“Бизда қонун эмас, стереотиплар ишлаяпти”. Инсон ҳуқуқлари фаоли Сайёра Хўжаева билан суҳбат
Интервью
−
17 Октябрь 2020
13011Гендер тенглиги. Сўнгги вақтларда бу ҳақда жуда кўп эшитяпмиз. Аёллар учун кўпроқ имкониятлар яратиш, уларни ҳам раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, ваколатлар бериш, қонунчиликни ҳам ўзгартириш, эркакларга қараганда кўпроқ имтиёзлар бериш масаласида устувор бўлиб турибди. Бироқ жамият бунга тайёрми? Давлат органлари-чи? Наманганда бир аёл ўзини ёқиб юборди. Жиноятда айбланаётган 6 фарзанднинг онаси Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош врачи эҳтиёт чораси сифатида ҳибсланди. Шу кунларда "Сардоба фожиаси"дан азият чеккан аёллар фарзандлари билан чайлаларда яшаётгани ҳақидаги масала кун тартибига чиқди. Булар ҳақида Биз Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги Сайёра Хўжаева билан суҳбатлашдик.
Қамариддин Шайхов, журналист: — Сиз аёлсиз, онасиз, Наманганда ўзини ёқиб юборган аёл ходисасини кўрганингизда, биринчи навбатда инсоний жиҳатдан, юрист сифатида сизда қандай ҳаяжон кечди?
Сайёра Хўжаева, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Юридик фанлар номзоди: — Тўғриси ижтимоий тармоқларда бу воқеани кўрганимда, мени бир нарса ҳайратга солди. У ҳам бўлса - атрофда турган одамлар. Улар шунчаки томошабин бўлиб туришибди, чунки улар аёл ўзини ёқишига ишонишмаяпти. Мен, ўз тажрибамдан келиб чиқиб, шу кадрни кўриб ишондим. Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлиб ишлаган давримда ҳар хил аёлларни кўриб, кўзим пишиб кетган. Аёллар психологияси, ички кечинмалари билан яқиндан танишиб, уларнинг нима қилиши, қандай қадам ташлашини, қайси ҳаракати нимага олиб келишини биламан. Видеони кўрибоқ, ҳозир ўзини ёқиб юборади деб айтдим. Бу таҳдид ҳам, кимнидир қўрқитиш ҳам эмасди. Аёл чегарага олиб келинган эди. Мени ҳайратга солган нарса, атрофда 20 дан ортиқ эркак ва аёллар турибди ва улардан бирортаси ҳам югуриб бориб, аёлни қутқаришга ҳаракат қилмади. Саросимага туширадиган ҳолат эди, бориб қутқаришгунига қадар бироз вақт ўтди ва уни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Аёлни шу нуқтага олиб келмаслик ҳам мумкин эди. Тўғриси бу воқеани ўйласам, ўзимни жуда ёмон ҳис қиламан.
Биз ҳаммамиз инсонмиз, бундай ҳолатлар ҳар куни ҳам бўлмайди, лекин бу аёлнинг шундай аҳволга келишига, жамиятда бўлаётган ходисалар, аёл атрофида юз берган хатоликлар ва албатта, у ерда турган инсонлар сабаб бўлган, деб ўйлайман. Қўни-қўшни, МИБ, ИИБ ходимлари, қолаверса кадастр, нотариусдан бошлаб ҳаммаси айбдор. Албатта, бўлиб ўтган ходисага, ҳуқуқий баҳо берилади. Сиз билан бизга ўхшаб таҳлил қилинади, аммо энди кеч, чунки инсон йўқ. Фарзандлари энди она меҳрисиз катта бўлади. Онаси бутун умр болам деб ўтади. Бундай ҳодисалар, албатта, Ўзбекистоннинг имиджига дунё ҳамжамияти олдида таъсир қўрсатувчи, салбий омилларидан бири, деб ўйлайман.
Қ.Ш.: — Ўзбекистоннинг бугунги ислоҳотларига ана шу битта воқеа салбий таъсир ўтказиши мумкинми?
С.Х.: — Албатта, таъсир қилади. Чунки хорижий инвесторлар Ўзбекистонга сармоя киритишдан олдин, етти марта эмас, етмиш марта ўлчаб кўришади. Эсимда, 2018 йил бизга инвестиция олиб кирмоқчи бўлган 700 та чет эл инвесторлари ҳар хил сабабларга кўра, ўз сармояларини киритмасдан, қайтиб кетишган. Кимдир айтар, қайтса қайтибди деб. Аммо, уларнинг бизга олиб киритган инвестицияси туфайли, қанча-канча янги иш ўринлари очилиши мумкин эди. Қанча йигит-қизларимиз, чет элга иш ахтариб, оиласидан узоққа, юртни тарк этиб кетмас эди...
Қ.Ш.: — Сиз дунё майдонларига чиққан аёлсиз, кўплаб халқаро ташкилот ва экспертлар билан мулоқотда бўлгансиз. Уларнинг бўлаётган ҳодисалардан хабари борми ва бу битта воқеа қанчалик таъсирини ўтказади?
С.Х.: — Ижтимоий тармоқларда сиз ва мен кўрган нарсани халқаро экспертлар ҳам албатта кўради, кузатади ва таҳлил қилади. Уларда, нафақат бизни, балки бошқа ривожланаётган давлатларни кузатиб, таҳлил қиладиган Марказлар ва Институтлар фаолият юритади. Биласизми, улар битта эмас, шунга ўхшаш яримта ҳолат қайд этилса хам, ўйланиб инвестиция киритади. Бундай ишларни кўздан қочиришмайди. Бизда эса бундай ҳолатлар қанча бўлаётгани ўзингизга жуда яхши аён.
Сардобани олсак, албатта тошқиндан сўнг давлат томонидан анча ишлар қилинди, янги уйлар қурилиб, бутун Ўзбекистондан гуманитар ёрдам кўрсатилди. Аммо, нега сув омбори фожиасига йўл қўйган раҳбарлар жавобгарликка тортилганини эшитмадик? Чет эл экспертлари ҳам бу саволга жавоб қутишаяпти. Нега Сардоба сув омборини қуриб битказилди деган ҳужжатга имзо чекканларнинг эҳтиёт чораси қамоққа олиш этиб белгиланмади? Қанчадан-қанча одам зарар кўрди, ахир. Нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ҳам зарар кўрган. Ҳозир эьтибор берсак, 1 200 га яқин одам макатабларда, Оқолтин туманида 50 тага яқин оила кўчада, чайлада яшаяпти. Болалар Омбудасмани Алия Юнусова билан Сардобага бордик, у ердагиларнинг аҳволини ўргандик. Оқолтин туманидаги 500 номли қишлоқ ахолисини чайлаларда, ёш болалари билан кун кечираётганини кўриб жуда ачиндик. Аҳоли билан гаплашганда на депутатлар, на бошқа ташкилотлар уларнинг аҳволидан хабар олмаганини айтишди. Вилоятга берилган гуманитар ёрдам хақида фақат эшитишган, аммо уларга етиб келмаганини айтишди. Маҳалла оқсоқолининг қилиқлари ва солиқ ходимларининг ноқонуниний талаблари одамларни мурожаат қилишга мажбур қилган. Биз хам уларнинг аҳволини кўриб, ачиндик ва мутасадди ташкилотларга якуний ҳужжат тақдим қилдик.
Қ.Ш.: — Наманганлик аёл ҳодисасига қайтсак. Бу билганимиздир балки, билмаган ҳодисаларимиз қанча... Бу вазият мамлакатда гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, оддий МИБ ходимининг назарида қандай эканини тасвирлайди, деган хулосаларни келтириб чиқаради. Бу шунчаки бекор бўлди-да дейдиган ҳодиса эмас. Бунинг учун дод солиш керак, йиғлаш керак, аёллар ёняпти. Бу вақтда эса Сенатимиз раиси БМТнинг катта минбарида Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари хусусида маъруза қилаётган эди.
С.Х.: — Биз Мустақилликнинг бошиданоқ гендер тенглиги ҳақидаги қонунни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида гапириб келганмимз. 15 йил деганда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли “Тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Аммо, бугун гендер билан тендерни алмаштирадиган раҳбарларимиз ҳам йўқ эмас. Айрим раҳбарлар жуда салбий қабул қилишди. Албатта, ҳали кўп тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Биласизми, гендер тенгликка Наманган воқеасининг нима алоқаси бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Аслида жуда кўп нарса боғлиқ. Масалага энг бошидан баҳо берайлик. Бу аёл ўз-ўзидан шу аҳволга тушиб қолмаган. Оилада кўрган қийинчиликлари, ён-атрофдагиларнинг унга бўлган муносабати, енгил табиат деган туҳматлар... Бу каби азобдан аёл ўз муаммоси ичида яккаланиб қолган. Агар у аёл ўз хуқуқларини билганда, балки бу ҳолатгача келмасди. Ҳамма бало хуқуқий саводсизликдан, хуқуқий маданиятимизнинг пастлигидан.
Албатта, биз ҳали маҳаллаларга етиб бормадик. Баъзилар гендер — бу аёлларнинг ҳокимиятга бўлган интилишлари деб ҳисоблашади. Ҳақиқатда эса, бу эркаклар ва аёллар масалалари билан боғлиқ кенг ва долзарб муаммо — ҳар икки жинснинг имкониятлари тенглиги деб айтиш мумкин. Шубҳасиз, аёлларнинг жамиятда муаммолари кўпроқ, шунинг учун аёлларга кўпроқ эътибор қаратилган. Бугунги кунда дунё билан алоқалар, таълим, фан, маданият, ижтимоий сиёсат тизимидаги гендер нуқтайи назари янги қараш прототипи, жамоатчилик билан алоқалар ва ўзаро муносабатларнинг янги модули сифатида қабул қилинмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали аёлларнинг қандай қийналаётганини кўряпмиз. Аёлларга бўлаётган тазйиқларнинг умумий сонини кўриб, гендер тенглигига ҳали анча бор экан, деб ўйлаб қоламиз.
Қ.Ш.: — Гендер тенглигини бугунги кунда ҳуқуқ посбонлари қанчалик англаяпти, тушуняпти ва амалда қўллаяпти?
С.Х.: — Кечирасиз, ҳуқуқ соҳаси посбонлари ҳам сиз билан бизга ўхшаган оддий одамлар. Ички ишлар ходимларини ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини олсак, гендер нима экани, “Тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмуни нимадан иборат, нима талаб қилаётгани уларга ҳали етиб ҳам бормади. Уларнинг бунга жисмонан вақти йўқ. Улар ўзининг ҳар кунлик топшириқлари билан банд. Етиб бориши учун уларни тизимли равишда ўқитиш зарур.
Қ.Ш.: — Наманганлик аёлга нисбатан айбловлар ҳали ҳам давом этяпти. Масалан ўзини ёқмаса бўларди, иккита боласини яна давлатнинг бўйнига қўйиб кетди, деган гапларни эшитдим. Кечирасиз, у бир йил заҳар ютиб яшаган, ҳар гал эшик қоқиб келишганда, ёстиғидан найза санчилганини фақат ўзи ҳис қилган. Ҳеч бир одам шунчаки бу даражага бормайди. Уни куйгандаги азобини тасаввур қилинг. Демак, у куйгандан баттар азобни чекиб яшаган. Юқорида айтиб ўтдингиз, кадастр, нотариус идоралари қаерга қараганди, нима учун бу аёлгача ишламаган қонунлар, уйни тортиб олишга келганда ишлаб қолди?
С.Х.: — Албатта бу менинг шахсий фикрим, ушбу вазиятда МИБ ходимларининг ҳам қандайдир манфаатлари бўлган. Нега айнан бу аёлга босим қилишган? Мен уч йил Суд қарорларини ижро этиш Департаменти директори ўринбосари бўлганман ва айнан шу ижро иши бўйича шахсий фикрим шуки, ташқи босимсиз, манфаатсиз бўлмаган. Чунки ижрочининг мингта иши бор ва айнан шу ижро ишига шу даражада киришиши, албатта, хақ эканлигимдан далолат.
Қ.Ш.: — Сиз прокуратурада ишлагансиз, бундай вазиятда тенглик ҳуқуқи бўлиши керакми?
С.Х.: — Суд қарор чиқарган, МИБ ходими ушбу қарорни бажаряпти. Лекин қандай бажаряпти? Масала ҳам шунда. МИБ ходими ҳолатни кўриб, аёлни тинчитиб, уни тўхтатиб, керак бўлса қўлидан бензинни олиб қўйиб, кейин ўз вазифасини бажарашга киришиши керак эди. Шунда ҳам қўпол муомала қилмасдан, тушунтиришга харакат қилиши зарур эди. Афсус, суд ижрочиларнинг аксарияти ёш йигитлар, мен ишлаган даврларда ходимларнинг 47 фоизи ўрта махсус маълумотга эга эди. Улар уз устида ишламайди, чунки жисмоний ва руҳий зўриқиш жуда юқори. Улар кунлик босим билан ишлайди.
Қ.Ш.: — Ҳудудларда кўп бўласиз, аёллар нималардан қийналяпти? Олдин бизда қотиб қолган стереотиплар бор эди. Қайнона-келин ёки муштумзўр эр. Демак, аёлнинг муаммолари фақат уй ичида эмас экан.
С.Х.: — Аёлнинг муаммолари тумонат. Уйда оила, қайнона, қайнсингил ва қайноталар қош-кўзи, рўзғор, фарзандлар муаммолари, кўчага чиққанда ишсизлик муаммоси. Ҳуқуқий нуқтайи назардан қараганда, Ўзбекистонда гендер камситишлар мавжуд эмас. Мамлакатимизда асосий қонун, Конституция билан бошланиб, бошқа қонун ҳужжатларига қадар бу масалада ҳамма қонун меъёрлари мукаммалдир. Аёллар ҳуқуқларини 100 дан ортиқ қонунлар ҳимоя қилади. Аммо, аҳолининг хуқуқий саводхонлиги, бугунги кун талабига жавоб бермаслиги туфайли, айрим қонунлар ишламаяпти. Ҳолбуки, биз қанчадан-қанча халқаро ҳужжатларни эътироф этганмиз. Мен бир нарсани доим айтаман. Бизда стереотип ишлаяпти, менталитет, урф-одат ишлаяпти. Лекин қонунларимиз тўлиқ ишлаяпти, деб айтолмайман.
Ҳеч иккиланишсиз яна тақрорлайманки, бунга катта раҳбарлардан тортиб, маҳаллада ишлаётган оддий ходим ва фуқарогача ҳуқуқий саводхонлиги ниҳоятда пастлиги сабаб бўлмоқда.
Биз ҳуқуқи поймол бўлаётган аёллар ҳақида ОАВ, ижтимоий тармоқлардан биляпмиз. Қолаверса, жуда кўп аёллар шахсан мурожаат қилади. Нафақат ишхонада, балки оилавий ҳаётда аёлларга ниҳоятда қийин. Биз Самаркандлик аёл билан боғлиқ воқеаларни, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида рафиқасига ахлат едираятган эркакларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушладик. Шаҳарда яшаятган аёлнинг хам, қишлоқдаги аёлнинг ҳам муаммоси битта – хуқуқий саводсизлик, ўзини ўзи ҳимоя қила олмаслик. Эркакка келсак, фарзандларининг кўз олдида ўз жуфти ҳалолини шундай камситиши – соғлом инсоннинг иши эмас.
Биз каби нодавлат ташкилотларнинг асосий вазифаси жамиятимизда кечаётган шундай жараёнларга бефарқ бўлмасдан, аҳолининг, айниқса, аёлларнинг хуқуқий маданиятини оширишдан иборат. Биз буни яхши тушунамиз ва доим шу масала билан шуғулланамиз. Охирги 3 йил ичида республика бўйича турли тадбирлар орқали, 5 мингта одамни хуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қилдик.
Қ.Ш.: — Сайёра Отахоновна, сиз гендер тенглиги маҳаллалар, оилаларга етиб бормади деб айтяпсиз. Агар давлат идораларига етиб бормаган бўлса, маҳаллаларга қандай кирсин?
С.Х.: — Бизнинг асосий муаммомиз ҳам шу. “Тенг ҳуқуқлар ва тенг имкониятлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши яхши, лекин бу 50 фоиз иш. Қонун кучга кирганига бир йил бўлди, бироқ уни ҳали ҳам айримлар ҳазм қила олмаябди. Айниқса, эркаклар жамияти, улар орасида ҳатто, айрим сиёсий партиялар раҳбарлари ҳам бор. Ёшлар орасида, кимга керак бу гендер тенглиги, деган гапларни эшитябмиз. Аёллар уйда ўтирсин, фарзанд тарбияси билан шуғуллансин, дейишади. Улар гендер тушунчасини бошқача тушунишади. Гендерни фақат аёлларнинг раҳбарлик лавозимига интилиши деб ўйлашади, лекин бундай эмас. Гендер – бу эркак ва аёлларга тенг имконият яратиш дегандир. Бизда аёллар орасида 500 нафар фан докторлари, 3 мингдан ортиқ фан номзодлари бўлишига қарамай, аёллар орасидан бор-йўғи бир киши ректорлик лавозимини эгаллаган. Қанча-қанча иқтидорли аёлларимиз бор. Нега, бошқа соҳаларда раҳбар аёллар кам, ёки улар умуман йўқ? Яна такрор айтаман, бизни қонун эмас, стереотиплар бошқаряпти.
Менталитетни, стереотипларни ўзгартириш учун вақт керак. Ҳар қандай халқнинг менталитетини ўзгартириш учун уч авлод ўзгариши лозим, дейишади олимлар. Томчи тошни тешади, ҳозирги тараққийпарвар аёллар ҳамжамияти биздан кейинги авлодга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида янада маданиятли жамиятни қолдириши учун барча имкониятларни ишга солмоқда.
Қ.Ш.: — Агар буларни фақат авлодлар алмашинуви билан боғласак, суҳбатни якунласак ҳам бўлади. Биз авлодлар алмашувини кутиб ўтирсак, идорада ҳам, қуйи тизимда ҳам ўзгариш бўлмайди. Авлодлар ўзгариши ҳам одамларнинг ўзгаришидан бошланади. Жамиятни ўзгартирмоқчимисан, аввал ўзингни ўзгартир, дейишган. Келинг, Гулжаҳон Йўлдошева масаласида гаплашайлик. Аёл киши алдаётган ёки нимадандир қўрқаётган бўлса, ёки айбини парда ортига яшираётган бўлса, буни аёллар сезади. Сиз Йўлдошеванинг интервьюсида, унинг гапларидан ниманидир яширишга бўлган ҳаракатни сездингизми?
С.Х.: — Кўп ҳолатларда прокурор ва судьяларнинг фикри субъектив бўлади. Ёки уларга босим қилинган деб айтиш тўғри бўлади. Биз биламизки, Гулжаҳон Йўлдошева ССВни кескин танқид қилган. Пандемия даврида қандай камчиликлар борлигини ўртага ташлаган ва албатта, бу холат айрим раҳбарларга ёқмаган. Албатта, ҳаммаси тахмин. Бир нарса дейиш қийин.
Қ.Ш.: — Лекин танқид қилиб чиққан шифокорлар кўп бўлди-ку, нега айнан Йўлдашева?
С.Х.: — Демак ССВ нинг кучи шу шифокорга етган.
Қ.Ш.: — Бу ишда аралашув борлигига аминмисиз?
С.Х.: — Бу ҳам субъектив фикр, тўғридан-тўғри аралашув бўлмаса ҳам, таъсири барибир бўлган. Чунки соҳадаги камчиликларни очиб ташлашга қудрати етганми, демак бунданда кўп нарсаларни айтиши ҳам мумкинлиги уларда қўрқув уйғотган. Ҳозир журналистлар у аёл билан учраша олмайди, унга савол билан мурожаат қилолмайди. Менимча, Гулжаҳон Йўлдошева кўп нарсани билади. Камроқ гапирсин деган мақсадда, балки, унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси белгилаган бўлишлари ҳам мумкин. Олти фарзанднинг онаси, доимий яшайдиган жойи маълум, ҳеч қаерга қочмаслиги маълум. Менимча, бундай ҳолатда унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси – жуда қаттиқ чора. Очиқда қолдириш ҳам, ёки аввал бошиданоқ уй қамоғида сақлашлари ҳам мумкин эди.
Қ.Ш.: — Мен сизни 10 йилдан бери танийман. Ундан олдин ҳам гапирган аёлсиз. Охирги 10 йилда ҳам жуда кескин гапирдингиз. Агар Йўлдошева мисолида олсак, Ўзбекистонда гапириш ҳали ҳам хавфми?
С.Х.: — Демак, хавфли экан-да. Мен ҳам авваллари бу даражада дадил гапирмасдим. Менга оғир-босиқ, мослашувчан бўлиш керак, деб кўп айтишади. Мен оғир-босиқ, вазминман, лекин бефарқ эмасман. Ҳаётда бўлаётган жараёнларга бефарқ бўлиб яшагандан кўра, яшамаслик керак. Бир умр тутаб яшагандан, бир лаҳза ёниб яшаш, тафтингиздан бошқаларни ҳам иситишингиз керак. Қолаверса юрт тақдирига бефарқ бўлиш, келажакка бефарқ бўлиш билан баробардир. Эртага фарзандларимиз, набираларимиз қўзига қандай қараймиз? Шунинг учун ҳам, доим ҳақиқат йўлида, адолат йўлида бўлсак – адашмаймиз ва пок виждон билан ёруғ дунёни тарк этамиз.
Қ.Ш.: — Гулжаҳон Йўлдошева иши, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институтига, умуман, инсон ҳуқуқлари фаолларига, нодавлат ташкилотларга қандай сигнал бўлди?
С.Х.: — Нафақат Демократия ва инсон хуқуқлари институти, балки бошқа ташкилотларга ҳам ушбу мисол жиддий сигнал бўлди. Демак ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар талайгина экан.
Умуман олганда, пандемия даври барча идораларга катта синов даври бўлди, десам муболаға бўлмайди. Биз шу йил март ойидан ҳозирги кунгача давлат идоралари томонидан содир этилган қонунбузарликларни умумлаштириб, таҳлил қиляпмиз. Кўпчилик вазирлик ва идораларнинг қандай ишлаётгани, ҳақиқатан қандай аҳволда эканини пандемия, лакмус қоғозига ўхшаб, бизга яққол кўрсатиб берди. Камчиликлар жуда ҳам кўп экан. Таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги оғриқли нуқталаримиз ва мавжуд камчиликларимиз бисёр эканига гувоҳ бўлдик. ОАВга берилган эркинлик, ижтимоий тармоқлардаги очиқлик бўлмаганда, балки мавжуд камчиликлар ҳақида ҳеч нарса билмаган ҳам бўлардик. Бугун эса очиқ муҳокамалар юқори бўлгани учун фош қилинган жиноятлар тўғрисида ҳам хабардормиз. Албатта, бунинг учун Президентимизга минг раҳмат, чунки бундай имконият аввалари журналист ва блогерларда йўқ эди.
Сўнги тўрт йилдаги энг катта ютуғимиз – бу очиқлик. Бемалол гапириш, фикр билдириш мумкин. Аввал барибир ўйлаб гапирилган. Лекин, ўшанда ҳам гапирилган. Ҳозир ўйламай гапирадиганлар ҳам бор. Бирорта адолатсизлик бўлса, ёки кимнингдир ҳуқуқи поймол қилинса, албатта, гапирилади, ёзилади. Айнан шу ошкоралик бизга йўл очди. Инсон ҳуқуқлари борасида кўзга ташланаётган ноҳақликлар ҳам яққол кўринадиган бўлди. Чироқчи, Андижон ички ишлар бўлимларида рўй берган воқеалардан очиқлик сабаб хабардор бўляпмиз. Аслида эса бундай воқеалар аввал ҳам бўлган. Лекин юзага чиқмаган, гапирилмаган, гапиртирилмаган. Мен шу соҳадан чиққаним учун айтаманки, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари аввал ҳам уришган, аввал ҳам тепишган, керак бўлса, зўравонликлар бўлган. Лекин бундай воқеалар ҳақида бугун эмин-эркин хабар топаётганимизга асосий сабаб ОАВ, ижтимоий тармоқлар, сизга ўхшаган журналистларимизнинг бонг ураётганида. Айнан жамиятимизда очиқлик сиёсати бўлгани учун ҳам биз бу воқеалардан хабардормиз ва ўз фикримизни эркин билдира оламиз.
Йўлдошева воқеасидан биз шундай хулосага келдикки, тизимли хатолар кўп. Президент шу йил бошида Парламентга йўллаган Мурожаатномаларида айтиб ўтдилар: жамият ислоҳотлар ташаббускори. Бизга, нодавлат ташкилотларнинг қўлига байроқ берилди. Бу гаплар бежиз айтилмади. Улар биздан жуда кўп ташабуссларни кутяптилар. Аммо, ҳамма нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари бир хил ишлашмаяпти. Қўлимизда жуда кўп қонуний имкониятлар мавжуд. Масалан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларни олсак, нодавлат ташкилотларнинг қўлида жуда катта имкониятлар бор. Аммо улар ҳам, берилган қурол – қонунларни қандай қўллашни билмайди ва уларни ҳам ўқитишимиз зарур.
Ҳозирги оғриқли нуқтамиз – бу ҳуқуқ-тартибот органлари. Аёлларга бўлган зўравонлик ҳам, аёлларни ечинтириш ҳам улардан чиқяпти. Чироқчи ва Андижон, қолаверса, бошқа шунга ўхшаш воқеалар ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларининг камчиликларини яққол кўрсатиб беряпти. Бу соҳа ходимларининг хам ҳуқуқий, сиёсий, маданий савиясини ошириш учун тизимли иш олиб бориш зарур.
Қ.Ш.: — Аслида ишламайдиган қонунларимиз кўп.
С.Х.: — Мен ўзимизга тааллуқли қонунларни назарда тутяпман, агар бир ёқадан бош чиқариб, давлат идоралари нодавлат ташкилотлар билан бирга ишласа, бундай салбий ҳолатлар камроқ бўлади. Йўқ қилиш, албатта, мураккаб, лекин камроқ бўлади.
Қ.Ш.: — Сайёра Отахоновна, нима учун Норбоева, Саида Мирзиёева муносабат билдиргандан кейин Гулжаҳон Йўлдошевага Бош прокурор ташаббуси билан эҳтиёт чорасини алмаштиришди. Ё қонунларимиз ишлаши учун уларни туртиб туриш керакми?
Муносабатлар ортидан ишлайдиган қонунчилик. Бу вазиятда демократик жамиятда аслида ишлаши керак бўлган қонун, фақат кимдир туртки берса ишлайдигандек кўриниб қолади.
С.Х.: — Қамариддин, бу ўзбекчилик, бу стереотип. Бирорта раҳбар турткилаши эмас, қонун ўзи ишлаши керак. Мана шу 4 йил ичида раҳбаримизнинг сиёсий иродаси сабаб кўп нарсалар ўзгаряпти. Аммо, қачонгача айримлар юқоридан ташаббус, топшириқ кутиб яшашади? Қачон ўзлари ташаббус билан чиқиб, янгича ишлашади? Мана, муаммо каерда.
Қ.Ш.: — Демак судлар ҳали ҳам суст ишлаяпти, ёки...
С.Х.: — Судларни бугун том маънода мустақил, деб айтолмаймиз. Йиллаб йиғилиб келган, қотиб қолган тизим таъсири бор. Суд идоралари уларга берилган ваколатлар кенг бўлишига қарамай, ўзини ҳамон учинчи ҳокимият эканини сезмаяпти. Мустақилликнинг бошиданоқ, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадал олиб борилди. Қонунларимиз либераллашди, судьяларнинг мавкеини ошириш йўлида бир қанча Президент фармонлари қабул қилинди. Уларга катта имкониятлар ва имтиёзлар берилди, маошлари кўтарилди. Судьялар ҳам давлат томонидан берилган эътиборни оқлашлари зарур эди, чунки уларни қўлида ҳам жуда катта куч бор. Қолаверса, том маънода учинчи ҳокимият бўлишига давлат томонидан мисли қўринмаган ишлар қилинди. Энди, улардан биз жамият ҳалол меҳнатни ва адолатли ҳукм ва қарорларни кутиб қоламиз.
Қ.Ш.: — Муаммолар кадрлар билан боғлиқ эмасми?
С.Х.: — Мен ўтган йили Президентга ёзган очиқ хатимда ҳам асосий муаммо – кадрлар масаласи, деб ёзгандим. Бизнинг энг асосий оғриқли нуқтамиз – бу кадрларни тўғри танлаб, жой-жойига тўғри қўйишда. Бизда таниш-билиш орқали кадр танлаш, маҳаллийчилик кучлилик қилади. Бу ҳали ҳам давом этмоқда ва давом этади. Сиз бу ҳолат бир кунда ўзгаришини кутманг. Кадрлар масаласи ниҳоятда мураккаб масала. Айрим раҳбарларимизнинг онгини ўзгартирмас эканмиз, мана шундай аҳвол бўлиб қолаверади ва яхши кадрларимиз четга чиқиб кетаверишади.
Қ.Ш.: —Ўз вақтида Юристлар малакасини ошириш институтида директор ўринбосари бўлиб фаолият олиб боргансиз. Ўша вақтларда қаерда эдингиз, нега гапирмадингиз?
С.Х.: — Нега гапирмадим, мен доим гапирганман.
Қ.Ш.: — Пора олганмисиз?
С.Х.: — Ҳеч қачон.
Қ.Ш.: — Берганмисиз?
С.Х.: —Ҳеч қачон. Шунинг учун ҳам кўпчиликка ёқмаганман.
Қ.Ш.:—Майда ва йирик коррупция ҳали ҳам мавжуд, буни яхши биламиз. Қайси соҳаларда коррупция мавжудлигича қолмоқда?
С.Х.: — Сиз яхшиси қайси соҳада коррупция йўқлигини сўранг. Мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман, аммо бу иллат барча соҳаларда борлигини хаммамиз биламиз ва уни йўқ қилиш осон эмаслигини ҳам тушунамиз.
Қ.Ш.: — Коррупцияни йўқ қиладиган манбаларни йўқ қилмасдан, биз коррупцияни йўқ қила оламизми? Масалан, мактаб директори мактабни янги ўқув йилига таъмирлаш учун коррупцияга йўл қўяди.
С.Х.: — Бу каби салбий ишлар аввалдан қолган. Буни йўқ қилиш учун вақт зарур. Давлат тарафидан хам ҳаракатлар қилинаяпти, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди, “Давлат хизматчилари тўғрисида” Қонун лойиҳаси тайёр ва муҳокама қилиняпти. Мактабларга келсак, уларда ҳамон бу иллат борлигини биламиз. Нафақат мактаб, бошқа соҳаларга ҳам назар солсак, уларда ҳам коррупция ҳолатлари йўқ эмас. Биз бошқача ишлашни ўрганишимиз керак.
Қ.Ш.: — Жамиятда ҳалол кадрларнинг ҳурмат топишига қанча вақт керак бўлади? Ҳалол кадрлар бор, лекин улар ҳурмат топмаяпти.
С.Х.: — Жуда қизиқ саволлар берябсиз. Менимча, бунинг учун жамият ўзгариши зарур. Ойликлар хизматига яраша тўланмаса, коррупция йўқ бўлмайди. Биринчи қадамни шундан бошлаш керак. Бизда айрим тарифлар собиқ иттифоқ давридан қолган. Мустақил бўлганимизга сал кам 30 йил бўляпти. Ойлик маошларни ошириш – порахўрлик ва коррупциянинг олдини олиш омиллардан биридир. Кечирасиз-ку маҳалла нозири, маҳалла маслаҳатчиси бўлиб ишлаётганларга мавжуд ойликка сабр қилаётганига ҳам раҳмат дейишимиз керак. Оиласидан кечиб, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, ўзига касал орттириб ишлаганига раҳмат дейишимиз керак. Аммо, уларнинг ичида хам ҳар хили бор. Беш қўл баробар эмас. Айримлари жиноят йўлига киришдан тап тортмайди.
Қ.Ш.: — Юқорида гендер тенглик ҳақида гаплашдик. Ўзбекистонда пора олаётган аёллар қанча?
С.Х.: — Менда аниқ рақамлар йўқ. Лекин эркакларга нисбатан, пора олган аёллар сони жуда кам.
Қ.Ш.: — Ўзбек жамиятида аёлларни эркакларга нисбатан ҳалол дея оламизми?
С.Х.: — Албатта, аёллар ҳалол. Аёллар табиатан яратувчанлик қобилияти билан ажралиб туради. Аёлнинг ортида оиласи, фарзандлари бор. У тинчлик ва хотиржамлик тарафдори. Шунинг учун ҳам раҳбар аёллар камдан кам ҳолларда бундай жиноят турларига қўл уришади.
Қ.Ш.: — Жамият ўз ўтмиши билан ҳисоблашмаса, унда демократия ва инсон ҳуқуқларининг ривожланиши қийин кечади. Биз буни тарихдан кўрганмиз. Сиз бундан олдинги даврни кўрган аёл сифатида Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон, у даврдаги инсон ҳуқуқлари ва бугунги Ўзбекистон, бугунги инсон ҳуқуқларига қандай баҳо бера оласиз? 2016 йилгача Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари сўзидан бошқа амалий натижа бормиди?
С.Х.: — Ўтмишсиз келажак йўқ, дейишади. Тарихни тадқиқ қилиш – бу мутлақо нотўғри, деб ўйлайман. Тарихни биз борича қабул қилишимиз керак. Уни текшириб, тўғри ё нотўғри демасдан, хатолар ўтган бўлса, хулоса қилиш, ютуқлар бўлса фахрланиб яшаш керак. Аммо, фақат охирги тўрт йил ичида давлат томонидан инсон хуқуқларини химоя қилиш йўналишидаги ижобий ишларни кўрмаслик – бу адолатсизлик бўлади деб ўйлайман. Жамиятдаги очиқлик, ошкоралик, Жаслиқ колониясининг ёпилиши, суд-ҳуқуқ соҳасидаги 100 га яқин қонуний либераллаштириш ишлари, Ўзбекистоннинг шу йил 13 октябрда БМТнинг Инсон хуқуқлари бўйича Кенгашига илк бор аъзоликка сайланиши – ўзгаришларнинг ифодаси. Албатта, ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишимиз – юксак эътироф ва ишонч, деб ўйлайман.
Қ.Ш.: — Сайёра Отахоновна, сиз билан сўнгги учрашувимиз Ўзбекистонда Парламент сайловларидан олдин бўлганди. Ўша вақтда депутатликка номзоди қўйилганлардан жуда кўпининг савияси депутатликка жавоб бермайди, деган фикрни айтгандингиз. Бу ОАВда ҳам эълон қилинган. Сиз кутган одамлар депутат бўла олдими? Нима учун бугунги жамоатчилик, 100 дан ортиқ депутатлардан икки ё учтасини танийди?
С.Х.: — Мен бўлиб ўтган сайловларга муносабат билдиришни истамасдим. Уни таҳлил қилишган ва мен ҳам ўз фикримни ижтимоий тармоқларда билдирганман. Сифат жиҳатидан олсак, ҳамма ҳам депутат бўлиб туғилмайди. Депутатликка сайландими, мен ушбу юксак ишончга мос бўлиш учун ҳаракат қилишим керак, деган фикр бўлиши лозим.
Қ.Ш.: — Уч-тўрт кун аввал парламент сайтига кирдим. Наманганлик аёлнинг ўзини ёқиб юборгани ва Гулжаҳон Йўлдошева масаласи муҳим бўлиб турган бир вақтда, депутатларимиз учинчи реннесанс қандай бўлиши керак, мамлакатдаги ўзгаришлар жараёни, ислоҳотларимиз пойдевори деган мазмундаги нутқларини жойлаштиришяпти. Бўлиб ўтаётган ҳодисаларга муносабат билан чиқаётганлар йўқ. Менимча, мамлакат парламенти ҳақида умумий хулоса ва кайфият умуман унинг портретини тасаввур қилиш учун, икки ё уч депутат етарли эмас. Бу халқаро ҳамжамият учун ҳам кам.
С.Х.: — Халқаро ҳамжамиятнинг кўзи кўр эмас. Улар республикадаги жараёнларни биздан хам кўпроқ қўзатишади ва катта халқаро анжуманларда шу саволни кўтаришади: нега депутатлар фаоллиги суст?
Сиз ҳақсиз, айниқса, ҳозир Президент ҳам ўзига катта талаблар қўйиб ишлаётган бир вақтда, бошқа давлат идоралари ҳам, шу жумладан депутатлар ҳам давлат раҳбарининг олган темпига қараб интилишлари ва мослашишлари керак. Президентимиз қонунларнинг сифатини жуда кўп танқид қилдилар, парламент ишига талаб қўйдилар. Ўтган вақт ичида парламент ўзгардими ё йўқ? Ана шу саволга жавобни Президентнинг йил якуни бўйича Олий Мажлисга Мурожатномаларидан биламиз.
Қ.Ш.: — Аслида пандемия даври ҳам депутатлар учун етарлича синовли келди ва ўз фаолиятини амалга оширишига имконият бўлди. Айрим депутатларнинг фаол фуқаролик позицияси, депутатлик позицияси, назорат қилиш позицияси йўқлигини кўрдик. Нега фақат Кушербоев, унинг ҳамма айтганларини ҳам тўғри, дея олмаймиз.
С.Х.: — Тўғри. Кушербоев ўзида гапириш учун жасорат топяпти. Майли, айрим ҳолатларда унинг гапи тўғри эмасдир, муҳими у гапиряпти. Ўз фикрини билдиряпти, депутат учун бу жуда керак. Бу бизнинг парламентимизга ҳам керак хусусият, деб ўйлайман. Бошқа депутатлар ҳам ўз фикрини билдириши шарт. Масалан, у ерда ўтирган 30 фоиз аёл депутатлар наманганлик ўзини ёқиб юборган аёл ва Гулжаҳон Йўлдошева иши юзасидан муносабатини билдириши керак эди. Мен улардан шуни кутгандим. Балки наманганлик депутатлар муносабат билдирар деб ўйладим, афсус, бундай бўлмади.
Қ.Ш.: — Биз депутатларнинг самимияти йўқ деб айта оламизми? Ҳар бир ишда самимият керак.
С.Х.: — Тўғри, хақсиз, самимиятда гап кўп. Аммо, самимият билан бирга, жасорат ҳам керак! Қўрқмасдан дадил гапира билиш керак. Мен нега айрим депутатлар, ўзларида куч топиб, у ёки бу долзарб масалалар бўйича, чиқиб дадил фикр билдирмаганининг сабабини билмайман. Бу саволни сиз уларга беришингиз керак. Тахминий хулосаларим бор, албатта.
Қ.Ш.: — Қандай хулосалар?
С.Х.: — Айтмасам ҳам бўладими?
Қ.Ш.: — Агар сиз буни маъқул кўрсангиз бўлади.
С.Х.: — Ҳеч кимни хафа қилиш ниятим йўқ. Депутатлар орасида мен ҳурмат қиладиган инсонлар кўп. Қандайдир сабабларга кўра, бўлаётган жараёнларга ўз фуқаролик позициясини, муносабатини билдирмасдан айрим ҳолатларда жим ўтиришади. Бу депутатга ярашмайдиган ҳолат деб биламан. Депутатликка даъвогар бўлган кунидан бошлаб, у ҳамма нарсани маҳаллийчилик, ўзбекчилик, қариндош-уруғчилик ва ишига ҳалал бериши мумкин бўлган бошқа ҳолатларни эсдан чиқариши керак. Халқ сайлаган депутат бўлганидан кейин, ўша халқнинг муаммоларини кўтариб чиқиш учун ўзида журъат топиши лозим. Журъат йўқми, кетиш керак. Мен ҳақиқий депутатни журъатли ва ўзида очиқ гапиришга куч топа оладиган, қатъиятли, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган инсонларни тасаввур қиламан. Бундай инсонлар Янги Ўзбекистонга сув ва ҳаводек зарур.
Қ.Ш.: — Сайёра Отахоновна, ана шу журъат сизни ҳеч қачон тарк этмасин. Суҳбат учун раҳмат.
LiveБарчаси