаришлари шарт”, дейди Бачелет.

Эслатиб ўтамиз, 12 март куни Саудия Арабистонида 81 киши, жумладан, етти нафар Яман фуқароси хавфсизлик кучларига ҳужум қилгани ва террорчилик ячейкаси ташкил этгани учун қатл этилди.

Саудия ИИВ маълумотларига кўра, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар орасида етти нафар яманлик, шунингдек, Саудия Арабистонининг шарқий қисмида яшовчи, Ал-Сауд оиласи ҳукмронлигига қарши бўлган шиа жамиятининг кўплаб ёшлари ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

361

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг