Шабнам 3 ой аввал қоралаган Омбудсман бугун унинг кунига яраяпти. Оллошукурова қаерда?
Таҳлил
−
13 Ноябрь 2019
13868Блогер Нафосат Оллошукурова қаерда? Унинг аҳволи қандай? Маълумки, у жорий йилнинг сентябрь ойларида тарқалган норозилик видеоси орқали эътиборга тушган эди. Кўп ўтмай 23 сентябрь куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан (Шабнам) Нафосат Оллашукуровага маъмурий иш қўзғатилиб, МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202-моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
26 сентябрь куни Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида рухиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни Хоразм вилояти руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган. У ҳозиргача диспансерда қолмоқда.
Кеча, 12 ноябрь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Нафосат Оллашукурова ҳақида ҳам сўз борди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев ва блогер Нафосат Оллошукурованинг адвокати Умидбек Давлетов Оллошукурованинг бугунги аҳволи ҳақида маълумот берди.
Адвокатнинг қайд этишича, у 6 ноябрь куни Урганч туманлараро судига бориб, ҳимоясидаги Нафосат Оллошукуровага оид фуқаролик иши бўйича кассация тартибида шикоят топширган.
“Нафосат Оллошукурованинг ёнига бордим. У билан учрашдим, вазиятни сўрадим. Сақлаш шароитлари ёки озиқ-овқат ва бошқа шароитлар бўйича бирор эътирози бор-йўқлиги билан қизиқдим. У ҳеч қандай эътирози йўқлигини, ҳаммаси жойидалигини айтди. Унга кассация тартибида шикоят жўнатилганини, тез орада суд куни маълум бўлишини, судда ўзининг иштирокини таъминлаш масаласи қўйилганини, бу масалани суд ҳал қилишини, қолаверса, унинг сақлаб турилган жойидан чиқиб кетиш ҳолати асосан республика ёки ушлаб турилган руҳий касалликлар диспансерининг хулосасига боғлиқ эканини тушунтирдим. У оиласига салом айтишимни, улардан хабардор бўлиб туришимни илтимос қилди”, дейди Оллошукурованинг адвокати Умидбек Давлетов.
Анжуманда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев ҳам блогернинг аҳволи ҳақида маълумот берди.
“Жорий йилнинг 21 октябрь куни мониторинг гуруҳи суд қарорига кўра, Хоразм вилояти руҳий асаб касалликлари диспансерига жойлаштирилган фуқаро Нафосат Оллошукурова билан учрашиш учун ташриф буюрди. Учрашувга фақат Омбудсман ходимларини эмас, Республика Хотин-қизлар қўмитасидан вакил, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари, “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари ва соғлиқни сақлаш тизимидан психиатрия соҳаси экспертларини таклиф этдик. Ташриф Омбудсман ўринбосари бошчилигида амалга оширилди. Ташриф давомида Оллошукурованинг руҳий ҳолати нисбатан барқарор экани ва мулоқот қила олишига ишонч ҳосил қилинди.
Фуқаро Оллошукурова суҳбат давомида тиббиёт муассасаси ходимларининг самимий муносабатда эканлигини, унга нисбатан бирор руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказиш ҳоллари бўлмаганини қайд этди.
Ташриф вақтида мутахассислар беморни кўришди ва унинг ҳолати нисбатан яхшиланганини қайд этишди. Айни вақтда унда тушкунлик аломатларининг сақланиб тургани, белгиланган даволаш курсини давом эттириши зарурлиги таъкидланди. Диспансер врачлари томонидан белгиланган дори воситалари орасида руҳий фаолиятни пасайтиришга кучли таъсир кўрсатувчи препаратларнинг йўқлиги маълум бўлди.
Фурсатдан фойдаланиб, ходимларимиз томонидан Оллошкуровага ота-онаси билан телефон орқали гаплашишига имконият яратиб берилган. У оила аъзоларига ўзининг сақланаётган ҳолати бўйича маълумот берган. Шунингдек, мониторинг гуруҳига унинг акаси Тожимурод ҳам жалб этилган”, дейди Муҳаммадиев.
Йиғилишда маълум қилинишича, айни вақтда Хоразм вилояти руҳий асаб касалликлари диспансерида сақланаётган Нафосат Оллошукурованинг фарзандларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида унинг икки нафар фарзанди мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли равишда қабул қилинган. Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Оллошукурованинг ота-онаси ва фарзандларининг аҳволидан хабар олган. Айни вақтда ташкилотлар Оллошукурованинг фарзандларини қишки кийимлар билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Дарвоқе, Нафосат Оллошукурованинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасини тафтиш қилиш жараёнида унинг Facebook'даги Shabnam Olloshkurova номли саҳифаси жойлаштирилган постлар эътиборимизни тортди. Улар орасида жорий йилнинг 4 август куни жойлаштирилган пост – Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев сурати ҳам бор. Блогер сурат остига қуйидаги гапларни ёзиб қолдирган:
"Хурматли Шавкат Мирзиёев, мана бу одамга нима сабабдан ойлик маош тўланади? Уни сиздан бошқа ҳеч ким уйғота олмайди. Агар бу нусха ўз вазифасини бажарганида эди, СНОСлар бундай шармандали даражада оғир оқибатларни келтириб чиқармаган бўларди".
LiveБарчаси