Блинкен Тель-Авивда. У Исроилни қўшнилари билан ярашишидан умидвор
Олам
−
09 Январь
3663Бугун, 9 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга борди. У Тель-Авивда яҳудий давлатининг янги тайинланган Ташқи ишлар вазири Исраэл Кац билан учрашди. Бу ҳақда вазир ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Блинкен Исроил ТИВ раҳбари билан учрашувда Ғазодаги урушдан кейин Исроил Яқин Шарқ минтақаси давлатлари билан муносабатларини яхшилаши мумкинлигини айтди.
“Сиз кўп йиллар давомида Яқин Шарқда алоқа ва интеграция ўрнатишга ҳаракат қилаётганингизни биламан ҳамда буни амалга оширишнинг реал имконияти бор, деб ўйлайман”, деган Блинкен.
Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига ўхшаш ҳолат такрорланмаслиги ва минтақа келажаги устида ишлаш керак.
Исроил Ташқи ишлар вазири эса Блинкен билан Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш, ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ”га қарши курашни муҳокама қилганини айтган.
“Мен унга (Блинкенга) Президент Жо Байден Исроилни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирдим ва урушнинг гаровга олинганларни қайтариш, ҲАМАС ташкилотини мағлуб этиш ҳамда Исроилнинг жанубий ва шимолий ҳудудлари аҳолисининг ўз уйларига хавфсиз қайтиш имконини бериш учун “Ҳизбуллоҳ”ни жанубий Ливандан чиқариб юбориш масаласида гаплашдим”, деб ёзди Кац.
Унинг қўшимча қилишича, Давлат котиби Блинкен ҳам Қўшма Штатлар Исроил хавфсизлигига содиқ эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Блинкен Ғазода уруш бошлангандан бери минтақага қилган тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонида бўлганди. Бундан ташқари, Блинкен Ғарбий Соҳилга ҳам бориши режалаштирилган. Унинг Яқин Шарққа сафари эса Мисрга ташриф билан якунланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь