Блогер Мурод Махсудов 7,5 йилга қамалди
3-саҳифа
−
06 Июнь
23769Блогер ва “Эзгулик” жамияти фаоли Мурод Махсудов 7,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 4 июндаги ҳукмига мувофиқ М. Махсудов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми ва 2-қисми бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) 2-қисми билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди.
Махсудов Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми “б” банди ва 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланди.
“Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида шикоят қилишга ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.