Блинкен Тошкентга етиб келди
Олам
−
28 Февраль 2023
11526АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Қозоғистонга ташрифини якунлаб, бугун, 28 февраль куни Ўзбекистонга келди. Уни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Саидов кутиб олди.
Блинкен самолётдан тушгач, трап олдида вазир Саидов, унинг ўринбосари Фурқат Сидиков ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари билан мулоқот қилган.
Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 1 март куни ўтказилиши режалаштирилган. Унга кўра, Блинкен ўзбекистонлик мавқедоши Бахтиёр Саидов билан учрашиб, музокара ўтказади. Кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлади.
Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи
Кеча, 27 февраль куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бугун, 28 февраль куни у Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. Учрашув чоғида республика раҳбари АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини айтди.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 форматида энергетика, иқтисодиёт ва терроризмга қарши кураш масалалари, шунингдек, халқаро муаммолар, жумладан, Украина атрофида вазиятни муҳокама қилди.
C5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама механизми ҳисобланади. У 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган. У 1 март куни Нью-Деҳлига жўнаб кетади.