Блинкен Фидан билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
10:09
1366АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан Сурия ва Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
“Давлат котиби Блинкен ва Туркия Ташқи ишлар вазири Фидан Ҳалаб ва бошқа жойлардаги зўравонликларни камайтириш, фуқаролар ҳамда инфратузилмани ҳимоя қилиш заруратини муҳокама қилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Блинкен ва Фидан Ғазо сектордаги гуманитар саъй-ҳаракатлар, урушни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилиш заруратини муҳокама қилган.
Маълумот учун, ўтган ҳафтада ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар Суриянинг Идлиб ва Ҳалаб провинцияларида ҳужумлар бошлаганди. Террорчилар бир қатор аҳоли пунктларини тезда назоратга олишга эришган. Хусусан, улар Ҳалаб шаҳрининг муҳим қисмини, жумладан, марказий туманларни назорат қилаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, шаҳар аэропорти ҳам ёпилган.
Сурия оммавий ахборот воситаларига кўра, мамлакат қўшинлари Ҳама провинцияси ва Идлибнинг жанубий ҳудудларига чиқиш йўлларида мудофаа чизиқларини мустаҳкамлаган. Ҳукуматга қарши қуролли гуруҳларга нисбатан ҳаво ҳужумлари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатлашиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилган эди. Суҳбат чоғида ҳар икки томон Сурияда қуролли гуруҳлар томонидан Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида содир этилган террорчилик ҳужуми муносабати билан вазиятнинг хавфли кескинлашувидан хавотир билдириб, Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашларини тасдиқлаган.
LiveБарчаси