“Абдуллоҳ” номи билан танилган блогер қамоққа олинди (видео)
3-саҳифа
−
09 Апрель 62219 2 дақиқа
“Абдуллоҳ” номи билан танилган блогер Югай Валерий қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов маълум қилди.
Билдирилишича, ижтимоий тармоқларда “Абдуллоҳ” номи билан танилган Тошкент вилоятида яшовчи 26 ёшли шахс 2024 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Корея Республикасида бўлиб турган вақтида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги оммавий саҳифалари орқали миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин бўлган, миллий қадриятни таҳқирловчи ҳамда диний эътиқодга кўра фуқароларни камситувчи сўзлар билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қатор ҳақоратли чиқишлар қилиб борган.
Олинган маълумотга асосан, ушбу шахс жорий йилнинг 24 март куни Абу Даби-Самарқанд рейси орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтирилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
“Мен Югай Валерий ижтимоий тармоқда халқимизни ҳақорат қилганман. Мен ҳаммасини актив учун қилгандим, танилишим учун қилгандим. Лекин бу нарсанинг ҳаммасини тушуниб етиб, жуда қаттиқ пушаймонман. Ҳаммадан чин қалбимдан кечирим сўрайман. Жуда қаттиқ пушаймонман. Илтимос, мени кечиринглар”, дейди у.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Югай Валерийга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогерга БҲМнинг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган эди.
Live
Барчаси