Блогер “Абдуллоҳ” Президентга тажовуз қилишда айбдор деб топилди

3-саҳифа

image

“Абдуллоҳ” номи билан танилган блогер Югай Валерий 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Қайд этилишича, 1999 йилда Тошкент вилоятида туғилган блогер жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми ва 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Билдирилишича, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ унинг Абу Даби-Самарқанд рейси орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтирилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан процессуал тартибда ушлангани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллангани хабар қилинган эди. Блогер 2024 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Корея Республикасида бўлиб турган вақтида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин бўлган, миллий қадриятни таҳқирловчи ҳамда диний эътиқодга кўра, фуқароларни камситувчи сўзлар билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қатор ҳақоратли чиқишлар қилиб борган.


Мақола муаллифи

Теглар

блогер Абдуллоҳ Югай Валерий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг