Жанг давом этади. Кушербоев UzAuto Motors`нинг пўстагини қоқди
Жамият
−
22 Июль 2020
60253Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев UzAuto Motors компаниясидан тез ёрдам учун автомобилларни имтиёз билан сотишини сўраб чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Унинг ортидан компания турли даврларда ажратган хайрия маблағлари ҳақида маълумот бериб, депутатни нопрофессоналликда айблади.
Аммо шу билан Расул Кушербоев ва UzAuto Motors компанияси ўртасидаги можаро монополистнинг жавоби билан тўхтаб қолмади. Депутат навбатдаги юришни амалга оширди.
Халқ вакили UzAuto Motors ва унинг фаолиятини йўналтирб турувчи “Ўзавтосаноат” АЖ жипслашиб кетганига, монополист компания “Ўзавтосаноат”ни ўзига тегишли тузилма деб ҳисобаётганига ишора қилган.
“Мен “Ўзавтосаноат” ва UzAuto Motors бошқа-бошқа ташкилот, деб ҳисоблардим. Бироқ UzAuto Motors`нинг мендан ранжиб қилган муносабатидан UzAuto Motors компанияси Ўзбекистон автомобиль бозоридаги барча иштирокчиларга тенг имконият ва шароитлар яратиб бериши керак бўлган “Ўзавтосаноат”ни ўзига тегишли тузилма, деб ҳисоблаши кўринаяпти. Бу “монополия касаллиги”нинг асорати бўлса керак. Бўлмасам компания “Ўзавтосаноат”ни ишларини ўзига ёпиштириб олишдан сал уялган бўларди. Ё ростанам “Ўзавтосаноат” ва UzAuto Motors номи ҳар хил ўзи битта ташкилотми? Тушунарсиз”, дейди депутат.
У аввалги билдирган фикрида 3 та фактни келтирганини айтиб ўтган ва бу фикрларнинг ҳеч бирини инкор қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.
“Мен кечаги фикримда учта фактни келтирганман. Булар:
• UzAuto Motors`нинг оширилган, яъни шу йил март ойида бутун халқни норози қилиб кўтариб олган нархда ҳатто “тез ёрдам” учун ҳам Damas автомобилларини сотаётганлиги;
• Россиянинг Уфа каби шаҳрида кўп миқдордаги автомобиллар очиқ осмон остида ташландиқ туриб қолса ҳам Ўзбекистон халқи ўзимизда қиммат, “дефектли” ва қийин шартларда автомобиллар сотиб олишга мажбур бўлаётганлиги;
• UzAuto Motors`ни халққа танлов имкониятини бермайдиган монополист бўлиб яшаб келаётганлиги.
UzAuto Motors айтингчи, буларни қайси бири ёлғон?”, дея савол берган Расул Кушербоев.
У сўзида давом этиб, монополист компанияга асосий эътироз автомобиллар нархларининг халқ билан ҳисолашмасдан оширилаётганида эканини айтиб ўтган. У UzAuto Motors`ни Президент ва Ҳукумат қарорлари ортига яширинаётганини, бу ўринда депутатларнинг алоқаси йўқлигини ҳам қўшимча қилган.
“Депутат қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзингиз тушунмайдиган гаплар билан ҳаммани чалғитиб, қонунларни ўзгартириш депутатларни қўлидаку, деб ўзингизни оқламоқчи бўлибсиз. Асосий эътироз – Сизнинг монополист бўла туриб, халқ фикри билан ҳисоблашмаслигингизда.
Энди агар компанияда юристлар бўлса, яхшилаб қонунчиликни ўқисин: сизга монопол ҳуқуқни парламент бермаган, сиз Президент ва ҳукумат қарорлари билан бу имтиёзларга эга бўлгансиз ва шулар ортида “беркинмачоқ” ўйнаяпсиз. Бу ерга “ҳомийлик иши” деб бошқа ишларни тиқиштириб гапни олиб қочманг. Агарки, вақти келиб парламентга сизни ваколатларингизни қонун билан тартибга солишнинг имконияти берилса, халқ вакиллари халқ фикридан келиб чиқиб, қарор қилади. Бунга шубҳа қилманг!”, дейди Кушербоев.
Депутат компанияни халқ фикри билан қизиқмасликда айблаб, март ойида нархларни оширилиши бунга мисол қилиб кўрсатган. У компания тез ёрдам учун автомобилларни ҳам оширилган нархларда сотаётганини таъкидлган.
“Лекин ҳозир сизга халқ фикри қизиқмас. Агар қизиқ бўлганида март ойида қилган ишингиз – монопол бўла туриб бутун халқни норози қилиб автомобиль нархларини бунчалик оширмасдингиз, “тез ёрдам” учун Damas`ларингизни оширилган нархда халқингизга сотмасдингиз.
Сизга ҳомийлик қилмадинг, деб бошқа ишларни сўрамадик. Ким қўлидан нима келса қилаяпти, сиз эса қурбингиз етадиган жойида қаттиқлик қилаяпсиз”, дея компания автомобиллар учун имтиёзлар бермаётганига урғу берган.
Депутат ўзига қўйилаётган айбловларга қарамай ҳақиқатни айтаверишини, агар компания қўлидан келса, автомобиллар нархини тушириб, уни ёлғончига чиқариши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.
“Мени популист, нопрофессионал, ёлғончи, кўр, кар, гўл дейсизми ёки кимларгадир шикоят қиласизми фарқи йўқ. Мен Сиз ҳақингизда кўпчиликка маълум ҳақиқатни айтавераман: Сиз ичкарида барибир монопол ва номард иштирокчи сифатида қолаверасиз. Тўғри бу гаплар оғир, лекин ҳақиқат шу.
Агар гапим нотўғри бўлса қани эртагаёқ халқни норози қилган иш – автомобиль нархларини туширинг, сотилмай чириётган автомобилларни янаям арзон қилиб сотинг, ҳеч бўлмаса “тез ёрдам” учун Damas`ларингизни арзонлатинг, мен ёлғончи бўлай, розиман”, дейди депутат.
У қўлидан келганча одамларга ёрдам бераётганини, фойдалиш учун ҳаракат қилаётганини айтиб, компанияни фактларга эътибор қаратишга чақирган.
“Менга сайловчилар билан қандай ишлашни ўргатиш эса Сизгамас. Ҳар қалай Сиздан фарқли равишда мен имкониятим борича уларни рози қилишга ҳаракат қиламан, оғир кунида фойда қилишни ўйламайман.
Сўнггида маслаҳатим: аччиқ бўлса ҳам фактни факт билан енгади олди-қочди, жаҳл гаплар билан эмас. Буни пиарчиларингизга ҳам тушунтиринг!”
LiveБарчаси