Блогер Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинди
3-саҳифа
−
08 Февраль 2023
47960Блогер Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168- ва 165-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББга фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
“Абдуқодир Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кириб, ўзининг хизматлари учун жами 10 000 АҚШ долларини сўраб, шундан 3 800 АҚШ долларини олдиндан олган. Лекин у берган ваъдасини бажармай, олган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг октябрь ойида Абдуқодир Мўминов Жиззах вилоятида фуқаро А.Т. билан учрашиб, унинг раҳбарлиги остидаги ташкилот тўғрисида салбий йўсинда видеолавҳа тайёрлаганини, ушбу материални ўзининг “Кўзгу” номли ижтимоий тармоқ саҳифаси орқали тарқатадиган бўлса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинишини айтиб, А.Т.ни ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб, А.Т.дан ушбу маълумотларни сир сақлаши учун 70 000 АҚШ доллари сўраган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, фуқаро А.Т. ўз кўрсатувларининг тасдиғи сифатида Аюдуқодир Мўминов билан ўртасидаги сўзлашувлар аудио ёзувини тақдим этган ва унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Абдуқодир Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. А.Муминов процессуал тартибда ушланган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
LiveБарчаси