Блогер Варламовнинг танқидидан сўнг поезд ходимлари жазоланди
Жамият
−
21 Май 2023
25452Россиялик блогер Илья Варламов Самарқанддан Тошкентга қатнайдиган поезддаги шароитни танқид қилиб чиққанди. Унинг бу танқидига “Ўзбекистон темир йўллари” муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, блогер Илья Варламов жорий йилнинг 18 февраль куни 11-сонли “Шарқ” “Бухоро – Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездининг “Самарқанд – Тошкент” йўналишида ҳаракатланган.
Келтирилишича, унинг танқидидан сўнг тезкор йиғилиш ўтказилган. Кўрсатилган камчиликлар юзасидан ушбу санада хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўлланилиб, йўловчи поездларда сервис ва хизмат кўрсатиш қоидалари ҳақида қайта кўрсатмалар бериб ўтилган.
Ҳозирги кунда барча йўналишлар ҳаракати давомида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишини текшириш мақсадида ишчи гуруҳ қўшимча фаолиятини бошлади, дейилади расмий изоҳда.
Шунингдек, видеолавҳада айтиб ўтилган йўналишнинг чипта нархи 100 АҚШ долларидан ошиқлиги ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтиб ўтилди.
Аниқланишича, блогер мазкур йўналиш учун чиптани Россия Федерациясининг “RJD” сайтидан электрон тарзда 4213,9 рублга расмийлаштирган. Мазкур вагон люкс тоифасида бўлиб, 4 та купедан иборат ва фақат 8 та йўловчи учун хизмат кўрсатади. Ушбу йўналиш чипта нархи 385 980 сўм ҳисобланади.
“Ҳурматли йўловчилар, ўз тасдиғини топмаган маълумотларга ишонмаслигингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Илья Варламов жорий йилнинг 8 март куни Туркманистон фуқаролигини олганини эълон қилганди. Лекин орадан бир кун ўтиб, бу хазил экани, қандай қилиб бундай мамлакат фуқаролигини олишни хоҳлаш мумкинлигини тушинмаслигини айтган. Шундан сўнг, уни Россия Адлия вазирлиги “хорижий агент” деб эълон қилди.