Бишкек суди Рамзан Қодировга душманини “совға қилмоқчи”
Олам
−
20 Ноябрь 2023
18753Аввалроқ, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг танқидчиси Мансур Мовлаев Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Бишкек шаҳар судининг якуний қарорига кўра, Мовлаев мамлакатдан депортация қилинадиган бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахт суди Мансур Мовлаевнинг Қирғизистондан депортация қилинишини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Республика миграция хизматига юклаган.
“Бишкек шаҳар суди М. М. М.га (Мансур Мовлаев – таҳр.) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди. У мамлакатдан депортация қилиниши муносабати билан амалдаги жазодан озод этилди”, дейилади суд баёнотида.
Қўшимча қилинишича, суд мажлисида Бишкек шаҳрининг 1-Май тумани прокурори катта ёрдамчисининг апелляция тақдимоти ва судланувчининг адвокати томонидан киритилган шикояти қаноатлантирилмаган.
Айтиш жоиз, Мансур Мовлаев жорий йилнинг 20 август куни Қирғизистон Жиноят кодексининг “Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган эди. Унга олти ойга умумий режимдаги ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўташ тайинланган.
Ҳукм ўша кундан қонуний кучга кирган ва жазо ўталганидан кейин суд уни мамлакатдан чиқариб юбориши керак эди. Бироқ Мовлаев Қирғизистонда жазоланишини сўраган, чунки у депортациядан сўнг, Чеченистон хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олиниши ва қийноққа солинишидан қўрққан.
“Мен жазони ўташга тайёрман. Ушбу ноқонуний ҳаракатим учун жарима тўлашим кўзда тутилган бўлса-да, ҳаётимни сақлаб қолиш учун икки йил қамоқ жазоси беришларини сўрайман. Тирик қолиш учун бу ерда ўн йил қамоқда ўтиришга тайёрман”, деган Мовлаев биринчи суд мажлисида.
Маълумот ўрнида, Мансур Мовлаев бир неча бор Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий репрессияларга қарши чиққан. У республика раҳбари Рамзан Қодировни танқид қилган. У 2020 йилда уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2022 йилда Мовлаев шартли равишда озодликка чиқарилган, бироқ у Чеченистоннинг Шалинский тумани ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Мовлаев Россиядан қочишга муваффақ бўлган ва федерал қидирувга берилган.
LiveБарчаси