Бир метр еримизни ҳам бермаймиз – Жапаров

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Тожикистон билан чегарадаги воқеалар муносабати билан мурожаат эълон қилди ва унда мамлакати бир метр еридан ҳам воз кечмаслигини таъкидлади. Мурожаат раҳбарнинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинган, деб хабар бермоқда РБК

“Нима бўлганда ҳам, ота-боболаримиздан мерос қолган бир квадрат метр еримизни ҳам ҳеч кимга бермаймиз. Биз миллий манфаатларимизни ҳимоя қиламиз”, деб ёзган Жапаров.

Президент чегарадаги вазият кескинлашиши чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатилишига ваъда берган. Жапаров оператив маълумотларга таяниб, тожик томони “ҳам катта йўқотишларга учраганини” таъкидлаган.

“Қирғиз-тожик чегарасини аниқлаштириш масалалари ҳамон кун тартибида. Муаммони тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилишдан бир дақиқа ҳам тўхтамаймиз”, дейди Жапаров.

Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашди. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари шу куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди.

Тожикистон томони ҳам ўз навбатида чегарадаги кескинликда Қирғизистонни айблаб, қирғиз ҳарбийлари аввал эришилган сулҳни бузганини айтмоқда. Умумий ҳисобда 14 сентябрдан бери томонлар уч марта ўт очишни тўхтатишга келишди. Аммо келишувлар узоқ яшамади.

16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон учрашув ўтказиб, чегара масаласида келишиб олганди.

Тожикистон томонига кўра, Қирғизистон чегарадаги тожик аҳоли пунктларига дрондан ҳужум уюштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

қирғиз-тожик чегараси

Баҳолаганлар

474

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг