Бетховеннинг ўлимига нима сабаб бўлгани айтилди
Маданият-санъат
−
11 Май
18238Тарихда ўзининг классицизм ва романтизм жанридаги мусиқалари билан ном қолдирган немис бастакори Людвиг ван Бетховен ҳақидаги янги тадқиқотлар у нима учун 20 ёшида кар бўлиб қолгани ва ўлимига сабаб бўлган омилларга аниқлик киритди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, бастакор айни навқирон – 20 ёшида эшитиш қобилиятини йўқотишдан ташқари, умри давомида ошқозон-ичак касалликларидан азият чеккан, икки марта сариқ касал хуружини бошдан кечирган ва оғир жигар хасталигига чалинган.
Бетховен 56 ёшида жигар ва буйрак касалликларидан вафот этган, деб ишонилади. Аммо унинг кўплаб соғлиғи билан боғлиқ муаммоларига нима сабаб бўлгани шу кунгача жумбоқ эди.
Халқаро тадқиқотчилар жамоаси қарийб ўн йил олдин Бетховеннинг соч ўримлари ёрдамида унинг ўлими сабабини ўрганишни бошлади. 2023 йил март ойида эълон қилинган ҳисоботда Бетховеннинг ўлимидан олдин жигар касаллиги ва гепатит Б инфекцияси генетик хавф омили қайд этилганди. Аммо натижалар унинг 20 ёшида бошланган карлигининг асосий сабаблари ёки ошқозон-ичак муаммолари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.
Жорий йилнинг 6 май куни “Clinical Chemistry” журналида чоп этилган янги ҳисоботга кўра, ижодкорнинг соч ўримлари таркибида қўрғошиннинг юқори концентрациясидан ташқари, мишяк ва симоб аниқланган.
2007 йилда Вена тиббиёт университети суд тиббиёти маркази директорининг истеъфодаги ўринбосари Кристиан Рейтер Бетховенга тегишли узун сочлар намунасини ўрганиб, унда қўрғошин миқдори юқори эканлигини аниқлаган ва қўрғошин бастакорнинг кар бўлишига ва унинг ўлимига олиб келган бўлиши мумкинлигини айтган.
Тадқиқот муаллифлари қўрғошин билан заҳарланиш Бетховеннинг ўлими ёки карлиги учун ягона сабаб бўлолмаслигини таъкидлаган. Аммо заҳарланиш унинг кар бўлиб қолиши, мушаклар фалажлиги ва буйрак етишмовчилигини бошдан кечиришига сабаб бўлган.
LiveБарчаси