Билиб-билмай озгина ошибсиз, опам – Ўзбекистонда Норбоевага атаб қўшиқ куйланди
Маданият-санъат
−
10 Декабрь 2021
76696Ўзбекистонлик хонанда Шоҳужаҳон Бозоров мамлакат Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг “свет” ва газ ўчиши тарихга айлангани ҳақидаги гапларига жавобан қўшиқ куйлади. У ушбу қўшиқни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали эълон қилди.
Қўшиқ аввалида Танзила Норбоеванинг шу йил октябрь ойида Президент сайлови олдидан Media hall’да ўтган учрашувлардан бирида “Умуман олганда, “свет” ўчиш, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик – бу беш йил олдинги тарих эди. Ҳозир бунақанги тарих, Худога шукур, ҳаммаси бартараф қилинди”, деган гапи янграйди.
Хонанда қўшиқ аввалида Танзила Норбоевага кўзни очиб, мамлакатни кезишни, одамлар дардига қулоқ осишни, ҳақиқий аҳвол билан танишишни тавсия этади.
Қанийди, бу гаплар амалда бўлганда,
“Свет”-газ энг чекка қишлоқда ёнганда.
Ғўдайган баъзилар патроқни кўрганда,
Халқ кутган беш йиллик бу эмас, опам.
Кўз очиб юртингиз бир кезинг, опам.
Қонунлар ҳаммага бирдек ишласа,
Порахўр жазодан дағ-дағ титраса.
Мусофирим четдамас, ватанда тишласа,
Мақтанишга озгина шошибсиз, опам.
Билиб-билмай озгина ошибсиз, опам.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда нарх-навонинг кескин ошиб бориши, хусусан ёқилғи маҳсулотлари нархининг кўтарилиши каби муаммолар ушбу қўшиқдан ҳам ўрин олган.
Нарх-навони кўриб, дод дегинг келар,
Бунга ечим борми, айтинг, ким билар?
Ўқиган иш излаб, тентираб юрар,
Борини борича гапиринг, опам.
Етар, энди кулишга ор қилинг, опам.
Депутат, журналист сиз синиб қолманг,
Юрт отаси сиз билан изланиб толманг.
Эй ватанпарварлар, назардан қолманг,
Уйғонсак, бу беш йил зўр бўлади.
Ватанни еганлар хор бўлади!
Эслатиб ўтамиз, хонанда Шоҳужаҳон Бозоров қўшиқлари билан сиёсий масалаларни биринчи марта тилга олаётгани йўқ. Бундан аввал унинг мамлакат ташқарисидаги мухолифатчиларга атаб куйлаган қўшиғи ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлганди.