Бизни чора кўришга мажбур қилманг – Бош вазир коронавирус ваҳимасини уйғотаётганларни огоҳлантирди
Жамият
−
15 Март 2020
12778Ўзбекистонда карантин вақтида ёлғон ва тасдиқланмаган хабарлар тарқатиш, одамлар орасида ваҳима уйғотиш қонунчиликка кўра жиноий жавобгарликка тортишга ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси Матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Бош вазир ОАВ вакилларига карантин бўйича ахборот бериб бориш тизими йўлга қўйилиши ва бир кунда 2-3 марта, керак бўлса 4 марта расмий ахборот берилишини маълум қилди ва тасдиқланмаган ахборот тарқатувчиларни жиддий огоҳлантирди.
“Мен ОАВ огоҳлантиряпман. Ҳозир республика бўйича фавқулодда ҳолатга ўхшаган вазият эълон қилиняпти. Агар кимдир ўзича чақирув қилиб, одамлар орасида ваҳимали маълумот тарқатадиган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади. Қонунда етарлича модда бор. Мана, Бош прокурор ўринбосари қатнашяптилар. Аниқлаб, қулоғидан ушлаб, офтобга олиб чиқиб қўйишнинг муаммоси йўқ. Бизни ҳар хил техник чораларни кўришга мажбур қилманглар. Керак бўлса, умуман эфирга чиқмайдиган қилиб қўямиз. Интернет тармоғини ҳам ўчириб қўя оламиз. Техник воситаларимиз етарли.
Мана кеча “мўминтой”, автомобиль нархлари бўйича одамларни ваҳимага солиб, чақирув қилган экан. Ҳозир кечаси билан ўтириб, “товба қилдим, ҳазиллашгандим” дейди. Бу ҳазиллашадиган нарсами? Энди қонун олдида жавоб беради”, дея таъкидлади Абдулла Арипов.
Бош вазир ОАВни масъулиятни ҳис қилишга ва вазиятга тўғри баҳо беришга чақирди.
"Қўлингиздаги ОАВ қандай кучга эга эканини билган билади, билмаган билмайди. Шу билан бирга буни ишлатиш жуда оғир, жуда катта масъулият. Буни кўтарган қилиши керак, кўтара олмайдиган одам қилиши керакмас. Кунига қанча маълумот керак бўлса, биз берамиз. Мутахассислар ҳар қандай саволга жавоб беради. Мутахассисларимиз етарли", дейди Арипов.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган.
Маълумот учун, дунё бўйича 156 740 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 5839 нафари вафот этган, 75 935 нафари касалликдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.