Бишкекда парламент биноси эгалланди. Жээнбеков намойишчиларга ён бериши мумкин
Олам
−
06 Октябрь 2020
15042Аввалроқ, Қирғизистон пойтахти Бишкекда мамлакат парламенти учун ўтказилган сайловнинг дастлабки натижасига қарши намойиш бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Намойишчиларнинг парламент биноси Оқ уйга бостириб киришга уриниши муваффақиятсиз якунланганди.
Аммо кейинроқ улар парламент ва Президент администрацияси жойлашган Оқ уйга киришга муваффақ бўлди. Шундан сўнг бинода ёнғин юз берди. Намойишга чиққан одамларнинг талаби битта – сайлов натижасини бекор қилиш.
Мамлакат Президенти Сооронбай Жээнбеков парламент сайлови натижаси бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Президентнинг Матбуот котиби Толгонай Стамалиева маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Жээнбеков ҳозир Бишкекда ва вазиятни назорат қиляпти. У соат 2:00 гача Жогорку Кенешда сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашган.
“Давлат раҳбари иш жойида Жогорку Кенеш биносида соат 2:00 гача барча сиёсий кучлар билан индивидуал суҳбат ўтказди. Президент норозилик акцияси ташкилотчилари ақл билан иш қилишига ишонмоқда”, деган Стамалиева.
Ҳозирда эса Ўшда Жээнбековни қўллаб-қувватлаш акцияси бошланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, намойишларда бир киши ҳалок бўлган ва 13 киши реанимация бўлимига ётқизилган. Бундан ташқари, 590 киши жабрланган.
Маълумот учун, намойишчилар парламент биносидан ташқари Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитасига бостириб кириб, уерда сақланаётган собиқ Президент Алмасбек Атамбоевни озод қилди. Бундан ташқари, собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам озод қилинди.
Эслатиб ўтамиза, 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.
Овоз беришнинг расмий натижалари бюллетенларни қўлда санаб чиқилиб, якуний баённомалар МСКга топширилгандан кейин 20 кун ичида эълон қилинади.
LiveБарчаси