“Бесоқолбозлик талаби ортида сиёсий мақсадлар турибди”. Аброр Мухтор Алий билан ЛГБТ ҳақида очиқ суҳбат
Интервью
−
24 Март 2021
34983Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқинда расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиқди. Ушбу масала айни вақтда кенг жамоатчилик, депутатлар, дин вакиллари томонидан муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев халқаро ташкилотнинг ушбу талабини бемаънилик деб атаб, бу жирканч ҳолатга рухсат берилгани миллатнинг ўлганини англатишини айтиб чиқди.
Орадан кўп ўтмай, блогерлар орасида Кушербоевга қаршилар ҳам топилди ва халқаро ташкилотнинг талабини маъқуллади. Масалага эса дин вакиллари ҳам қўшилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий ушбу мавзуда QALAMPIR.UZ билан мулоқот қилиб, ўз эътирозларини очиқ-ойдин баён этди. Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Эксклюзив интервьюда Аброр Мухтор Алий қуйидаги фикрларни илгари сурди:
• Қадимда бундай одамлар (бесоқолбозлар)га жуда оғир жазолар берилар эди. Амир Олимхон даврида бундай одамлар қопга солиниб, минорадан ташлаб юборилар эди. Ҳозирга даврда эса уларга миллат ўлароқ ҳеч бўлмаса виждоний жавобимизни беришимиз керак бўлиб қолди. Зарурмас эди, аммо ҳужумга учрадик.
• Нима учун миллатнинг ичига бу мавзуни олиб кириб, трендга чиқариб ва трендда туришини таъминлашяпти? Чунки, ҳозир ўзбек миллати оёққа туриш бўсағасидалигини инкор қилиш имкони қолмади. У мухолифат бўлсин, у ички ё ташқи кучлар, хоинлар бўлсин, нима деса, ўша муаммоси ҳал қилиниб, бажариляпти. Сўз эркинлигими, виждон эркинлигими, диний ва иқтисодий ислоҳотлар, хуллас нима сўралса, бўляпти. Тўғри, муаммолар етарли. Уларнинг ечимига эса радикал уринишлар давом этяпти. Бу эса мухолифларнинг тинчлигини бузди. Шунинг учун бундай мавзуларни трендга олиб чиқишяпти.
• Бу жирканч маънавий жиноятни қилаётганлар ўзини наслий касалликка чалинган сифатида кўрсатяпти. Улар баҳона қидиряпти. Ваҳоланки, бу маънавий жиноятни жисмоний ирсий касаллик экани ҳақида бирорта илмий тадқиқот йўқ. Бу борада манаман деган мутахассис билан тортишишга тайёрман. Бу кайфу сафога ўчлик. Буни генетик касаллик сифатида ҳеч ким эътироф этолмайди. Бундай ишлар Лут алайҳиссаломнинг қавмида бўлган. Унгача бундай жирканчлик тарихда кузатилмаган. Агар бу бугун айтилаётганидек генетик касаллик бўлса, Лут алайҳиссаломдан олдинги қавмларда ҳам бўлиши керак эди. Бу жиноятга мойиллик, пала-партиш ҳаёт, кайфу сафо ортидан қувиш.
• Миллатимиз жинсий тарбияни мактабдан бошлайлик деган фиркни инкор этди. Чунки, ота-оналар бу масалаларни фарзандларига Ислом тарбиясининг ичида андиша, шарқона маданият ва ҳаё пардаси билан ўргатар эди. Бу ҳамма билан муҳокама қилинадиган иш эмас.
• Жамиятда Ислом одоби одамларни ўта соғлом муҳитда тарбия қилади. Буни орқада қолганлик, маданиятсизлик, қишлоқилик каби тақдим қилаётганлар бизнинг миллатимиз саодатини кўзлаётганлар эмас. Бугун биздан жирканч мақсадларини сўраётганлар аниқ айтаманки, сиёсий мақсаддаги одамлар. Бундан кўзланган мақсад шу: миллат пароканда бўлса, ахлоқи чўкса, одамлари тамомила ахлоқ нормаларидан мосуво бўлса, кейин бу миллатни хоҳлагандек бошқариш мумкин. Чунки бу инсон табиатига мутлақо зид ва соғлом ақлли одамлар буни қабул қилмайди. Ислом тарбияси ўта маданий шаклда ҳар замон, ҳар даврда ўта етук инсон бўлишини таъминлайди. Етук инсон ҳар соҳада мутлақо комил бўлади. Шу нуқтайи назардан бир ўғил болани оилада ота бўладиган ёки қиз болани она бўладиган этиб тарбиялаш ҳам етуклик. Ҳозир шу жиноятга рухсат берган жамиятларда оналик ва оталик мақоми ўз мавқеини йўқотган.
• Менга бир қиз изоҳ ёзди: бизда мана шундай ишларга рухсат берилмаган ва шунинг учун ҳам ривожланмаганмиз. Қани айтингчи, бу жиноятга рухсат бериб, ким ривожланди? Ривожланишнинг асл пойдевори таълимда. Биз бу пойдеворни тўғри қўйсак, ривожланаверамиз. Бугун бундайларга рухсат берган мамлакатлар ҳозирги кунда жар ёқасида турибди. Бу инкор қилиб бўлмайдиган факт. Никоҳ масалада бутун дунё мусулмонларга ҳавас қилади. Дунёда энг кўп туғилаётган мусулмонлар.
• Нимага фақат мусулмон ўлкаларида урушлар бўляпти? Бунинг ортида турган кучлар бошқа йўл билан мусулмонларни қира олмайди. Чунки мусулмонларни СПИД билан ўлдириб юборай деса, улар зино қилмайди. Шариатда гиёҳвандлик ҳаром дейилган, унга муккасидан кетмайди. Мусулмонларни уруш орқали бир-бирига қирдириш йўли билан уруш ўчоқларини ясашяпти. Бу жуда глобал масала ва бесоқолбозлик мавзусидан нега бу мавзуга ўтяпсиз, деб сўраганларга жавобим шу: бу масалалар бир-бирига силсилавий боғлиқ. Бугун бизга ЛГБТ (бесоқолбозлик)ни тарғиб қилаётган одамлар шу орқали бошқа босим ўтказмайди, деб ким кафолат беради? Шу боис ривожланишни иддао қилиб бизнинг ғашимизни келтиришмасин. Пулингиз кўп бўлса ҳам сиз бизчалик бахтли бўла олмайсиз.
• Улар демократия, инсон ҳуқуқларии рўкач қилиб, инсон эркинлиги, матбуот эркинлиги ҳам сеҳрли сўзлар билан бу жиноятни халқнинг ичига тиқишмоқчи.
LiveБарчаси