Блогер Отабек Сатторий қамоқдан озод қилинди
Жамият
−
05 Февраль
13919Бугун, 5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қарши туман судида 6 йилга қамалган блогер Отабек Сатторийнинг судга киритган илтимосномаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ва у озод этилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судлари маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 май кунидаги ҳукми, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлдаги ажрими ва Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 5 апрелдаги ажрими ўзгартирилиб, 6 йил озодликдан махрум қилиш жазосига келтирилган Отабек Сатторийнинг судга киритган илтимосномаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.
Шу тариқа суднинг ажрими билан Отабек Сатторий 2024 йил февраль ойининг 5 кунига қадар ўталмай қолган 2 йил 11 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси (жазони енгилроғи билан алмаштириш) 3-қисми “в” бандига асосан ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди. Унга 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Шунингдек, блогернинг қамалишидан сўнг “Human Rights Watch” халқаро ташкилоти Сатторийнинг қамалишини мамлакатдаги сўз эркинлигига зарба, деб баҳолаганди.
Бундан ташқари, шубҳали диний мазмундаги материаллар сақлагани ва уни бошқа шахсларга тарқатганликда айбланиб, 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган Фозилхўжа Орифхўжаев озодликка чиққанди.