Блинкен “қора шаҳзода” билан учрашди
Олам
−
16 Октябрь 2023
9691Кеча, 15 октябрь куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ар-Риёдда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди. Бу ҳақда Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги SPA хабар берди.
Қайд этилишича, бин Салмон Блинкен билан учрашувда Исроилнинг Ғазо секторида тинч аҳолига қарши ҳужумларини қоралаб, халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирган.
Валиаҳд шаҳзода Саудия Арабистони Исроилнинг Ғазо секторидаги тинч аҳоли ва инфратузилма объектларига ҳужумларини қоралашини айтган. У бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган ҳарбий амалиётларни тўхтатиш муҳимлигини таъкидлаган.
“Халқаро инсонпарварлик қонунларига, жумладан, тарангликни юмшатиш ва Ғазога қўйилган блокадани олиб ташлашга риоя қилиш керак”, деган бин Салмон мамлакатининг тарангликни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига ишора қилиб.
Унинг айтишича, қироллик Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, зудлик билан ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун барқарорлик ва тинчлик жараёнини тиклашга ҳаракат қилмоқда.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллернинг билдиришича, котиб Блинкен АҚШнинг ҲАМАС террорчилик ҳужумларини тўхтатиш, барча гаровга олинганларнинг озод этилишини таъминлаш ва можаро тарқалишининг олдини олишга қатъий эътибор қаратаётганини таъкидлаган.
АҚШ Давлат котибининг ўзи бин Салмон билан учрашувни “жуда самарали” ўтганини айтган.
АҚШ расмийсига кўра, валиаҳд шаҳзоданинг шахсий фермасида бўлиб ўтган учрашув бир соатдан камроқ давом этган.
Айрим манбаларга кўра, Блинкен бин Салмон билан бир кун олдин учрашиши керак бўлган. Бироқ валиаҳд шаҳзода АҚШ Давлат котибини кўпроқ куттиришни афзал кўрган.
Қайд этиш жоизки, Энтони Блинкен Ғазода вазият жиддийлашгач, 12 октябрь куни Исроилга етиб борган ва уерда Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицаак Герцог билан учрашган ва вазиятни муҳокама қилган. Шундан сўнг, у Иорданияда Қирол Абдулла II билан, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан, Доҳада Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний билан учрашиб вазиятни муҳокама қилди. Шунингдек, у Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрда ҳам бўлди.
Маълумотларга кўра, араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен бугун, 16 октябрь куни келгуси режалар ҳақида гаплашиш учун Исроилга қайтади.
Эслатиб ўтамиз, Ғазода вазият таранглашуви фонида Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ҳам минтақа бўйлаб сафар қилишни бошлаган эди. У Ироқда Бош вазир Муҳаммад ал-Суданий билан, Ливанда “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Шайх Ҳасан Насруллоҳ билан учрашди. Абдуллоҳиён Эрон Исроилга қарши янги фронт очиши мумкинлигини айтди. Эрон Президенти Иброҳим Раисий эса Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқотда Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро ҳудудидаги вазиятни муҳокама қилди.
LiveБарчаси