Биз, европаликлар сизлар билан бирга бўлишни истаймиз – Урсула фон дер Ляйен

Жамият

image

Самарқанд шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити расмий равишда бошланди. 2025 йил 4 апрель куни ўтаётган саммит очилиш маросимида Еврокенгаш раиси Антониу Кошта ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг муҳим баёнотлари янградики, улар саммитнинг стратегик аҳамиятини янада оширди.

Хусусан, Антониу Кошта нутқида ЕИнинг Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ва Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда глобал барқарорликка ҳисса қўшиш истагини билдирди. Унинг таъкидлашича, Европа ва Марказий Осиё нафақат иқтисодий, балки геосиёсий жиҳатдан ҳам тинчлик ташаббусларининг ҳаммуаллифига айланиши мумкин.

Урсула фон дер Ляйен Европа ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан “янги стратегик шериклик даври” бошланганини эълон қилди. 

“Биз, европаликлар, сизнинг минг йиллик тарихингиздаги янги даврда сизлар билан бирга бўлишни истаймиз”, деди у.

Урсула фон дер Ляйен томонидан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги учун қуйидаги тўрт устувор йўналиш белгилаб берилди:

  1. Транспорт коридорлари — ЕИ Транскаспий транспорт йўлакларини, хусусан, Ўзбекистон орқали ўтувчи йўлларни қўллаб-қувватлашга тайёр;
  2. Критик хом ашё — ЕИ Марказий Осиёдан фойдали қазилмаларни сотиб олиш, қайта ишлаш, мутахассислар тайёрлаш лойиҳаларига сармоя киритади;
  3. Яшил энергетика — ЕИ тоза энергия, шу жумладан шамол, қуёш ва гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштиради;
  4. Глобал рақамли инфратузилма — ЕИ Марказий Осиёда мустақил интернет тармоқларини яратиш, хусусан, спутник интернетни жорий этиш орқали рақамли суверенитетни қўллаб-қувватлашни истайди.

Саммит доирасида ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида критик хомашё бўйича қўшма декларация имзоланиши режалаштирилган. Ушбу ҳужжат минтақавий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва Европа бозорларига барқарор етказиб беришни таъминлайди.

Қайд этиш жоиз, Самарқанд саммити Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очмоқда. ЕИнинг амалий таклифлари ва стратегик ёндашувлари, Ўзбекистоннинг очиқлик ва ҳамкорлик сиёсати билан уйғун тарзда, минтақада барқарор ривожланиш, рақамли тараққиёт ва энергетик хавфсизлик учун мустаҳкам асос яратади.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё – Европа Иттифоқи Урсула фон дер Ляйен Самарқанд саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг