Отабек Сатторийнинг апелляция суди бошланди
Жамият
−
29 Июнь 2021
7867Бугун, 29 июнь куни соат 11:00 да Сурхондарё вилоят суди биносида судланувчи Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур жиноят иши Самарқанд вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бугунги суд мажлисида судга раислик қилувчи Самарқанд вилоят суди судьяси И. Ҳамидов томонидан суд таркиби эълон қилиниб, ҳозир бўлган суд иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилган.
Шундан сўнг тарафларда судлов ҳайъати таркибини рад қилишга оид арзлар ёки илтимослар бор ёхуд йўқлигига аниқлик киритилган. Судланувчи Отабек Сатторий прокурор ва судлов ҳайъати таркибига раддия билдирган. Унинг раддияси тарафларнинг фикри ўрганилган ҳолда ҳал этилиб, қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Шунингдек, судланувчи Отабек Сатторий ва унинг ҳимоячиси Ш. Холмуродов судга илтимоснома киритиб, судланувчи Сатторийнинг отаси А. Сатторийни ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат берилишини сўради. Ушбу илтимоснома Жиноят-процессуал кодексининг 423-моддаси (суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби) тартибида ҳал этилиб, қаноатлантирилди ҳамда А. Сатторий ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Унга Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддаси (ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари)да назарда тутилган ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари тушунтирилган.
Шунингдек, суд муҳокамасининг тайёрлов қисмида жабрланувчи Т. Шопўлатов ва Ў. Турдиевнинг ҳимоячиси “Surxon Adolat ximoyasi” адвокатлик бюроси адвокати С. Маматқулованинг соғлиги ёмонлашганлиги боис суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги, судланувчининг ҳимоячиси Тошкент шаҳар “Адолат сари” адвокатлик бюроси адвокати Ш. Холмуродов ишга янгидан киришганлиги сабабли жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш, суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берилишига оид илтимослари кўриб чиқилган. Илтимосномалар асосли эканлиги инобатга олиниб, кейинги суд мажлиси 2021 йил 30 июнь куни соат 10:00 га қолдирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь