Депутатлар UzautoMotors бўйича антимонопол қўмитага сўров юборди
Жамият
−
29 Июль 2020
15413Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Монополияга қарши курашиш қўмитасига Uzauto Motors АЖ устидан сўров юборди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев маълум қилди.
“Автомобил ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи Uzauto Motors АЖнинг жорий йил март ойида бир қатор енгил автомобиллар нархини ошириши сайловчилар ва жамоатчилик вакиллари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мамлакатимизда рақобат муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш инвестициявий муҳитни яхшилашнинг муҳим талаби эканлигини инобатга олиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги бир гуруҳ депутатлар томонидан мазкур соҳа ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Шу муносабат билан ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳисобланган депутатлар Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Н.Жумаев томонидан “Парламент назорати” шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Ш.Шариповга тегишли депутатлик сўрови юборилди”, деган Кушербоев.
Депутатлар Монополияга қарши курашиш қўмитасидан Uzauto Motors`нинг қонунларга риоя этиши, нарх сиёсатининг олиб бориши юзасидан ўтказилган текширувлар ва кўрилган чоралар ҳақида маълумот талаб қилинган.
“Сўровда Ҳукумат топшириғи доирасида Uzauto Motors АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар ва кўрилган чоралар ҳақида асослантирилган ахборот бериш ҳамда қўмитанинг автомобиллар нархини аҳолининг харид қобилиятига мослаштириш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Uzauto Motors АЖ ва депутат Расул Кушербоев ўртасида мунозара юз берганди. Депутат компаниянинг беўхшов жавобига нисбатан ўз фактларини келтириб, монопол компаниянинг пўстагини қоққанди.
LiveБарчаси